БУРУНДАН ҚОН КЕТСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

БУРУНДАН ҚОН КЕТСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

 Қуйида бурундан қон кетишини қандай тўхтатиш, доимий қон кетишларни нима қилиш кераклиги ва врачга қачон учраш лозимлиги хақида илмий асосланган маълумотлар берилади.

Бурундан енгил қон кетишларни қандай тўхтатиш мумкин.
Буруннинг енгил қонаши бирданига ёки енгил травмалардан сўнг бошланиши мумкин. Одатда улар унчалик хавф туғдирмайди ва бурун қонашини тўхтатиш учун қуйидаги харакатларни бажариш керак:
1.    Ўтириб олинг ва бошингизни тўғри тутинг. Бошингизни орқага қилманг. Қон томоққа кетмаслиги керак.
2.    Бармоқларингиз билан бурнингизни юмшоқ қисмини қаттиқ босинг ва 10-15 дақиқа кутиб туринг. Биринчи 10 дақиқада сабр қилинг ва қон кетиш тўхтамадимикин деб текшириб кўрманг.
3.    Агарда 10-15 дақиқада хам қон тўхтамаса яна 15 дақиқа бурнингизни чимдиб туринг.
4.    Бурун қонашини тезроқ тўхтатиш учун тумовга қарши қон томирларни торайтирувчи воситаларни (масалан, ксилотетазолин) қўллаш мумкин.
5.    30 дақиқада хам қон тўхтамаса врачга мурожаат қилинг.

Хавфли қон кетиш белгилари
Кам холларда бурун қонаши буруннинг орқа қисмида жойлашган йирик қон томирлар зарарланганда кузатилади. Бунда қон кетиш кўп миқдорда ва хавфли бўлгани учун қуйидаги холларда тез ёрдам чақириш керак:
•    Кўп миқдордаги қон оғиз ёки томоққа оқса.
•    Қон қуйқаси хосил бўлса.
•    Қон кетиш кучли зарбадан кейин пайдо бўлса.
•    Қон кетиш бурунда ўтказилган операциядан кейин бир-неча кун ўтгач пайдо бўлса (масалан, бурун полипи ва аденоидларини олдиргандан сўнг).
Беморлар қон кетишни бурун бўшлиғини тампонада қилиш орқали тўхтатиши мумкин. Бу муолажада бўрун бўшлиғига қон томирларни торайтирувчи препаратлар билан шимдирилган марлили тампонлар киргизилади.

Тез-тез аммо енгил бурундан қон кетиши белгилари
Қуйида доимий бурун қонашлари сабаблари ва уларни бартараф қилиш усуллари айтилади.

1. Тумов ва чўзилган бурун битишлари. Чўзилиб кетган тумов ва шамоллашларда қон кетиш хавфи юқори бўлса:
•    Бурун қоқишни эхтиёткорлик билан бажаринг.
•    Акса ураётган пайтда оғзингизни очиб туринг.
•    Бурнингизни ковламанг.
•    Бурнингиз битган бўлса, бурун қоқишдан илгари оддий физиологик эритма ёки енгил тузли эритма томизиб олинг.

2. Қуруқ хаво
Бурун қонашининг яна бир кўп учрайдиган сабаби хона хавосининг қуриб кетиши хисобланади. Бу муаммони хавони намловчилар билан хал қилиш мумкин. Яна бир йўли иссиқлик манбаси ёнига қопқоғи очилган сув тўлдирилган идишни қўйиб қўйиш кифоя қилади.

3. Бурун учун спрейлар
Бурун учун спрейларни (масалан, аллергияга қарши) тез-тез қўллайдиган инсонларда спрейларни қўллаш техникасини бузилиши бурун қонашига сабаб бўлади. Эслатиб ўтамиз, бурун тўсиғида қон томирлар нозик бўлгани учун уларни эхтиётлаб, спрейларни қўллаган пайтда флаконнинг бурун қисмини бурун катаклари томонга қаратиш керак.  

4. Майда қон томирларнинг ортиқча нозиклиги
Кўпчилик инсонларда бурун қонашлари бурун тўсиғининг олдинги қисмидаги майда қон томирларнинг ортиқча нозиклиги хисобига кузатилади. Бу зонадаги қон томирларнинг нозиклиги туғма бўлиши ёки кексайганда кучайиши мумкин. бу муаммони хал қилиш учун врачга мурожаат қилиш лозим. Улар бу «Киссельбах зонаси» даги қон томирларни кумуш нитрати билан ёки махсус хирургик инструмент билан куйдириши мумкин. бу муолажа «каутеризация» деб номланади.

Бурун қонашини бошқа сабаблари.
Кам учрайдиган сабабларга қуйидагилар киради:
•    Қон ивишини туғма бузилишлари.
•    Жигарнинг хроник касалликлари.
•    Алкоголни ортиқча ичиш.
•    Қон ивишини камайтирувчи препаратлар ичиш.
•    Бурун тўсиғини қийшайиши ва тешилиши (перфорацияси).
•    Бурун бўшлиғи ўсмалари.
•    Қоннинг ўсма хасталиклари.
Санаб ўтилган барча холларда даволаниш тактикаси касаллик турига боғлиқ бўлади.

© www.gepamed.uz