ЛИПОМА НИМА ВА УНИ ОЛИБ ТАШЛАШ КЕРАКМИ?

ЛИПОМА НИМА ВА УНИ ОЛИБ ТАШЛАШ КЕРАКМИ?

Тери остидаги юмшоқ тугунча хавфли эмас, аммо ташқи кўринишингизни косметологик жихатидан бузиши мумкин.

Липома нима?
Липома - бу тери ва мушаклар ўртасида жойлашган ёғ тўқимасининг яхши сифатли ўсмалари хисобланади. Липома ҳар қандай жойда пайдо бўлиши мумкин, лекин кўпинча қўлтиқ ости, бўйин, елка ёки танада пайдо бўлади. Кам холатларда липомани мушак ичида ёки ички органлар орасида учратиш мумкин. Статистик маълумотларга кўра, ҳар мингинчи одамда липомани топиши мумкин. Одатда бу якка тугун бўлади, одамларнинг атиги 20 фоизида липоманинг кўп тугунли тури ривожланади.


Липома қаердан пайдо бўлади?
Шифокорлар нима учун одам ёғ тўқималарида тугун ҳосил қилишини билишмайди. Бунга травма, аутоиммун касалликлар, гормонал бузилишлар ёки асаб патологиялари сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Баъзи тадқиқотчилар фикрича липома ривожланиши ирсий мойиллик билан боғлиқ ва 40-60 ёшдан кейин унинг ривожланиш хавфи юқори бўлади.

Шундай касалликлар хам мавжудки, уларда липома тез-тез кузатилади. Улар қуйидагилар:
• Деркум касаллиги - бунда одамнинг бутун танаси буйлаб кўплаб липома тугунчалари хосил бўлади.
• Гарднер синдроми – ирсий касаллик бўлиб йўғон ва ингичка ичаклар шиллиқ қаватида полиплар, бошқа ички аъзоларда эса яхши сифатли ўсмалар пайдо бўлади.
• Маделунг касаллиги – у асосан спиртли ичимликларни суиистеъмол қиладиган одамларда учраб, тананинг симметрик қисмларида липома тугунчаларини хосил бўлиши билан характерланади.

Липомани қандай аниқлаш мумкин?
Агар липома ички аъзоларда пайдо бўлган бўлса, унда одам ўзини нормал ҳис қилиши мумкин. Бундай ўсмалар кўпинча бошқа сабаб билан текширув пайтида, масалан УЗИ текширувида тасодифан топилади.

Липома тери остида жойлашганда қуйидагилар аниқланади:
•  Тугунча бевосита терининг остида жойлашади;
•  Пайпаслаганда тугунчалар юмшоқ ва бармоқ билан босилганда осонгина силжийди;
•  Ўлчамлари одатда 5 сантиметргача, баъзан ундан каттароқ бўлиши мумкин;
•  Одатда оғриқ бермайди. Аммо липома нерв ёки қон томирларга яқин жойлашганда уларни босиб ёқимсиз ҳис пайдо қилиши мумкин.


Агар шиш жуда тез ўсса ва у кучли оғриса – бу катта эхтимол билан липосаркома, яъни ёғ тўқимасининг ёмон сифатли ўсмаси (саратони) хисобланади. Липома ўзи ҳеч қачон саратонга айланмайди.

Агар липома пайдо бўлса, нима қилиш керак?
Агар танада юмшоқ шиш ёки тугунча пайдо бўлган бўлса, жарроҳга мурожаат қилиш яхшироқдир. У кўрикдан ўтказади, липосаркомага гумон қилса биопсия текширувига жўнатади. Олинган маълумотларга асосланиб, ташхис қўяди. Таблеткалар липомага ёрдам бермайди, ундан қутулишнинг иккита йўли мавжуд.

Липома қандай олиб ташланади?
Одамнинг ташқи кўринишига кучли таъсир этмаса - юмшоқ, оғриқсиз тугунни олиб ташлаш шарт эмас.  Акс холда икки хил жаррохлик усули қўлланади:
1.    Липосакция. Бу тугундан ёғ тўқимасини чиқариб ташлаш. Шифокор керакли сохани оғриқсизлантириб, махсус йўғон игна ёрдамида липоманинг таркибини олиб ташлайди. Ушбу усул катта ва кичик шишларда қўлланилади. Аммо бу усул ишончсиз ва бир мунча вақт ўтгач тугун яна ўсиши мумкин.
2.    Радикал операция. Махаллий оғриқсизлантиришдан кейин, тери эҳтиёткорлик билан кесилади, липома очилади ва унинг бўшлиғи ёғдан тозаланади. Кейин липома капсуласи олиб тозаланади ва яра тикилади. Бундай операциядан кейин бу сохада липома қайтиб пайдо бўлмайди. Аммо кейинча ўсма жойида кўкариш ёки чандиқ кўринишида ножўя таъсирлар кузатилиши мумкин.

www.gepamed.uz