АҚЛ ТИШИ НИМА ВА У ҚАЧОН ОЛДИРИЛАДИ?

АҚЛ ТИШИ НИМА ВА У ҚАЧОН ОЛДИРИЛАДИ?

Ақл тиши нима ва у нимага керак?
Соғлом одамда 32 та тиш бўлади деган ибора хаммага маълум. Аммо бу анчагина эскирган маълумот хисобланади. Аслида эса соғлом одамда 28 та тиш бўлади. Тўғри уларнинг сони 32 тагача етиши хам мумкин. Аммо бунинг учун рудиментар хисобланган яна 4 та тиш ўсиб чиқиши керак бўлади.

Инсоният тарихига мурожаат қиладиган бўлсак, бизнинг авлодларимиз хом гўшт, илдиз ва ўсимлик толалари кабиларни истеъмол қилиб келган. Шу сабабли уларнинг жағида тишлари юзаси кенгроқ бўлган ва тишлар сони 32 тани ташкил этган: 16 та тепада ва 16 та пастда.
 
Инсоният аста-секин термик ишлов берилган овқат махсулотларига ўтган сайин кенг жағ (моляр) тишларга бўлган талаб камая борган. Унлан ташқари бош мия хам катталашиб, жағ суякларини қисқаришига сабаб бўлган. Натижада жағ суяклари анча торайиб, энг орқада жойлашган учинчи моляр тишлар кераксиз бўлиб қолган. Замонавий инсонларда эса улар йўқолиб, рудиментар холатга келган.    

Кимлардадир рудиментар тишлар оғизда жой бўлмаса хам чиқишга харакат қилади. Одатда бу 17-25 ёшда – болалик даври тугагач кузатилади. Шу сабабли бу тишларни «ақл» тишлари деб аталади.

Ақл тишларини олдириш шартми?
Йўқ. Инсон организмида бундай рудиментар аъзолардан анчагина: масалан, дум суяги, аппендикс, қулоқларни харакатга келтирувчи мускуллар ва хаказо. Улар инсон хаётига тахдид солмаган тақдирда тиббиёт ходимлари уларга тегмасликни тавсия этади. Бу рудиментар аъзолар инсонга халақит бермаганда уларни олиб ташлаш фойдадан кўра кўпроқ зарар етказиши исботланган.
Ақл тишларига қуйидаги холатларда тегилмайди:
•    Улар соғлом бўлса ва ёқимсиз хиссиётлар келтириб чиқармаса;
•    Улар тўлалигича ёриб чиққанда;
•    Улар тўғри вертикал ўсганда, симметрик жойлашганда ва қўшни тишларни қисиб қўймаса;
•    Уларни кундалик тозалов қийинчилик туғдирмаганда;
•    Қўшни тишлар зарарланиб, улар кўприксимон протезлар учун керак бўлганда.

Ақл тишларини қуйидаги холларда олдирилади:
1. Ақл тишлари бор, аммо ёриб чиқа олмаганда
Оқибатда ақл тишлари милк ёки жағ суякларини босиб, шиш ва оғриқ чақиради. Ундан ташқари жағ тишларида бактериялар тўпланиб, милкларни яллиғланишини чақиради. Бу холат бошқа тишларни кариесига хам сабаб бўлиши мумкин.
2. Ақл тишлари етарлича ёриб чиқмаганда
Ақл тишларигача тиш чўткаси билан етиб бориш қийин. Бу холат уларни кариес ўчоқларига айланишига, оғриқ синдромига ва хатто қонни зарарланишигача олиб келади.
3. Ақл тишлари бурчак остида ўсиб чиққанда
Соғлом тишлар тик (вертикал) холатда ўсади (тиш илдизи пастга, тожи тепага қарайди). Жой етишмаслиги натижасида ақл тишлари милкларда айланиб қолади ва қийшиқ, горизонтал ёки тескари пастга қараб ўсиши мумкин. Бу хам ўз навбатида қўшни тишларни зарарланишини ва оғриқни келтириб чиқаради. Ундан ташқари ўзига жой бўшатиш мақсадида ақл тишлари ёндош тишларни суриб ташлайди ва бу бутун тиш қаторидаги прикусни бузилишига сабаб бўлади.
4. Ақл тишлари жағга сиғмай қолганда
Бу холатда нафақат қўшни тишлар, балки жағ суяги хам зарарланади. Ақл тишларининг юмшоқ тўқималар ва суякларга доимий таъсири натижасида нафақат стоматологик муаммолар, балки жағ суяклари ва бўғими касалликлари, синусит ёки неврологик бузилишлар хам кузатилади.


Ақл тиши қандай олинади.
Бу хирург стоматологнинг вазифаси. Агар сизнинг орқа жағингиз сохасида оғриқ ва дискомфорт кузатилса стоматолог бу холат айнан ақл тишлари хисобига эканига ёки ёндош тишлар кариеси мумкинлигига аниқлик киритади. Ақл тишлари холати, уларнинг жойлашуви ва тўғри вертикал ўсганлигигига аниқлик киритади.
Мураккаб патологиялар бўлмаганда ақл тишини олиб ташлашга бир-икки дақиқа кифоя қилади ва фақат махаллий оғриқсизлантириш талаб этилади холос. Жиддий ва асоратли холатларда эса седатив препаратлар ёрдамида бемор ярим уйқу холатига келтирилиб, керакли ташрих бажарилади.  
Ақл тиши олингандан сўнг тикланишга 5 кундан 2 хафтагача вақт кетади. Бу даврда стоматолог Сизга яллиғланишга қарши дорилар, оғриқ қолдирувчилар ва витаминлар буюриши мумкин.


www.gepamed.uz