ЭНДОМЕТРИОЗ. ТУРЛАРИ. БЕЛГИЛАРИ. АСОРАТЛАРИ.

ЭНДОМЕТРИОЗ. ТУРЛАРИ. БЕЛГИЛАРИ. АСОРАТЛАРИ.

Эндометриоз – бу бачадоннинг шиллиқ қавати (эндометрий) ни унинг чегарасидан ташқарида патологик ўсиб кетиши бўлиб, тухумдонда, бачадон найларида, бачадоннинг мускул қаватида, сийдик пуфагида, қорин пардада, тўғри ичак ёки бошқа аъзоларда ўрнашиб қолиши билан характерланади. Бунда эндометриоид парчалари (гетеротопийлар) ушбу аъзоларда ўсиб, худди бачадон шиллиқ қаватининг хайз циклидаги фазалар каби циклик ўзгаришларни бошдан кечиради. Бу ўзгаришлар оғриқ, зарарланган аъзонинг катталашуви, гетеротопийдан хар ойда қонли ажралмаларнинг келиши, хайз циклининг бузилиши, сут безларидан турли ажралмаларнинг келиши ва бепуштлик билан намоён бўлади.

Эндометриоз гинекологик касалликларни учраш частотаси жихатидан эндометрит ва бачадон миомасидан кейин учинчи ўринда туради. Эндометриоз кўп холларда репродуктив ёшдаги аёлларда, яъни 25-40 ёшда (27%), камроқ 12-15 ёшли қизларда (10%) ва климактерик даврдаги аёлларда (2-5%) учрайди.
 
Эндометриознинг синфланиши.
Эндометриознинг кўриниши унинг жойлашувига боғлиқ. Локализациясига кўра эндометриознинг генитал ва экстрагенитал турлари фарқланади.
Генитал эндометриозда – гетеротопийлар жинсий аъзолар тўқималарида жойлашиб, тухумдон кисталари, хайз цикли бузилиши ва бепуштликка сабаб бўлади.  
Экстрагенитал эндометриозда – репродуктив аъзолардан ташқарида: ичакларда, киндикда, ўпкада, буйракларда, ташрихдан кейинги чандиқларда жойлашади.


Генитал эндометриознинг қуйидаги турлари фарқланади:
•    перитонеал эндометриозда - эндометриоид гетеротопийлар тухумдонлар, бачадон найлари ёки чаноқ қорин пардасида жойлашади.
•    экстраперитонеал эндометриозда – гетеротопийлар ташқи жинсий аъзолар, қин, бачадон бўйинчасининг қин қисми ёки ректовагинал тўсиқчада жойлашади.
•    ички эндометриоз (аденомиоз) да – гетеротопийларнинг бачадонни мускул қаватида пайдо бўлиши кузатилади ва бунда бачадон шарсимон шаклда катталашади.

Эндометриоз сабаблари.
•    Имплантацион назария. Бунда хайз пайтида хайз қонининг эндометрий бўлаклари билан бирга ретроград холда бачадон найлари орқали қорин бўшлиғига тушиши ва маълум бир шароитларда ички аъзоларга ўрнашиб олиб тўлақонли циклик фаолият кўрсатиши кузатилади.
•    Бачадон найларининг тузилиш хусусияти.
•    Иммунодепрессия.
•    Ирсият.
•    Хирургик муолажалар (кесар кесиш, эрозияларни куйдириш).
•    Аборт.

Эндометриоз белгилари
•    Чаноқ сохасидаги оғриқ (учраш частотаси 16-24%). Оғриқ айрим бир нуқтада ёки тарқоқ бўлиши, хайз кунлари ёки доимий бўлиши мумкин.
•    Альгодисменорея – хайз циклини оғриқлиги ва бузилиши (учраш частотаси 40-60%) – эндометриозда дисменорея киста бўшлиғига қон қуйилиши, ундаги босимни ортиши, бачадон қон томирларини спазми ёки эндометриоз ўчоқларидан оқаётган қон хисобига қорин пардани таъсирланиши натижасида кузатилиши мумкин.
•    Жинсий алоқадаги дискомфорт ва оғриқ (диспареуния).
•    Катта ва кичик хожат пайтидаги оғриқлар.
•    Меноррагия – хайзни узоққа чўзилиши ва кўп келиши (учраш частотаси 2-16%). Бачадон миомаси ва тухумдонлар поликистози билан бирга келади.
•    Постгеморрагик анемия ривожланиши. Холсизлик, тери ва шиллиқ қаватларни оқариши, уйқучанлик ва бош айланиши билан кечади.
•    Бепуштлик (25-40%).

Эндометриоз асоратлари.
•    Чандиқли жараёнлар - эндометриоздаги қон қуйилишлар кичик чаноқ ва қорин бўшлиғи аъзоларида спайкали жараёнларни келтириб чиқаради.
•    Эндометриоид кисталарни шаклланиши – улар «шоколадли кисталар» деб хам аталиб, бепуштликка сабаб бўлади.
•    Неврологик бузилишлар – нерв стволларини эзилиши натижасида ривожланади.
•    Анемия (камқонлик).
•    Малигнизация - эндометриоз ўчоғини саратонга айланиб кетиши.


© www.gepamed.uz