МАССАЖНИНГ ҚАНДАЙ ФОЙДАСИ БОР?

МАССАЖНИНГ ҚАНДАЙ ФОЙДАСИ БОР?

Массаж (уқалаш) бу соғломлаштирувчи муолажа бўлиб, соғ одамлар учун хам, беморлар учун хам яхши кайфиятни ушлаб туриш ва турли касалликларни олдини олиш учун буюрилади. Массажга қарши кўрсатма деярли йўқ ва уни катталарга хам, болаларга хам ва қарияларга хам бирдек буюриш мумкин.

Бошқача айтганда массаж – физиотерапевтик даволаш усули хисобланиб, организмнинг аъзо ва тўқималарига массажист қўли ёки махсус ускуна ёрдамида маълум миқдорда механик ёки рефлектор таъсир кўрсатиш хисобланади. Массажнинг кўламига кўра умумий ва махаллий турлари фарқланади.

Массаж 5 та босқичда бажарилади:

1.    Силаш – нагрузкага тайёрлаш;
2.    Соат стрелкаси йўналишида айланма харакатлар билан мускуллар зўриқишини йўқотиш;
3.    Тукиллатиш – кейинги нагрузкаларга тайёрлаш;
4.    Чимчилаш ва вибрацион харакатлар орқали эпидермисда қон айланишини яхшилаш ва регенерация жараёнини тезлатиш;
5.    Силаш (терини тинчлантириш).

Массажнинг мақсадига кўра қуйидаги қуйидаги турлари фарқланади:

•    Даволовчи массаж – орган ва тизимларнинг касалланиши ва шикастланишида функцияларини тикланишини тезлатади. Массаж таъсирида шишлар ва тўқималарга қон қуйилишлар осонроқ сўрилади, бўғимлардаги суюқликлар нормаллашади, оғриқ хисси камаяди, моддалар алмашинуви жараёнлари нормаллашади, тўқималар, бўғимлар ва мускуллар озиқланиши кучаяди, суяк қадоғи хосил бўлиши тезлайди, мускуллар контрактураси ва бўғимлар харакатчанлигини камайиши олди олинади.
•    Классик массаж – у елкалар, бўйин, умуртқа поғонаси ва думба сохаларини уқалашни ўз ичига олади. Сўнгра бемор елкаси билан ётади ва қорни, оёқлари, кўкрак қафаси ва қўллари массаж қилинади.
•    Тонусловчи массаж – хаётий тонус ва энергетик потенциални яхшилайди, диққат, хотира ва тафаккурни фаоллаштиради.
•    Бўшаштирувчи массаж – стрессни йўқотиш учун қўлланилиб, оғриқни камайтириш, бўшаштириш, ичаклар фаолиятини яхшилаш, қон ва лимфа циркуляциясини яхшилаш орқали токсинларни чиқариб ташлаш мақсадида бажарилади.
•    Спортсменлар массаж – чарчоқни йўқотиш, харакат таянч аппарати травмалари ва касалликларини профилактика қилиш, мусобақалар олдидан спортсменнинг жисмоний тайёргарлигини кучайтириш учун қилинади.
•    Болалар массажи ва гимнастика – болаларга кўпинча неврологик ва харакат-таянч аппарати касалликларда тавсия этилиб, мускуллар ривожланишини тезлатади, болани тинчлантиради, умумий холатини яхшилаб, ичиладиган дорилар миқдорини камайтиришга ёрдам беради.
•    Банкали массаж – шамоллаш касалликдарида: пневмония, бронхит, люмбаго, миозит, умуртқалар остеохондрози ва радикулитда тавсия этилиб, стерил махсус банкалар ёрдамида вакуум хосил қилиш – қон ва лимфа айланишини яхшилаш орқали тўқималарда моддалар алмашинуви интенсивлигини кучайтириш, кислород билан тўйинтириш билан характерланади.
•    Хомиладорлар учун массаж – хомиладорликнинг исталган муддатида табиий мойлар ёрдамида бажарилади. Мақсад - бўшаштирувчи таъсир этиш, елкалар, умуртқалар ва бошдаги оғриқни камайтириш, оёқ-қўллардаги шишларни йўқотиш, уйқуни яхшилашдан иборат.
•    Антицеллюлит массаж – бу аввалам бор терининг муаммоли участкалари – целлюлит сохаларига интенсив таъсир этиш бўлиб, массаж орқали эластин ва коллаген ривожланиши кучайтирилади, циркуляция яхшиланиб, табиий лимфодренаж тикланади, тери остидаги ёғ тўқималари миқдори камайтирилади. Целлюлитнинг эрта босқичларида массаж эффектив хисобланади.

Массажнинг терига таъсири:
•    Терини эластиклиги ва силлиқлигини оширади;
•    Тери ости клетчаткасидаги ёғлар миқдорини камайтиради;
•    Алмашинув жараёнларини кучайтиради;
•    Тери ва ёғ безларидан секретни чиқишини таъминлайди;
•    Терини эски эпидермис қаватидан тозалайди.

Массажнинг қон ва лимфа томирларига таъсири:
•    қон харакатини яхшилайди;
•    ички аъзолар ва юрак ишини енгиллаштиради;
•    лимфа томирлари ва веналарда димланишни йўқотади;
•    тўқималарда газлар алмашинувини яхшилайди.

Массажнинг бўғимларга таъсири:
•    бўғимлар харакатчанлигини яхшилайди;
•    қон айланишини кучайтиради;
•    бўғимлардаги чарчоқлик хиссини камайтиради.

Массажнинг мускул тизимига таъсири:
•    мускуллар тонуси ва эластиклигини таъминлайди;
•    мускулларнинг қисқарувчанлик фаолиятини яхшилайди;
•    иш унумдорлигини оширади.

Массажнинг нафас тизимига таъсири:

•    ўпкалар вентиляцияси ва газлар алмашинувини яхшилайди;
•    оксидланиш жараёнларини яхшилайди;
•    яллиғланиш жараёнларини сўрилишини таъминлайди.

Массажнинг асаб тизимига таъсири:
•    оғриқ синдромини камайтиради;
•    ички аъзолар фаолиятини яхшилайди;
•    тинчлантирувчи ёки қўзғатувчи таъсир кўрсатади.


© www.gepamed.uz