ТИРНОҚДАГИ ОҚ ДОҒЛАР НИМАНИ АНГЛАТАДИ

ТИРНОҚДАГИ ОҚ ДОҒЛАР НИМАНИ АНГЛАТАДИ

Тирноқдаги оқ доғлар тиббиёт тилида – лейкохония деб аталади. Лейкохония кўпинча оқ нуқтасимон ёки чизиқча шаклидаги учраб организм учун айтарли хавф туғдирмайди ва фақат косметик дефект хисобланади. Айрим холларда эса у организмда яширин кечаётган жиддий патологиянинг белгиси бўлиши мумкин.

Лейкохония нима?
Соғлом зарарланмаган тирноқ яримшаффоф структурага эга бўлиб, тирноқ остидаги тери (ложа) га зич ёпишиб туради. Айрим пайтларда тирноқ пластинаси ва ложаси орасига хаво пуфакчаси кириб қолиб, тирноқнинг теридан ажралиши кузатилади. Натижада нуқтасимон ёки чизиқли шаклдаги доғлар хосил бўлади. Аммо савол туғилади, бу хаво пуфакчалари қайдан пайдо бўлади? Унинг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:    

1. Травма (шикастланишлар)
Бунда тирноқ пластинасини ёки унинг ўсувчи қисми (матрицаси) ни зарарланиши кузатилади. Шикастланишнинг сабаби кўпинча: тирноқларни ғажиш, асабийлашганда бармоқлари билан столга уриш, доимий маникюр, тирноқларига қаттиқ жисмнинг бехосдан ва кучли таъсири (масалан болға билан), тор оёқ кийими кийиш (оёқлардаги лейкохония сабаби).  

Шикастланиш таъсиридаги лейкохонияни аниқлаш осон. Улар одатда бир ёки бир нечта юмалоқ шаклдаги оқ доғлар бўлиб, тирноқда нотекис жойлашади. Тирноқ ўсган сари уларнинг силжиши ва аста-секин йўқолишини кузатиш мумкин.

2. Захарланиш ёки айрим дори препаратларини ичиш. Масалан:
•    Сульфаниламид препаратларини ичиш. Масалан, сепсис, тери ва сийдик йўлларидаги бактериал инфекцияни даволашда қўлланиладиган синтетик дорилар
•    Ўсма касалликларини даволашда қўлланиладиган химиопрепаратлар.
•    Оғир металлар қўрғошин ёки маргимуш билан захарланиш.
Бу холларда лейкохония оқ рангли узун чўзинчоқ шаклда бўлиб, тирноқнинг ўсувчи чизиғига нисбатан перпендикуляр жойлашади. Шу сабабли улар чизиқли (ёки кўндаланг) лейкохония деб аталади.  

3. Организмдаги тизимли ўзгаришлар
Организмдаги айрим аъзо ва тўқималарнинг фаолиятидаги бузилишлар тирноқлардаги чизиқли лейкохония кўринишида намоён бўлиши мумкин. Уларга қуйидаги касалликлар киради:
•    Темир танқис анемия;
•    Рух ва кальцийнинг етишмаслиги;
•    Буйрак касалликари;
•    Юрак етишмовчилиги;
•    Жигар касалликлари, шу жумладан цирроз;
•    Гипертиреоза – буқоқ бези фаолиятини кучайиши;
•    Ошқозон ичакда оқсиллар сўрилишини бузилиши;
•    Тери касалликлари: псориаз ёки экзема;
•    Тирноқнинг замбуруғли касаллигини эрта босқичлари.

Тирноқлардаги оқ доғлардан қандай қутулиш мумкин.
Кўп холларда кутишнинг ўзи кифоя – тирноқ ўсиб аста –секин доғлар ўзи йўқолади. Аммо кўндаланг лейкохонияда, айниқса чизиқли доғларнинг мунтазам пайдо бўлишида ва бир нечта бармоқдаги тирноқларда кузатилганда терапевтга учраш зарур.
Врач лейкохониянинг хақиқий сабабларини аниқлайди ва уни даволайди. Тизимли бузилишлар бўлса – асосий касаллик даволанади, дорилар хисобига бўлса – ичилаётган дори препаратига альтернатив дори воситаси танланади.  

Оқ доғлардан бир-икки кунда қутулишнинг имкони йўқ, бир неча хафта ёки ойлар кутишга ва тирноқ пластинасини табиий йўл билан янгиланишини кутишга тўғри келади.

Маълумот учун: Тирноқлар ойига ўртача 1,5-3 мм гача ўсади. Соғлом одамларда тирноқларнинг тўлиқ янгиланиши қўлда – 3-4 ойгача, оёқларда эса 9-12 ойгача давом этади.

Www.gepamed.uz