ЖИГАР ЯЛЛИҒЛАНИШИДА ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАР КУЗАТИЛАДИ?

ЖИГАР ЯЛЛИҒЛАНИШИДА ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАР КУЗАТИЛАДИ?

Жигар организмда бир қатор мухим вазифаларни бажаради. Жумладан, моддалар алмашинувини бошқаради, гормон ва ферментларни синтезлайди, токсинларни нейтраллайди, овқатларни хазм қилишда қатнашади. Бу вазифаларни бажариш асносида у токсинлар, инфекциялар, вируслар ва бошқа омиллар таъсирига учрайди.  
Жигар патологияларида кузатиладиган объектив белгилар унинг қайси фаолиятини бузилганига қараб белгиланади.


СИМПТОМАТИКА

Масалан, жигарнинг қонни токсинлардан етарли даражада тозаламаслиги: умумий холсизлик, енгил жисмоний мехнатда хам тез толиқиш, иштахани бузилиши билан намоён бўлади.

Жигар ичи ўт йўлларида кузатиладиган зарарланишларда: тери ва шиллиқ қаватларни сарғайиши, терида қичишишни пайдо бўлиши, пешоб рангини тўқариши, ахлатни оқариши кузатилади.

Жигарни ўлчамларини катталашуви натижасида ўнг қовурға остида тўмтоқ (дистензион) оғриқлар хис қилиниб, у жигар капсуласини таранглашиши натижасида пайдо бўлади.   

Жигарни синтетик фунциясини бузилишида қонда тромбоцитлар миқдори тушиб кетади ва бу қон ивиши билан боғлиқ муаммолар: милклар ва бурунни қонаши, тана терисида турли сохаларда кўкаришлар кузатилади.  

Жигар зарарланиши учун хос белгиларга шунингдек, қўл ва оёқ кафтини қизариши, тананинг юқори қисмида терида томирли «юлдузчалар», пигмент доғлар, терини қуриши, терини оқариши, сочларни тўкилиши, тез таъсирланувчанлик ва уйқуни бузилиши каби белгилар киради.

Айтиб ўтилган симптомлар жигарни яллиғланиши ўткир ва классик кечгандагина кузатилади. Аммо амалиётдан маълумки жигар патологиялари 70% холларда яширин ва симптомсиз кечади.
Кўпинча беморлар ўз қонида гепатит В С Д вируслари мавжудлиги профилактик қон тахлиллари топширилгандагина аниқлаши мумкин. Гепатит вирусларини юқтиргандан кейин хам беморларда 10 йилгача жигар тўқимасининг ультратовушли манзарасида айтарли ўзгаришлар сезилмайди. Ультратовуш врачини фақат жигарнинг миқдорий параметрларини ўзгариши, спектрал допплерометрия кўрсаткичларидаги оғишлар ва талоқнинг катталигигина жигарни зарарланишига шубха уйғотиш мумкин.   


ХУЛОСА
Гепатологларнинг таъкидлашича жигарнинг диффуз патологияларида, айникса унинг хроник вирусли зарарланишида беморларда фақат 3 та клиник белги кузатилади. Уларга умумий холсизлик, ўнг қовурға ости сохасидаги оғирлик (тиқилиш хисси) ва кўриш ўткирлигини бузилиши (айниқса шом пайтида) киради.   
Бу белгиларнинг биринчи иккитаси жигарда хроник гепатит белгилари шаклланиб бўлганда ва унинг қотиши бошланганда (1 даражали фибрози) да кузатилса, кўриш ўткирлигини бузилиши жигарнинг фибрози 2-3 даражаларига ўтганда намоён бўлади.

Жигар фибрози тегишли даво чоралари ёрдамида ортга қайтариш мумкинлигини тан олган тақдиримизда хам аввало бу жараён мавжудлиги ва қайси босқичда эканлигини ташхислаш лозим. Бу вазифа эса замонавий диагностика усулларидан жигарни УЛЬТРАТОВУШЛИ ТЕКШИРУВИ + унинг қон томирларини ДОППЛЕРОМЕТРИЯСИ билан, ЭЛАСТОМЕТРИЯ ва ФИБРОСКАН текширувлари ёрдамида аниқланади.