БИОХИМИК ҚОН ТАХЛИЛИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

БИОХИМИК ҚОН ТАХЛИЛИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Биокимёвий қон тахлили нимага керак?
Биокимёвий қон тахлилини тананинг орган ва системаларини қандай ишлаётгани хақида маълумот беради. Бошқача айтганда жигар, буйрак, ошқозон ости бези ва бошқа аъзоларни соғлом ёки йўқлигини айтади. Бундан ташқари, биохимик қон тахлили қондаги глюкоза даражаси, моддалар алмашинуви холати, тананинг нормал ишлаши учун зарур бўлган витаминлар, микро- ва макро элементлар, гормонлар, ферментлар миқдори хақида маълумот беради. Бу тахлилни текшириш учун  нахорга (овқатланишдан 8-12 соат вақт ўтгач) венадан бир неча миллилитр кон олинади.

Биокимёвий қон кўрсаткичларига нималар киради?
Билхимик қон кўрсаткичларини бир неча гурухга бўлиш мумкин. Булар: глюкоза, оқсиллар фракцияси, липид спектри, жигар ва буйрак тахлиллари, электролитлар баланси ва витаминлар хисобланади.

Глюкоза

Ёки қондаги қанд миқдори - тана ҳужайралари учун энергия манбаи ҳисобланади. Қондаги қанд миқдори турли гормонлар (масалан, инсулин) ва ферментлар билан тартибга солади. Қонда қанд миқдорини ўзгариши (ортиши ёки тушиши) эндокрин безлар ёки сийдик ажратиш тизимида муаммо борлигини англатади.

Оқсиллар
•    Албумин. Бу жигар томонидан ишлаб чиқариладиган оқсил бўлиб, қон плазмасининг ўртача 60% албуминдан иборат. Унинг ортишини сувсизланишда (кўп миқдорда қайт қилиш ва ич кетишида), инфекцион касалликарда, куйишда ва ревматоид артритда кўриш мумкин. Аксинча, очлик  ёки нотўғри овқатланиш, ошқозон ичак тракти касалликлари, юрак етишмовчилиги ва қон кетишда альбумин миқдори камаяди.
•    Умумий оқсил. Бу қонда альбумин ва глобулин оқсилларини суммар концентрацияси хисобланади. Умумий оқсил миқдорини ортишини ёмон сифатли ўсмаларда, аутоиммун ва хроник яллиғланиш касалликларида ва ошқозон ичак касалликларида кузатилади.  Умумий оқсил миқдори ОИТС ва қандли диабетда, жигарнинг токсик зарарланиши ва циррозида камайиб кетади.  
•    Махсус (специфик) оқсиллар. Бу қон оқсилларининг алоҳида гурухи бўлиб, уларнинг даражасининг ўзгариши жиддий касалликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Махсус оқсилларга қуйидагилар киради:
   o    C-реактив оқсил (у организмдаги ўткир яллиғланиш жараёни ҳақида сигнал беради),
   o    ферритин (темирнинг нормал сўрилиши учун зарур оқсил),
   o    миоглобин (мушакларни, шу жумладан юрак мускулини кислород билан таъминлайди,
   o    ревматоид омил (инфекцион, мускул ва қўшувчи тўқималар, аутоиммун ва онкологик касалликлар фонида ишлаб чиқариладиган антитаначалар хисобланади).

Липидлар
Қонда липидлар спектрини 3 та тури фарқланади:
Юқори зичликдаги липопротеинлар – улар «яхши холестерин»  деб аталиб, қондан зарарли моддаларни олиб ташлайди ва уларни жигарда парчаланишига ёрдам беради, моддалар алмашинувида қатнашади.
Паст зичликдаги липопротеинлар - «ёмон» холестерин бўлиб, улар қон томирларда ёғ бляшкалари (атеросклероз) ҳосил бўлишига олиб келади ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.
Умумий холестерин - «яхши» ва «ёмон» холестеринларнинг йиғиндиси хисобланади.

Жигар синамалари  -  уларга жигарнинг функционал холатини белгилаб берувчи ферментлар: АлАт, Асат, билирубин ва ишқорий фосфатаза киради.
•    Аланин аминотрансфераза (АлАТ). Аминокислоталар алмашинуви учун зарур бўлган жигар ферменти. Жигар тўқимасининг зарарланишида ва жигар хужайраларини некрози (ўлиши) да қонда бу ферментнинг миқдори ортиб кетади.
•    Аспартат аминотрансфераза (АсАТ). Бу фермент миқдорини ортиши нафақат жигар зарарланишида, балки юрак мускули, кам холларда буйраклар ва скелет мускуллари шикастланишида хам кузатиш мумкин.
•    Умумий билирубин. Бу гемоглобин парчаланганда ҳосил бўладиган тўқ сариқ-сариқ рангли пигментдир. Одатда билирубин заҳарли ҳисобланади, шунинг учун нормада у жигар томонидан танадан мунтазам равишда чиқарилиб туради. Аммо гемоглобиннинг фаол равишда парчаланиши ёки жигар функциясининг бузилишида бу жараён секинлайди ва қонда билирубин пигменти даражаси кескин кўтарилади. Натижада терининг ва шилиқ қаватларнинг (кўз оқларини) сарғайиши кузатилади.
•    Ишқорий фосфатаза. Бу фермент фосфор алмашинувида иштирок этиб, унинг миқдорини кўпайиши ҳам жигарда  муаммо борлигини англатади.

Буйрак тестлари
•    Креатинин. Бу мушакларда ҳосил бўлган чиқинди маҳсулоти хисобланиб, одатда у буйраклар орқали қондан чиқариб турилади.  Креатинин даражаси ортиши буйраклар фаолияти бузилганини англатади.
•    Сийдик кислотаси – у жигарда ҳосил бўлиб, буйраклар орқали қондан чиқарилади. Бу кислота миқдори ортиши ёки тушиши буйракларда ва организмда моддалар алмашинувида муаммо борлигини англатади.
•    Мочевина. У хам жигарда оқсиллар парчаланишидан хосил бўлиб, буйраклар орқали қондан чиқарилади. Унинг ортиши буйрак коптокчаларида фильтрация жараёнини пасайганини англатади. Бу асоратланган қандли диабетда, буйрак усти бези гормонал етишмовчилиги ва узоқ давом этувчи иситмада кузатилади.  


Анорганик моддалар (минераллар, электролитлар) ва витаминлар
•    Кальций - организмдаги энг муҳим минераллардан бири. Усиз мушаклар, нервлар ва юракнинг нормал ишлаши мумкин эмас. Бундан ташқари, у суякларнинг ривожланиши ва тикланиши учун жавоб беради.
•    Натрий - нерв импульсларини узатиш учун жавобгардир ва кальцийни сўриб олишга ёрдам беради.
•    Магний – у хам натрий каби, у нерв импульсларини узатишда фаол иштирок этади.
•    Хлор - танадаги суюқлик миқдорини тартибга солиш ва организмда кислота-ишқор мувозанатини сақлашга ёрдам беради.
•    Калий - юракнинг нормал ишлаши учун жуда муҳим микроэлемент.
•    Темир - у гемоглобин таркибига кириб органлар ва тўқималарга кислород етказиб беришга жавоб беради.
•    Фосфор - асаб, мушак ва суяк тизимлари учун мухим хисобланади.
•    Фолий кислотаси - танадаги жуда кўп жараёнларда иштирок этади - аминокислоталар ва глюкозанинг сўрилишидан тортиб, то қон ишлаб чиқаришгача.
•    Витамин В12 - у қизил қон таначалари - эритроцитлар ишлаб чиқариш учун зарурдир.

Биохимик қон тахлили қандай ўқилади?
Буни Сизни қон тахлилига юборган хар бир врач билиши керак. Аммо биохимик тахлилга кўплаб омиллар таъсир этади. Масалан қонда глюкоза миқдорини ортиши диабет олди холати ёки қанд касаллиги мавжудлигни англатади. Аммо ёдда тутинг тахлил топширишдан олдин шакар чой ёки кофе ичиш хам глюкоза миқдорини ортишига сабаб бўлади. Бошқа мисоллар хам мавжуд. Жигар синамаларини ортиши доим хам гепатит ёки жигар циррози мавжудлигини англатмайди. АлАТ ва АсАТ миқдори бактериал инфекцияга қарши антибиотикларни олиш натижасида хам, ёки бошқа препаратлар хисобига хам ортиши мумкин. Мочевина миқдорини камайиши буйрак фаолияти пасайганини англатади. Бу холатни шунингдек, етарли даражада овқатланмаслик ва қатъий пархезга ўтганда хам кузатиш мумкин.
Хулоса чиқариб айтганда биохимик қон тахлили хулосасига Сизни назорат қилаётган врачгина бахо бериши мумкин. Мустақил равишда улар хақида фикр юритиш ва айниқса бу асосида даво чораларини белгилаш нотўғри хисобланади.
 
www.gepamed.uz