БУЙРАК КИСТАЛАРИ НИМА?

БУЙРАК КИСТАЛАРИ НИМА?

Буйрак кистаси – бу буйракнинг паренхима қаватида ривожланувчи суюқлик билан тўлган бўшлиқли хосила хисобланади. Одатда буйрак кистаси яхши сифатли бўлиб, кўпинча якка холда учрайди ва УТТ да бошқа мақсадларда текширишлар вақтида аниқланади.

Буйрак кисталарини BOSNIAK бўйича таснифи

Буйрак кисталари кўпинча яхши сифатли бўлишига қарамасдан, уларнинг айримларига кучли эътибор қаратиш лозим. Bosniak таснифи бўйича буйрак кисталари 4 та категорияга бўлинади:
1-категория. Буйракнинг оддий яхши сифатли кисталари – УТТ, КТ ва МРТ да осонгина аниқланади. Улар хеч қандай клиник аломатлар бермайди ва уларни даволаш талаб этилмайди.
2-категория. Минимал ўзгаришли яхши сифатли кисталар – уларнинг 1-категориядаги кисталардан фарқи: киста ичида гиперэхоген нозик тўсиқчалар тутиши, киста девори ёки тўсиқчаларда кальций тузларини ўтириши хисобланади. Бундай кисталар ўлчами жихатидан 30 мм дан кичик бўлади, ёмон сифатли турга ўтмайди ва фақат динамик УТТ назорати остига олинади.      
2F-категория. Бўшлиғида кўплаб гиперэхоген тўсиқчалар тутувчи яхши сифатли кисталар. Киста девори ва тўсиқчалар йўғонлашиши мумкин. Улар девори ёки тўсиқчаларида албатта тугунча шаклидаги кальцинатлар тутади. Уларнинг юмшоқ тўқимали компонентлари бўлмагани сабабли контраст моддалар тутмайди. Бундай кисталар 30 мм дан катта бўлиб, назоратга олинади, операция қилинмайди.
3-категория. Номаълум сифатли ва малигнизация бериши (ёмон сифатли турга ўтиши) мумкин бўлган кисталар. Радиологик текширувда ноаниқ контурли тўсиқчалари йўғон ва кальций хисобига хар хил турдаги хосилалар аниқланади. Буйрак травмалари ва инфекцион касалликлари бўлмаганда уларни операция қилиш талаб этилади.
4-категория. Бунда кисталар катта ўлчамли, қирралари ноаниқ ва нотекис бўлади. Киста ичида юмшоқ тўқимали компонент аниқланиб, уларда контраст модда тўпланади. Бу барча белгилар кистанинг ёмон сифатли эканини англатади ва оператив даволанади.



Буйрак кисталари қандай хосил бўлади?
Кўпинча беморлар белдаги оғриқларга шикоят қилади, бу оғриқлар юрганда ва жисмоний юкламаларда кучаяди. Айрим беморларда сийдикда қон элементларини пайдо бўлишини кузатиш хам муммкин. Буйраклар қон босимини назорат қилгани сабабли артериал қон босимини турғун кўтарилиб, уни медикаментоз даво билан тушира олмаслик мумкин. Кистанинг катта ўлчамларида оғриқ синдроми беморларнинг тинч холатида хам кузатилиб, қоринда тушунарсиз хосилани пайпаслаш мумкин. Жуда кам холларда буйрак етишмовчилиги белгилари ривожланади.  
Буйрак кисталари буйрак поликистози билан қиёсланади. Поликистоз – туғма касаллик бўлиб, унда буйрак паренхимасида кўплаб турли ўлчамдаги кисталар аниқланади. Поликистоз аста-секин кучайиб боради ва клиник жихатидан оддий кисталар каби намоён бўлади.

Буйрак кисталарини ташхислаш
Хақконий натижалар олиш учун инструментал диагностика усуллари қўлланилади:
1.    Ультратовушли текшириш (УТТ);
2.    Контрастли компьютерли томография (КТ);
3.    Магнит резонансли томография (МРТ);
4.    Радиоизотоп сцинтиграфия (буйрак фаолиятини текшириш учун);
5.    Ангиография, урография;
6.    Умумий қон ва сийдик тахлиллари.

Буйрак кисталарини даволаш
1.    Буйрак кисталарининг кичик ўлчамларида ва уларда ёмон сифатли ўсма аломатлари бўлмаганда динамик назорат остига олинади;
2.    Катта кисталарда УЗИ назорати остида тери орқали пункция қилиниб, киста суюқлиги олинади (бунда кистага инфекция кириш хавфи юқори бўлади);
3.    Оддий катта ўлчамли кисталар лапароскопик усулда резекция қилинади.   
4.    Йиринглаган ва ёмон сифатли кисталар катта кесилиб даволанилади.

Буйрак кистларида ташрихга кўрсатмалар қуйидагилар:
•    Кистанинг қўшни аъзоларни босиб қуйиши натижасида юзага келган кучли оғриқ синдроми кузатилганда;
•    Киста хисобига сийдик оқимини бузилиши;
•    Кистани ёрилиш хавфи ёки ёрилишида;
•    Кистага инфекция қўшилиб йиринглаганда;
•    Қон босимини тушириш қийин бўлганда ва ёмон сифатли жараёнга гумон қилинганда.

Туғма поликистозларда операция қилинмайди ва бундай беморлар консерватив тарзда даволанади.

Www.gepamed.uz



Буйрак кистаси – бу буйракнинг паренхима қаватида ривожланувчи суюқлик билан тўлган бўшлиқли хосила хисобланади. Одатда буйрак кистаси яхши сифатли бўлиб, кўпинча якка холда учрайди ва УТТ да бошқа мақсадларда текширишлар вақтида аниқланади.