ТУЗАЛИБ КЕТМАЙДИГАН КАСАЛЛИКЛАР РЎЙХАТИ

ТУЗАЛИБ КЕТМАЙДИГАН КАСАЛЛИКЛАР РЎЙХАТИ

Тиббиёт фанининг турли хил касалликларни ўрганиш ва даволашда ривожланганига қарамай, инсоният ҳали ҳам даволаниб бўлмайдиган касалликларга дуч келмоқда. Илмий кашфиётлар кўплаб касалликларга қарши курашишда ёрдам берди, аммо бугунги кунда буткул давоси бўлмаган касалликлар мавжуд.


Полиомиелит. Полиомиелит вирусини юқтирган одам умрининг охиригача ногирон бўлиб қолиши мумкин. Полиомиелит - бу юқумли вирусли инфекция бўлиб, марказий асаб тизимига таъсир қилиб, бир ёки иккала оёғини фалаж қилиши мумкин. Инфекция болдир ўсишини тормозлаши хисобига зарарланган оёқ деформацияланади. 5 ёшгача бўлган болаларда ушбу вирусли инфекцияни юқтириш хавфи юқори хисобланади. Полиомиелитга қарши эмлаш мавжуд бўлсада, у фақат инфекцияни олдини олишга ёрдам беради, аммо организм вирусни юқтирса, давоси йўқ.

Қандли диабет. Қандли диабет билан оғриган инсонлар қондаги шакар миқдорининг ўта юқори даражасидан азият чекишади. Сийдик ажратишнинг кўпайиши, доимий чанқоқлик, иштаҳани кучайиши, озиш ва чарчоқ диабетнинг энг кенг тарқалган аломатлари хисобланади. Қандли диабетда меъда ости безида шакарни бошқарувчи инсулин гормони етарли даражада ишлаб чиқарилмайди ёки организм инсулин таъсирига жавоб бермайди. Қандли диабет умр бўйи давом этадиган касаллик бўлиб, қатъий парҳез  талаб қилади. Агар диабет тўғри назорат қилинмаса, ўлимгача олиб келадиган турли хил асоратлар пайдо бўлиши мумкин.


Бронхиал астма. Астма - бу нафас олиш йўллари шишиб, нафас олиш муаммоларига олиб келадиган сурункали яллиғланиш касаллиги. Гарчи астмани тўғри даволаш орқали уни бошқариш мумкин бўлсада, батамом даволашнинг имконияти йўқ. Бронхиал астма аломатлари вақти-вақти билан кучайиб боради ёки яхшиланади, аммо бу яллиғланиш касаллиги ҳеч қачон тўлиқ йўқолмайди.


ОИВ-ОИТС. Бу иммунитет тизимини сезиларли даражада заифлаштирадиган вирусли инфекция. ОИВ билан касалланган одам билан ҳимояланмаган жинсий алоқа ОИТС юқтиришнинг энг кенг тарқалган сабабларидан биридир. Вирус инфекцияга қарши курашадиган асосий иммунитет ҳужайраларини йўқ қилади. ОИТСнинг ривожланиш жараёни секин кечади, аммо охирги босқичга келганда организмнинг ҳимоя механизми жиддий равишда бузилади, натижада одамлар иккиламчи инфекциялардан вафот этади.


Саратон . Саратоннинг ҳар хил турлари мавжуд, аммо барча ҳолатларда ўсма хужайраларининг ғайритабиий ва назоратсиз кўпайиши кузатилади. Ёмон сифатли ўсмалар организмдаги турли тўқима ва органларига тарқалиб, метастазлар ва кейинги асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Саратон касаллигини кимёвий терапия билан даволаш мумкин бўлсада, беморнинг касалликдан тўлиқ қутулишига кафолат йўқ. Агар саратон кечки босқичларда топилса, даволаниш фақат беморнинг умрини узайтиришга ёрдам беради.


Тумов. Респиратор вируси, албатта, ўлимга олиб келмасада, хозирда инфекцияни батамом даволайдиган препаратлар йўқ. Оддий шамоллаш ва бурун битиши, кўп акса уриш ва томоқ оғриқлари одатда икки ҳафтадан кўп давом этмайди. Дори воситалари фақат симптомларни енгиллатишга ёрдам беради, аммо вирусни ўлдирмайди. Шунинг учун, қандай дори ичишингиздан қатъий назар, ўткир респираторли вирусли инфекция ўртача 7-14 кун давом этади. Худди шу каби грипп вируслари ҳам конкрет давога эга эмас ва даволаш фақат касаллик белгиларини енгиллаштиради.


Эбола иситмаси. Асосан Африкада тарқалган Эбола вируси ҳозирги кунда энг хавфли инфекциялардан бири ҳисобланади, чунки маълум давоси йўқ. Вирус Африканинг турли ҳудудларида, жумладан Нигерия, Гвинея ва Либерияда яшовчи 10 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Касаллик юқори иситма, бош оғриғи, томоқ оғриғи, бўғим ва мушак оғриғи билан тавсифланади. Касаллик кучайганда ички қон кетиш пайдо бўлади, бу қонли диарея ва қон аралаш йўталишига олиб келади.


Тизимли қизил волчанка. Бу организмнинг иммун тизимини ўзига қарши курашиши билан кечадиган аутоиммун касаллик. Яъни иммунитет организмни патогенлардан ҳимоя қилишдан кўра, танадаги соғлом тўқималарга зарар етказа бошлайди. Бу тананинг турли қисмларида сурункали яллиғланишни келтириб чиқаради. Қизил волчанканинг асосий аломатлари ҳаддан ташқари чарчоқ, бўғим ва мушак оғриғи ва юзда ўзига хос тошма ҳосил бўлишидан иборат.


Ревматоид артрит. Бўғимларда ҳаракатланишни чегараланиши артритнинг энг кенг тарқалган аломатларидан биридир. Артритнинг аломатлари қўзиш ва ремиссия даврларига қараб ўзгариб туради. Оғриқлар безовта қилмаса ҳам, касаллик умр бўйи давом этади.


Альцгеймер касаллиги. Альцгеймер касаллигига чалинган одам аста-секин хотира фаолиятини йўқотади. Ундан ташқари, фикрлаш жараёни ва амалий кўникмалар бузилади. Альцгеймер касаллиги инсоннинг кундалик ҳаётини жиддий равишда бузадиган қайтарилмас ва прогрессив касалликдир.


Паркинсон касаллиги. Паркинсон касаллиги неврологик касаллик бўлиб, унда мушакларнинг ҳаракатини тартибга солувчи допамин ажратадиган нейронларнинг борган сари камайиши кузатилади. Натижада, одамлар бир-текис харакат қилишга қийналишади. Ҳаракатнинг секинлашиши ва титроқ - Паркинсон касаллигининг ўзига хос хусусиятлари. Беморлар умрбод допаминергик дорилар билан даволаниш керак бўлади.


Даволаш мумкин эмас деб ҳисобланадиган бошқа касалликлар хам мавжуд. Улар: герпес, вирусли гепатит, мохов, артериал гипертензия, фибромиялгия, Крон касаллиги.  Шуни таъкидлаш керакки, давосиз баъзи касалликлар мавжуд бўлсада, тўғри даволаниш ва соғлом турмуш тарзи билан, беморларда касалликнинг ривожланишини секинлаштириб, нормал ҳаёт кечиришда давом эттириш мумкин.


www.gepamed.uz