БИЗНИНГ ИЧАКЛАРИМИЗДА ҚАНДАЙ БАКТЕРИЯЛАР ЯШАЙДИ ВА УЛАР НИМА УЧУН КЕРАК?

БИЗНИНГ ИЧАКЛАРИМИЗДА ҚАНДАЙ БАКТЕРИЯЛАР ЯШАЙДИ ВА УЛАР НИМА УЧУН КЕРАК?

Бактериялар танамизга қаердан келади?
Аввалдан, одамнинг ичида бактериялар бўлмайди - улар танамизга ташқаридан киради. Бу туғилишдан олдин содир бўлади. Бактерияларнинг биринчи колониялари ҳомилага йўлдош, қоғоноқ сувлари ва киндик қони орқали ўтади. Бола туғилгандан сўнг, она сути орқали кирган микроорганизмлар, унинг ичакларини фаол равишда колонизация қила бошлайди. Ва икки ярим ёшга келиб, ноёб микрофлора (уни микробиота ёки микробиома деб ҳам аталади) шаклланади. Микрофлора  - бу ўз эгаси (яъни одам) билан ўзаро манфаатли ҳамкорликда яшайдиган бактериялар, замбуруғлар ва вируслар жамоаси хисобланади.


Шу тариқа инсон танаси жуда кўп миқдордаги микроорганизмлар учун «уй» га айланади. Вазни 70 килограмм бўлган одамда тахминан 38 триллион бактериялар яшаб, уларнинг тури 1000 тадан ортади. Бу бактерияларнинг аксарияти йўғон ичакда яшайди. Негаки бу ичак шиллиқ қаватида биз истеъмол қилганда тушиб турадиган етарли миқдорда озуқа моддалар ва кўпайиш учун қулай иссиқ ва нам шароит мавжуд.
Микрофлоранинг таркибига инсоннинг овқатланиши, турмуш тарзи, ёши, антибиотиклар ва дорилар қабул қилиши, генетикаси ва саломатлиги таъсир қилади. Турли мамлакатлардаги одамлар микрофлораси бир-биридан фарқ қилади. Ҳаёт давомида микрофлора жуда барқарор бўлиб, аммо у ўзгариши хам мумкин.

Ичак микрофлораси нима учун муҳим?
Бактериялар ичакларда шунчаки яшамайди: биз микроорганизмларимиз билан ўзаро манфаатли муносабатларга эгамиз. Улар кўпайиш учун иссиқ ва қониқарли жой олишади ва биз эса овқат ҳазм қилишда ажойиб ёрдамчига эга бўламиз. Шу сабабли баъзи олимлар микрофлорани алоҳида орган деб ҳисоблашади.

Бактериялар овқатни ҳазм қилишга ёрдам беради

Бизнинг ошқозон-ичак трактимиз биз истеъмол қилган ҳамма махсулотларни тўлалигича ҳазм қилишга қодир эмас. Айнан бактериялар айрим мураккаб бирикмаларни оддийроқларгача парчалай олади. Масалан, полисахаридлар (целлюлоза, лактоза) осон ҳазм бўладиган ёғ кислоталарига айланади. Бактериялар, шунингдек, глюкоза ва липидларни ҳазм қилишга ёрдам беради, шунингдек, сафро (ўт) кислоталарини ўзлаштиради.

Бактериялар айрим витаминларни синтезлайди

Озиқ-овқат қолдиқлари билан озиқланган ҳолда, бактериялар ўзларининг ҳаётий фаолияти маҳсулоти сифатида фойдали моддалар ишлаб чиқарадилар. Масалан, B1, B2, B5, B6, B7, B9, B12 витаминлари, К витамини ва никотин кислота.
Бу элементлар танамиз учун жуда фойдали. В12 ва В9 қон айланиш ва иммунитет тизимини ривожлантириш учун муҳим бўлса, К витамини қон ивишига таъсир қилади ва хаказо.

Бактериялар бизнинг иммунитетимизга таъсир қилади

Микрофлора танамизни ҳимоя қилиш учун махсус оқсиллар ишлаб чиқиб, улар доимо қон оқими бўйлаб харакатда бўлади.  Вирусларнинг тарқалишини олдини олувчи иммуноглобулин ва микробларга қарши пептид оқсиллари шулар жумласидандир. Шунингдек микрофлора томонидан лимфа тизимининг ривожланишига ҳисса қўшувчи ва ичак ички шиллиқ қаватининг ҳолатига таъсир қилувчи моддалар хам ажралиб чиқилиб, улар ичаклардаги патоген организмларни қонга ўтишига тўсқинлик қилади.

Микрофлора бизга зарар етказиши мумкинми?
Ҳа, чунки ичакларда зарарли бактериялар хам яшайди. Улар фойдали бактериялар билан доимо қулай муҳит учун «фойдали ҳамкасблари» билан рақобатлашадилар ва турли моддалар ишлаб чиқарадилар.
Носоғлом овқатланиш ёки антибиотиклар ичакдаги бактериялар мувозанатига салбий таъсир кўрсатиб, дисбактериоз ривожланишига сабаб бўлади, яъни зарарли микроорганизмлар баланси фойдали бактериялар миқдоридан ортиб кетади.
Натижада метаболик синдром ривожланади: семизлик, юрак-қон томир касалликлари, 2-турдаги диабет, гиперлипидемия (қонда холестерин миқдори ортиши), целиакия (глютен ўзлаштира олмаслик), ичак яллиғланиши ва неврологик касалликлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, зарарли бактериялар томонидан ишлаб чиқарилган моддалар таъсирида йўғон ичак саратони, буйрак тошлари ва буйрак етишмовчилиги хам ривожланиши мумкин.


Бактериялар депрессия чақирадими?
Бактериялар депрессив бузилишни ҳам қўзғатиши мумкин, чунки ичак марказий асаб тизими билан кўп алоқага эга. Айрим тадқиқотчилар ҳатто бактериялар бизнинг хатти-ҳаракатларимизни бошқариши мумкинлигига ишонишади. Буни исботловчи бир нечта назариялар мавжуд. Масалан, бактериялар маълум токсинларни ишлаб чиқарадилар, уларнинг ёрдами билан кайфият, таъм ёки дайди нерв рецепторларига таъсир қилади. Бошқача айтганда бактериялар ўзлари хуш кўрган озиқ-овқатларга ўз эгасида иштиёқни келтириб чиқаради ва бунга эришгунга қадар бизни тушкунликка солади.

Ичак микрофлорасини қандай қилиб соғлом сақлаш керак?

Овқатланиш балансига риоя қилинг

Ичакдаги бактериялар сони ва уларнинг хилма-хиллиги бизнинг овқатланишимизга боғлиқ. Рационни ўзгартириш орқали биз бактериялар сонидаги номутаносиблик келтириб чиқарадиган салбий таъсирларни енгишимиз мумкин.
Энг мухими айрим маҳсулотлардан бутунлай воз кечмаслик керак, ва пархезни янада хилма-хил қилиш лозим. Бу ичакдаги микрофлоранинг соғлом мувозанатини сақлайди. Натижада, инсон максимал даражада фойдали моддаларни олади ва юқорида санаб ўтилган касалликларни ривожланиш хавфи камаяди.

Бактериялар сизга миннатдорчилик билдириши учун олигосахаридлар тутувчи махсулотлар истеъмол қилинг. Масалан, дуккаклилар, пиёз, қушқўнмас (спаржа), ҳиндибо (цикорий). Шунингдек, диетангизга сабзавотлар, мевалар, донли махсулотлар  ва клетчаткага бой овқатларни қўшинг. Бу махсулотларда мавжуд бўлган дағал толаларни бизнинг танамиз ҳазм қила олмайди, аммо бактериялар уларни ўзлаштиради.

Баъзи маҳсулотларни суистеъмол қилмаслик хам яхшироқдир. Спиртли ичимликлар, чой ва қаҳва, шўр овқатлар, шулар жумладандир. Баъзи шакар ўрнини босувчилар хам зарарли хисобланади. Масалан, сукралоза, аспартам ва сахарин микрофлора хилма-хиллигини камайтиради.

Шифокор рецептисиз антибиотикларни қабул қилманг

Антибиотиклар фойдали микроорганизмлар сонини кескин камайтириб, ичакларнинг соғлиғига салбий таъсир қилади. Туғилгандан кейинги биринчи йилларда инсон микрофлораси айниқса заифдир. Масалан, антибиотикларни қабул қилган болаларда сурункали яллиғланишли ичак касаллиги, Крон касаллиги ривожланиш хавфи ортади. Ностероид яллиғанишга қарши препаратлар хам ичак микрофлорасига салбий таъсир этади. Шунинг учун, ҳар қандай таблеткаларни ичишдан олдин, шифокор билан маслаҳатлашиш яхшироқдир.

Имкон қадар, чақалоғингизни олти ойгача эмизинг.
Айнан хаётининг биринчи йилида болаларда ичак микрофлорасини асосий қисми шаклланади. Кўкрак сути билан боқиш боланинг катта ёшга борганда дуч келиши мумкин бўлган соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни олдини олади.  
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болаларни хеч бўлмаса 6 ойгача кўкрак сути билан боқишни тавсия қилади. Кейин икки йилгача қўшимча овқатларга ўтиш мумкин.  Она сути билан бирга бола керакли озиқ моддалар ва бактерияларни олади ва унинг микрофлораси янада хилма-хил бўлади. Бу иммунитет мустаҳкамланганлигини англатади.


www.gepamed.uz