Қориннинг чап қовурға ости сохасида, чап биқинда ва чап бел чохасида, чап ёнбош сохасида оғриқлар нима сабабдан ривожланишини билишдан олдин бу сохаларда қайси аъзолар жойлашганини билиш лозим.
Қориннинг чап қисмида қайси аъзолар бор.
• Хазм аъзолари — ошқозон, ошқозон ости бези.
• Ажратув тизими – буйрак.
• Жинсий аъзолар – аёлларда чап тухумдон ва ортиқлари.
• Иммун тизими — талоқ.
Уларнинг хар бири оғриқ сабабчиси бўлиши мумкин. Қуйида уларнинг хар бирига тўхталамиз.
Ошқозон
Ошқозон оғриқлари 4-қовурғалараро оралиғида, яъни киндикдан юқорида, чапда қовурғалар остида жойлашади. Оғриқ хроник гиперацид (юқори кислотали) гастритда – даврий ва кучсиз бўлади, чап қовурға остида тортишиб оғрийди. Беморда зарда бўлиш кузатилади. Кислоталилиги паст (гипоацид) гастритда қовурға остида оғирлик хисси, қоринни шиши кузатилиб, оғриқ овқат еб бўлган захоти бошланади. Бемор шунингдек кекиришга шикоят қилиши мумкин.
Ошқозон ярасида оғриқ деярли юрак ости сохасида жойлашиб, зирқираб ва симиллаб овқат егандан 1-1,5 соат ўтгач оғрийди.
Ўн икки бармоқли ичак яраси оғриқлари ошқозон яраси оғриқларига нисбатан кучлироқ бўлиб, овқат егандан 1,5-2 соат ўтгач бошланади. Бунда оғриқ чап қовурға ости бўйлаб сезилади.
Ошқозон ёки ўн икки бармоқли ичак яралари тешилганда оғриқ кескин, ханжарсимон бўлиб, оғриқ шокини хам келтириб чиқариши мумкин.
Ошқозон ости бези
Ошқозон ости бези овқат хазм қилишда қатнашадиган шира ажратиб чиқаради. Унинг шамоллаши (панкреатит) да шира таркибидаги ферментлар активланиб, ошқозон ости безини ўзини зарарлайди. Бунда оғриқлар чап қовурға ости сохасида, киндикдан чапда ва бел сохасида жойлашиши мумкин. Оғриққа қўшимча кучли, чўзилган ва ўтиб кетмайдиган кўнгил айниши, ахлатда деярли парчаланмаган овқат қолдиқларининг бўлиши ва ич сурилиши кузатилади. Панкреатитдаги оғриқлар ошқозон яраси оғриқларидан фарқли равишда овқат истеъмол қилгандан сўнг бироз камаяди. Хроник панкреатитда без ўлчамларининг катталашуви хисобига оғриқ киндик атрофида, «қуёш чигалида» жойлашади. Ўткир панкреатитда эса чап курак ва елкагача узатилиши мумкин.
Ингичка ва йўғон ичак.
Ичак бир неча қисмдан иборат. Чап томонда пастга йўналган чамбар ичак ва сигмасимон ичак жойлашаган. Шунга кўра оғриқ чап қовурға ости ва белда бўлса – чамбар ичак, чап ёнбош сохасида бўлса – сигмасимон ичак зарарланган бўлади.
Ичак оғриқлари овқат истеъмол қилгандан 2-3 соат ўтгач пайдо бўлиб, киндик пастида жойлашса, бураб, мижиб оғриса, даврий равишда (хар 2-3 дақиқада) такрорланиб турса ва бунда ич келишининг бироз сурилиши кузатилса – ингичка ичак яллиғланган хисобланади. Агар оғриқлар чап ёнбош ва қовурға остида жойлашса, доимий ва ачишиб оғриса, ич қотиши ва қориннинг дам бўлиши билан кечса – йўғон ичак яллиғланган бўлади.
Чап буйрак
Буйрак оғриқлари бел сохасида кузатилиб, улар мускул толаларини спазми натижасида хосил бўлади ва шунинг учун иссиқ ванна ёки енгил массаж орқали бу оғриқларни йўқотиш мумкин. Буйрак оғриқлари сийишга бўлган хохишнинг тез-тез кузатилиши, сийдик ажратиш пайтида дискомфорт ва ачишиш хисси, буйрак ўз фаолиятини етарли бажара олмаётган пайтларда оёқ ва қўллардаги шиш билан бирга келиши мумкин. Буйракдан туз ёки тош кўчганда оғриқ чап ёнбош ёки қувуқ сохасига узатилиб, асосан эрта тонгда (сахарда) пайдо бўлади. Бунда оғриқ хуружидан сўнг бир марталик сийдик рангининг қизариши мумкин.
Чап тухумдон ва ортиқлари
Гинекологик оғриқлар кўп холларда ичак оғриқлари билан алмаштирилади. Улар қорин пастида ва қов устида жойлашади.
Бачадондан ташқари хомиладорликда оғриқ бошланиши енгил бўлиб, тезда кучаяди, оралиқ ва бел сохасига узатилади, хомиладор аёлнинг холати борган сари ёмонлашиб, кучли хуружли оғриқ, қон босимининг кескин тушиши натижасида бош айланиши кузатилади. Бу жаррохлик ташрихини талаб қилади.
Чап тухумдон ёки ортиқлари яллиғланганда чап ёнбош сохасини тортишиб оғриши кузатилади. Бунда албатта субфебрил иситма, жунжикиш ва бошқа гинекологик шикоятлар хам бўлиши шарт.
Талоқ
Талоқнинг шамоллашида унинг ўлчамларини катталашуви, қўшни аъзолар: ошқозон, ингичка ва ўн икки бармоқли ичакнинг сурилиши ва босилиши натижасида оғриқлар пайдо булиши мумкин. Талоқ яллиғланганда оғриқ чап қовурға ёйи остида жойлашиб, чап курак ва чап ўмровга узатилиши мумкин. Талоқнинг травматик оғриқлари – кучли, кескин бўлиб, танада кўкаришларнинг пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Шамоллашда оғриқ доимий зирқираган бўлади. Жигар касалликлари оқибатидаги портал гипертензия хисобига талоқ кескин каттайганда эса, тиқилиб, осилганга ўхшаб, доимий оғрийди.