БЎҒИМЛАРНИ ДАВОЛАШНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛЛАРИ

БЎҒИМЛАРНИ ДАВОЛАШНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛЛАРИ

Бўғимларнинг шамоллаши кенг тарқалган касаллик. Тиббиёт арсеналида бўғимлар харакатини чегараланишига қарши, оғриқ ва шишларни бир зумда йўқотишни ваъда қилувчи кўплаб дориларни учратиш мумкин.
Шундай бўлсада хар бир конкрет бўғим патологияларини даволаш тактикаси, хар бир беморда индивидуал тарзда- беморнинг ёши, хаёт тарзи, ёндош хасталиклари ва ўзини қандай хис қилаётганини хисобга олган холда белгиланади. Қуйида шулар хақида сўз юритилади:

КОНСЕРВАТИВ ДАВО - бўғимларни дори воситалари ёрдамида даволаш. У оғриқни йўқотиш, яллиғланиш жараёнини тўхтатишга қаратилади. Медикаментоз даво тез таъсир этади. Бу унинг устун томони. Аммо касаллик хроник тарзга ўтган бўлса таблетка, укол ва малхам дорилар ёрдамида тўлақонли даволашнинг имкони бўлмайди. Уларни белгиланган миқдордан ортиқ қўллаш бир қатор ножўя таъсирларга олиб келади. Медикаментоз даво учун қуйидаги гурухдаги дори воситаларидан фойдаланилади:
1.    Ностероид яллиғланишга қарши воситалар (НПВС): уларга аспирин, ибупрофен, диклофенак, нимесулид, мелоксикам ва бошқалар кириб, учта таъсир эффектига эга: оғриқни қолдиради, тана хароратини туширади, яллиғланишни йўқотади. Бу препаратларни тартибсиз қўллаш ошқозон, буйрак муаммолари ва қон босимини ортиши билан асоратланиши мумкин.
2.    Қон томирларни кенгайтирувчи препаратлар: улар бўғимлар шиши ва деформацияси натижасида қон томирлар қисилиб, торайганда қўлланилади. Бу препаратларга пентоксифиллин, актовегин, эуфиллин ва липой кислотаси кириб, улар патологик ўчоқда қон айланишини яхшилаб, тикланиш жараёнини кучайтиради.
3.    Миорелаксантлар - (толперизон, баклофен, тизанидин ва бошқалар), улар бўғимлар деформацияси натижасида нерв толаларини қисилиши ва қўшни мушакларни чўзилиши натижасида оғриқ синдроми кучайганда, харакат чегараланганда буюрилади.
4.    Стероид гормонлари (гидрокортизон, дипроспан, целестон ва бошқалар) кучли  оғриқ синдромида, яллиғланиш жараёнининг қўзғалган даврида ва бошқа препаратлар фойда бермаётганида буюрилади. Барча гормонал препаратлар сингари стероидлар хам қисқа муддатларга малакали мутахассислар томонидан тавсия этилади.  
5.    Хондропротекторлар — тоғайни химояловчи препаратлар, таркибида хондроитин сульфат ва глюкозамин тутиб, тоғай тўқимасини синтезини таъминлайди. Натижада артроз, остеохондроз ва бошқа бўғим касалликлари йўқолади.

Препаратларнинг таблетка ва инъекция турларидан ташқари юқорида санаб ўтилган фармакологик гурухларнинг актив моддаларини тутувчи даво малхамлари ва кремлар хам тавсия этилади. Улар қўлланиши осонлиги ва салбий таъсирларини камлиги билан характерлансада, тери орқали етарлича сўрилмагани сабабли эффекти озроқ хисобланади.

Ноинвазив даво – уларга физиотерапия, кинезитерапия (харакат билан даволаш) ва диетотерапия киради.
ФИЗИОТЕРАПИЯ
1. Зарбали-тўлқинли терапия – кавитация эффектига асосланиб, бу маълум частотали динамик импульслар қон айланиш харакатини стимуллайди, суяк ва тоғай тўқимаси синтезини кучайтиради, бўғимларда минерал тузларни ўтириб қолиши ва ялллиғланишли битишмаларни ривожланишини олдини олади.
2. Миостимуляция – бу орқали бўғимни ўраб турувчи мушакларни бўшаштирилади, ёғлар эритилади ва оғриқ синдромини камайтирилади.
3. Фонофорез – ультратовушли терапиянинг бир тури бўлиб, махаллий таъсирловчи препаратлар билан қўлланилади. Бу бўғим регенерациясини кучайтириб, қон айланишини яхшилайди.
4. Озонотерапия – биринчи ўринда бўғимларнинг инфекцион касалланишида қўлланилиб, фаол кислород бунда зарарсизлантирувчи таъсир этади.

КИНЕЗИТЕРАПИЯ
Бўғими оғрийдиган беморларга жисмоний зўриқишлар тавсия этилмасада даволовчи жисмоний тарбия (ЛФК) кўплаб ортопедик беморларга тавсия этилади. Мунтазам равишдаги махсус методика асосида бажариладиган машқлар мускул корсетини мустахкамлайди ва харакат диапазонини кенгайтиради. Кинезиотерапияга қуйидагилар киради:
1.    Массаж ва мануал терапия – зарарланган бўғимларни чўзиш, бўғим бўшлиғини кенгайтириш, мускул ва бойламларини мустахкамлаш артроз ва артритларнинг барча даврларида бажариш мумкин.
2.    Механотерапия – махсус ортопедик тренажерлар ёрдамида бўғимлар харакатчанлиги таъминланади.
3.    Бўғимларни тортиш (вытяжение) – тракцион аппаратлар ёрдамида бўғимларга тушадиган механик босим камайтирилиб, уларнинг деформациясини олди олинади.

ДИЕТОТЕРАПИЯ
Овқатланиш режимини издан чиқиши моддалар алмашинувини бузилишига, оксил ва минераллар балансини ўзгаришига сабаб бўлади. Ундан ташқари ортиқча вазн бўғимларга ортиқча зўриқиш ва юкламалар беради.

БЎҒИМЛАРНИ ОПЕРАТИВ ДАВОЛАШ ТУРЛАРИ:
1. Бўғимларни пункцияси – махсус игна ёрдамида бўғим бўшлиғидан яллиғланиш суюқлиги олиб ташланиб, дори воситалари юборилади.
2. Артроскопик дебридмент – кичик кесимлар орқали бўғим бўшлиғидан некротик тўқималар олиб ташланиб, махсус дори воситалари билан бўғим бўшлиғи ювилади.
3. Бўғимолди остеотомияси – травматик усул бўлиб, бўғимни протезлаш мумкин бўлмаган беморларда бажарилади. Бу операция бўғим ичига ўсиб кирган суяк ўсимталарини эговлаш ва уларни харакатчанлигини яхшилашга қаратилади.  
4. Эндопротезлаш – йирик бўғимларда бажариладиган радикал усул бўлиб, издан чиққан бўғим ўрнига биологик жихатидан мос келувчи протез қўйилади.


ҚИЗИҚ МАЪЛУМОТ.
Сўнгги йилларда бўғим патологияларни даволашда плазмолифтинг усули қўлланилмоқда. Бунда патологик ўчоққа (бўғим бўшлиғига) тромбоцитларга тўйинтирилган пациентнинг ўз қони плазмаси юборилади. Бу «табиий дори» ножўя таъсирлар ва аллергик реакцияларни олдини олади, шишни йўқотади, бўғимлар регенерациясини кучайтиради, оғриқларни йўқотади.



www.gepamed.uz