МИГРЕНГА ҚАРШИ ТАБЛЕТКАЛАР БОРМИ

МИГРЕНГА ҚАРШИ ТАБЛЕТКАЛАР БОРМИ

Турли оғирлик даражасидаги мигрень аёлларнинг 25% ида ва эркакларнинг 10% фоизида учрайди. Ушбу касалликдан қутулиш ҳақида гапиришдан олдин, унинг ривожланиш механизмларини тушуниш керак. Мигрень – шунингдек вегетатив-қон томир пароксизми деб хам аталиб, унинг сабаблари қон томир тонусининг бузилиши билан боғлиқ. Мигрень хуружи мия пардаларига келувчи артерияларнинг аввал торайиб, кейин кенгайиши натижасида ундаги оғриқ рецепторларини таъсирланиши оқибатида келиб чиқади. Олимлар халигача нимага бундай бўлишини аниқламаган бўлсада мигреннинг ирсият орқали узатилишини топишган.

Мигренни ким даволайди? Албатта невролог. Агар сизда такрорий бош оғриши ҳужумлари кузатилса, бошнинг бир қисмига таъсир қилса, оғриқ кучли ва пульсатив бўлса, оғриқ чакка ва кўз сохасига тарқалса, оғриқ бошни ҳаракатлантирилганда, ёрқин чироқлар, баланд товушлар ёки ўткир ҳидлар таъсирида кучайса - катта эҳтимол билан сизда мигрень бор ва сиз мутахассисга учрашингиз керак булади.

Кўп одамлар мигренни ўзлари даволашади: рецептсиз сотиладиган оғриқ қолдирувчи воситаларни қабул қилишади, дўстлари, қариндошлари маслаҳатига кўра ёки реклама қилинаётган дори воситаларини танлашади. Тўғри енгил кечувчи мигрень хуружларини шу тарзда енгиш мумкин, аммо бу фақат қисқа вақт мобайнида ёрдам беради, кейинча эса дорилар дозаси ва қабул қилиш частотасини ошириш керак бўлади. Шифокор сизга мос келадиган дори препаратларини танлаши мумкин, чунки мигренни даволаш кўплаб омилларга боғлиқ: ҳуружларнинг ривожланиш тезлиги ва оғирлик даражаси, уларнинг частотаси ва давомийлиги, шунингдек, оғриққа ҳамроҳ бўлган кўринишлар.

Мигрень хуружларини бартараф этиш учун триптанлар - мигренни даволаш учун махсус препаратлар қўлланилади. Маҳаллий таъсир этувчи бош оғриғига қарши бошқа дори-дармонлардан фарқли равишда, триптанлар бир вақтнинг ўзида хуружнинг бир нечта омилларига таъсир қилади. Яъни:
1. Бош мия қон томирларига селектив таъсир этади (пульсатив оғриқни йўқотади ва бунда триптанлар бошқа қон томирларга таъсир қилмайди);
2. Бош мия пўстлоғидаги рецепторларига таъсир этади (яллиғланиш ва оғриқни келтириб чиқарувчи моддаларнинг ажралишини камайтиради);
3. Уч шохли нерв рецепторларига таъсир этиб, уларда оғриққа сезувчанликни камайтиради..

Триптанлар қон томирлар деворини торайтирувчи (вазоконстриктор) хусусиятга эга, шунинг учун юрак-қон томир тизими касалликлари ва бош мияда қон харакати бузилиши билан кечувчи касалликлардан азият чекадиганлар беморлар ушбу дорилардан эҳтиёт бўлишлари керак. Триптанларни антибиотиклар, вирус ва замбуруғга қарши дорилар, шунингдек антидепрессантлар билан биргаликда қўллаш тавсия этилмайди.

Мигрень хуружини бартараф этиш учун сиз аналгетиклар, ностероид яллиғланишга қарши дорилар, дигидроэрготаминларни ҳам қўллашингиз мумкин. Шифокорингиз шунингдек опиоид аналгетикларни ҳам буюриши мумкин. Оғриқ қолдирувчи воситаларни иложи борича тезроқ, ҳужумнинг энг бошида қабул қилиш керак, акс ҳолда улар ёрдам бермайди, ва аксинча, улар ҳатто оғриқ даврини узайтириши хам мумкин. Ҳуружлар кўнгил айниши ва қайт қилиш билан бирга келса, қусишга қарши препаратлар хам қўлланилади. Аммо дори танлаш жуда индивидуал хисобланади: битта беморга мос келадиган дори бошқа беморда умуман ишламаслиги мумкин.

Мигрендан тўлиқ халос бўлиш жуда қийин: статистик маълумотларга кўра, беморларнинг фақат 10 фоизи ҳуружлардан бутунлай халос бўлиши мумкин. Аммо ҳеч нарса қилмасдан оғриққа чидаш ҳам нотўғри. Шунинг учун, навбатдаги ҳужумни тўхтатиш билан бирга, касалликнинг янги ҳужумларини олдини олиш учун барча чораларни кўриш керак.

Одатда мигрень хуружларидан олдин конкрет вазиятлар (мигрень учун хавф омиллари) кузатилади. Улар қуйидагилар:
• стресс, рухий-эмоционал зўриқиш;
• оғир жисмоний фаоллик, жисмоний чарчоқ;
• об-ҳавонинг ва атмосфера босимини ўзгариши;
• физиологик (гормонал) ўзгаришлар даври: балоғатга етиш, ҳайз кўриш, ҳомиладорлик, менопауза, гормонал контрацептивлар ёки эстрогенлар ичиш;
• уйқуни етишмаслиги ёки ортиқчалиги;
• хаво етишмаслиги, кислород етишмаслиги ёки аксинча, унинг ортиқчалиши (масалан, табиатда, ўрмонда);
• ёрқин милтилловчи ёруғлик, безовта қилувчи товушлар, ўткир ҳидлар (парфюмерия, косметика);
• спиртли ичимликлар, айниқса, қизил вино (шароб), кока-кола, қаҳва (кофе);
• оч қолиш;
• баъзи овқатларни истеъмол қилиш.

Озиқланишга келсак, мигрень ҳуружи кўпинча шоколад, пишлоқ, цитрус мевалари, ёнғок, колбаса ва банан истеъмолидан кейин ривожланади. Эътиборли тарафи, ҳар бир мигрень касаллигидан азият чекувчининг ўзига хос «мигрень тўплами» - мигрень келтириб чиқарувчи омиллари мавжуд. Шунинг учун, хавф омилларидан қочишга ва мигрень ҳуружининг ривожланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилиш яхшироқдир, лекин агар у бошланган бўлса, зудлик билан оғриқни бартараф этиш учун тегишли дори-дармонларни қабул қилиш керак.

Мигрень билан оғриганлар учун яна бир нечта маслаҳатлар. Кундалик режимга риоя қилинг: кунига 24 соат ишламанг, куннинг маълум бир вақтида овқатланинг, ҳар куни камида бир соат тоза ҳавода юринг, уйқу режимини тўғриланг (ойна ёки деразани очиб ухлаш жуда фойдали). Кимларгадир бошни массажи ёрдам беради: бу икки қўл билан пешонадан бошнинг орқа қисмига қадар амалга оширилади. Ва мигрень профилактикаси учун яна бир восита - бу мунтазам жинсий алоқа. Гап шундаки, жинсий алоқа пайтида серотонин ишлаб чиқариш кескин ошади, айнан унинг етишмовчилиги мигрень ҳуружларини келтириб чиқаради.

www.gepamed.uz