ВАКЦИНАЦИЯ ёки ЭМЛАШ – бу бир қатор инфекцион касалликларга сунъий иммунитет хосил қилиш хисобланади. Бунда одам организмига инфекция қўзғатувчиларини кучсизлантирилган ёки ўлган биоматериали ёки ушбу микроорганизмларнинг синтезланган оқсили юборилади. Вакцинация сўзи лотинча vaccus - қорамол сўзидан олинган.
Вакциналарнинг таъсир механизми.
Организмга вакцина препарати юборилгандан сўнг 5-7 суткаларга бориб махсус антителолар - иммуноглобулинлар хосил бўлиб, зарарли микробларни аниқлаб ўлдиришни бошлайди. Ушбу антителолар сони эмлашнинг 20-22 суткаларига бориб, максимал кўрсаткичга етади ва аста секин камайиб йўколади. Лекин бу антителоларнинг бир қисми қондаги В- ва Т-лимфоцитларда сақланади. Улар иммунологик хотира хужайралари бўлиб, ўзларида касаллик ва унга қарши кураш хакидаги ахборотни сақлаб қолади. Организмга микробларнинг навбатдаги хужуми вақтида В ва Т лимфоцитларда аввалгидан хам кўп микдорда антителолар ишлаб чиқарилиши хисобига, касаллик тезроқ ва осонроқ бартараф этилади.
Қискача айтганда вакцина иммун системанинг патоген қўзғатувчига қарши табиий реакциясини бошлайди, лекин буни ўзи идора қила оладиган масштабда бошқаради. Вакцинация орқали иммунизация қилишнинг фойдали томони – эмлашлар касалликлардан сўнг турли хил асоратлар келиб чиқишини олдини олади. Бизга маълумки хар қандай инфекцион жараёндан сўнг бир қатор аъзолар: бу йрак, юрак, жигар, асаб ва харакат таянч системалари фаолиятига путур етиши кузатилади.
Вакцинация турлари ва календари.
16 ёшгача бўлган болаларнинг мажбурий эмлашлари сони бўйича АҚШ да 15 та касалликка қарши, Европа мамлакатларида - 12 та, Россияда -10 та ва Узбекистонда - 12 та инфекцияга қарши вакцинация олиб борилади. Ўзбекистон вакцинация календарига 6 та вирусли касаллик: қизамиқ, қизилча, тепки, полиомиелит, гепатит В, ротавируслар; ва 6 та бактериал касаллик: сил, бўғма, кўк йўтал, қоқшол, пневмокок ва гемофил инфекция қарши эмлашлар ўрин олган.
Маълум вакциналарни якка холатда (моновакцина), айрим вакциналарни бир бирига қўшган холатда эмлаш мумкин (поливакцина). Масалан, АКДС- кўк йўтал, бўғма ва қоқшолга қарши вакциналар аралашмасини тутади.
Бир қатор вақциналар биринчи мартадаёқ иммунитет хосил қилса, айримларини тўлақонли иммунитет шакллантириш мақсадида қайта-қайта юборилади. Бу холат ревакцинация деб аталиб - илгариги эмлашлар натижасида хосил қилинган иммунитетни турғун ушлаб туришга асосланади.
Чақалоқлар биринчи вакцинасини туғилганнинг биринчи куниёқ олиб, бунда гепатит В вирусига қарши эмланади. Шунингдек туғруқхонанинг ўзида чақалоқлар силга қарши эмланади. Инсоннинг хаёти давомида олиши керак бўлган эмлашлари кетма-кетлиги жадвалда келтирилган.
Жадвалда кўрсатилгандан ташқари дастур бўйича 16-17 ёшли қизлар бачадон бўйинчаси ракини чақириши мумкин бўлган папиллома вирусига қарши, катта ёшдаги одамлар 26 ва 46 ёшида бўғма ва қоқшолга қарши (АДС- М) эмланиши керак.
Вакцина олишга қарши кўрсатмалар қуйидагилар:
• Маълум бир вакцинага илгариги эмлаш натижасида кузатилган аллергик реакциялар;
• Вакцинанинг айрим бир компонентига аллергияни мавжудлиги (масалан, товуқ тухуми оқсилига нисбатан);
• Баланд иситма;
• Ревматик касалликлар ва оғир гипертония.
Вакцинациядан кейин учраши мумкин бўлган асоратлар:
• Махаллий реакциялар – гиперемия, эмланган жойда тўқималар шиши;
• Умумий реакциялар – иситма, диарея;
• Специфик асоратлар – келлоид чандиқ, лимфаденит, остеомиелит, БЦЖ дан кейинги тарқоқ инфекция;
• Носпецифик асоратлар – шиш, цианоз, крапивница, аллергик реакциялар, протеинурия, гематурия.
Қўшимча вакциналар.
Дастурга киритилмаган эмлашлардан ташқари яна бир қатор вакциналар хам мавжуд бўлиб улар эпидемиологик кўрсатмалар асосида қилинади. Жумладан, мактаб ёшига етган болалар учун болалар учун гепатит А га қарши, маълум бир инфекция (грипп) эпидемиясида шу инфекцияга қарши эмланади. Экзотик мамлакатларга отланганлар учун шу регионда мавжуд булган инфекцион касалликларга қарши эмлаш мумкин. Тиббиёт арсеналида туляремия, чума, бруцеллез, куйдирги, қутуриш, кана энцефалити, қорин тифи, ку-иситмаси, лептоспироз ва ёки герпес каби вирусларга қарши вакциналар мавжуд бўлиб, зарур бўлганда эмлаш мумкин.
ОПВ – Вакцина полиомиелитная пероральная
ХИБ - Гемофильная инфекция типа Б - Haemophilus influenzae type b.
БЦЖ – Бацилла Кальметта Герена - Bacillus Calmette-Guérin.
АКДС - Адсорбированная коклюшно-дифтерийно-столбнячная вакцина
MMP – Корь, краснуха, паротит - тривакцина: measles, mumpus, rubella
© https://t.me/gepamed_ultra