ҚОНДАГИ ЭОЗИНОФИЛЛАР ОРТИШИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

ҚОНДАГИ ЭОЗИНОФИЛЛАР ОРТИШИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Эозинофиллар – лейкоцитлар, яъни оқ қон таначаларининг бир тури хисобланади. Эозинофиллар суяк кўмигида 3-4 кун давомида хосил бўлиб, қонда бир соат циркуляцияда бўлади. Сўнгра улар қон томирлар атрофидаги тўқималарга, асосан ўпка, тери ва ошқозон ичак йўлларига ўтиб у ерда 10-14 кунгача қолади.
Эозинофиллар вазифаси организмдаги ёт оқсил таначаларини аниқлаш, ушлаш ва ўз ферменти таъсирида йўқ қилишдан иборат. Қонда эозинофиллар сонини ортиб кетиши эозинофилия, камайиб кетиши – эозинопения дейилади.


Эозинофиллар миқдори қачон ортади?
•    Инфекцион касалликларда;
•    Аллергик реакцияларда;
•    Паразитар (гижжа) инвазиясида;
•    Тўқималар яллиғланишида;
•    Ўсма касалликларида.

Қондаги эозинофиллар меёри қанча?
Эозинофиллар миқдори нормада умумий лейкоцитлар сонининг 1-5% ини ташкил этади. Бошқача айтганда 1 мл қонда ўртача 120-350 та эозинофил таначаси бўлиши керак.
Эозинофиллар миқдорига буйрак усти безлари хам таъсир этади. Яъни кечки пайтда эозинофиллар миқдорини одатдагидан 30 фоизга, эрталабга яқин 15% га ортганини аниқлаш мумкин. Шунинг учун қон тахлили оч қоринга эрталабда олинади.
Бунда имкон қадар ширин овқат ва спиртли ичимликлар ичиш маън этилади. Эозинофиллар миқдорига аёлларда хайз цикли хам таъсир этади. Овуляция яқинлашган сари эозинофиллар сони пасайиб бориб, бу хайз тугагунга қадар давом этади.

Эозинофилларни ортиб кетиши нимани англатади?

Эозинофиллар сонининг 10 фоиздан ортиб кетиши эозинофилия дейилиб, у организмнинг аллергик зўриққанини англатади. Квинке шиши, дори аллергияси, аллергик бурун битиши, экзема, атопик дерматит, паразитар инвазиялар, тизимли қизил волчанка, ревматоид артрит, захм, сил, Эпштейн Барр вируси келтириб чиқарган касалликлар, лимфома ва лимфогранулематоз, шунингдек хазм аъзолари касалликлари (гастрит, колит) эозинофиллар сонининг ортиши билан кечади.

Қачон эозинофиллар миқдори пасайиб кетади?

Эозинопения – бунда эозинофиллар миқдори 1 млда 200 тадан пасайиб кетиши хисобланиб қуйидаги холларда кузатилади:
•    Сепсис ва оғир йирингли жараёнларда организм томонидан етарли миқдорда эозинофиллар ажрала олмайди.
•    Ички аъзолар яллиғланиши: аппендицит, уролитиаз, панкреатит.
•    Миокард инфарктидан кейинги биринчи 24 соат.
•    Шок холатлари: оғриқли ва инфекцион шок.
•    Организмни оғир металлар билан интоксикацияси (қўрғошин, симоб, маргимуш, кадмий, висмут, таллий).
•    Буйрак усти бези ва буқоқ бези касалликлари;
•    Хроник стресс холатлари.

Эозинофилия аниқланганда нима қилиш керак?

Эозинофилия кузатилганда беморлар қуйидаги тахлилларни топшириши керак:
•    Гижжага ахлат анализи.
•    Қоннинг биохимик тахлили.
•    Қорин бўшлиғини ультратовушли текшириш.
Шунингдек, беморлар мажбурий равишда аллергологга учраши ва қуйидаги текширишлардан ўтиши керак:
•    Аллергик бурун битишида – танглай ва бурун йўлларидан суртма топшириш.
•    Астмага гумон қилинганда провокацион пробалар ўтказиш.
•    Қон зардобини аллергенларга текшириш.
•    Эозинофилия моноцитлар сонини ортиши билан кечса инфекцион жараёнлар: мононуклеоз, саркоидоз, вирусли инфекциялар ва силни инкор этиш керак.

© Www.gepamed.uz