БОЛА НИМАГА ТЕБРАНАДИ ЁКИ ЯКТАЦИЯ ФЕНОМЕНИ ХАҚИДА?

БОЛА НИМАГА ТЕБРАНАДИ ЁКИ ЯКТАЦИЯ ФЕНОМЕНИ ХАҚИДА?

Яктация – бу асосан ёш болаларда кузатиладиган, бошни ёки бутун танани тартибсиз мувофиқлаштирилмаган чайқалиш кўринишидаги қўзғалиш хисобланади. Одатда бундай тебранишлар болада қониқиш ҳисси билан бирга келади ва бошқаларнинг уни таъқиқлаши боланинг норозилиги ва йиғлашига сабаб бўлади. Бошни тебраниши - бошнинг тез ритмик ҳаракатлари (эгилиш, айланиш) билан тавсифланади ва неврозли ёш болаларда, кўпинча ухлашдан олдин кузатилади. Яктацияни шунингдек, онгнинг аментив ва оғир делирий бузилишларида хам кузатиш мумкин.

Болалардаги яктация феномени оналарни ташвишга солади. Боланинг танаси ва / ёки бошини онгсиз равишда силкитаётганини пайқаб, ёш ота-она биринчи навбатда невропатологга мурожаат қилади. Аслида, бу тўғри - ҳар қандай тушунарсиз муаммо билан сиз мутахассисга мурожаат қилишингиз керак, аммо айрим вахимачи аёллар бу билан ўзларини хам, атрофидагиларни хам асабий ҳолатга келтирадилар.

Болаларда яктация сабаблари
Яктациянинг келиб чиқишида ташқи ритмик стимуляциянинг сурункали етишмовчилиги ва ҳаракатланиш фаоллигининг чекланиши алоҳида аҳамиятга эга. Яктация кузатиладиган болаларда туғилишданоқ сезги (сенсор) стимуляциясига бўлган эҳтиёж юқори бўлади, яъни улар тебраниш, ритм ва мусиқага алоҳида муҳаббат кўрсатадилар. Яктация психотравматик омиллар хисобига хам ривожланиб, уларга: болани онадан ажратиш ёки уни ёпиқ болалар муассасаларида (болалар уйларида) тарбияланиши киради.

Яктация ривожланишида шунингдек, оила аъзолари ўртасидаги зиддиятли муносабатлар, боланинг эмоционал ва жисмоний зўриқиши ҳам муҳим роль ўйнайди. Яктациянинг биринчи кўринишларини боланинг ҳаётий стереотипининг ўзгариши (тишларнинг пайдо бўлиши, ўтиришдан эмаклашга, эмаклашдан юришга ўтиш) даврида кузатиш мумкин. Бир қатор ҳолатларда яктация уйқу ритмини бузилиши билан бирга келади, бу ЭЭГ тадқиқотлари билан тасдиқланган.

Боланинг сенсор стимуляциясига бўлган юқори эҳтиёжининг энг кенг тарқалган сабаблари қуйидагилардир:
•    Чақалоқнинг эмоционал ноқулайликларни ҳис қилиши – уйқу билан боғлиқ муаммолар;
•    Бола тебраниши орқали мушакларнинг кучланиш даражасини мустақил равишда камайтиришга ҳаракат қилади;
•    Бола ўзининг вестибуляр аппаратини асосий харакат жараёнини ўзгартиришга тайёрлайди - эмаклашни ёки юришни бошлашни ўрганади;
•    Бола организмида Д витамини етишмовчилиги мавжуд - рахит касаллиги ривожланиши хавфи мавжуд;
•    Бола оғриқни енгиллаштирмоқчи бўлади, эҳтимол тиши чиқаётганидан азият чекаётган бўлиши мумкин;
•    Боланинг интракраниал босими юқори бўлиши мумкин - бола бош оғриғини камайтиришга харакат қилади;
•    Яктация боланинг онаси қорнидаги давридаги гипоксиясининг оқибати бўлиши мумкин.

Айтиб ўтилган сабабларнинг айримлари жиддий ва хатто хавфли хисобланиб, мутахассис маслахатини олишни талаб этади. Шунингдек, вахима қилмасдан болага энди ўрганган янги харакати ёқиб қолган бўлиши мумкинлигини хам инкор этиб қўйиш лозим.

Яктация белгилари
Яктация болаларнинг бармоқни сўриш каби кўпинча эрта болалик даврида учрайди. Одатда яктация - бу ўтирган ёки тик турган ҳолда бошни ёки танани олдинга ва орқага ёки икки ёнбошга чайқалиши кўринишига эга. Бола тик турган ҳолатда тебранганда албатта қўллари билан бешик ёки ўйин майдончаси (манеж) деворларини ушлаб туради.
Шуни таъкидлаш керакки, яктация содир бўладиган бола танасининг холати, асосан унинг харакат кўникмаларининг ривожланиш даражасига боғлиқ. Жумладан, ағдарилишни ўрганган 4-5 ойлик болачаларда, чайқалиш боланинг гох қоринга, гох орқаси билан ётиб олиши тарзида кечади.
Ярим яшар болачаларда яктациянинг ўзига хос шакли кузатилади. Яъни, болача боши ва товонига таяниб («курашчи кўприк» позаси) тебранади. Бу холатни тоник талваса белгиси – опистотонус билан фарқлаш керак бўлади.

Бола гавдасини кўтариб эмаклай бошлаганда тўрт оёқ холатида туриб танасини олдинга ва орқага қилиб тебраниши хам кузатилади. Яктациянинг асоратланган тури болани боши билан горизонтал ёки вертикал юзаларга уриши хисобланади. Бу кўпинча кўринадиган косметик нуқсонларга олиб келади (пешонанинг шиши, гематомалар ва бошқалар).
Кўпгина болаларда яктация мактабгача ёки эрта мактаб ёшида йўқолади.

Яктация қанчалик хавфли?
Эҳтиёткор оналар ўзларининг севимли болаларининг хатти-ҳаракатларидаги ҳар қандай ўзгаришларига эътибор қаратади ва шубҳасиз яктация белгилари уларни қўрқитади. Бундай ҳолда, неврологга мурожаат қилиш керак - мутахассис текширув ўтказади ва рефлектор чайқалишининг аниқ сабабини аниқлайди.

Бироқ, ортиқча шубхаланиш хам нотўғри, негаки 5 ойдан 8 ойгача бўлган кўплаб болаларда, айниқса ўғил болалар яктация феноменига мойил бўлади. Бундай ҳодисага эга бўлган бола кўпинча онанинг ҳаракатларини такрорлаб ўзини силкитишга «ёрдам беради». Тажрибали мутахассис боладаги ўзгаришларни мутлақо нормал эканлигини ва ёш ота-оналарни жуда қўрқитадиган холат, болада аутизм ёки ривожланишдан ортда қолиш каби муаммолар тахдид қилмаётганини айта олади.

Патологик одатларни даволаш
Яктация феноменини даволашнинг асосий усули - психотерапия. Энг эффектив усул: оилавий психотерапия, бола тарбиясини нормаллаштириш бўйича умумий чоралар ва оиладаги муносабатларни уйғунлаштирадиган бошқа усуллар самарали бўлади. Мактабгача ёшдаги болалар учун ўйин терапияси тавсия этилади.

Яктация одатларининг профилактикаси.
• Оилавий муносабатларни уйғунлаштириш;
• Тарбия услубини барқарорлаштириш, хар қандай ёндашувни юмшатиш;
• Бола билан ҳиссий яқинлик, унинг ҳиссиётларига қизиқиш;
• Бола билан ижодий фаолият турлари ва жисмоний машқлар бажариш.

www.gepamed.uz