ЮЗДАГИ ХОЛЛАР, САБАБЛАРИ, ТУРЛАРИ, ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ.

ЮЗДАГИ ХОЛЛАР, САБАБЛАРИ, ТУРЛАРИ, ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ.

Юздаги холлар – тиббиёт тилида невуслар деб аталиб, теридаги пигмент доғлардан иборат. Улар тери юзасида ёки ундар бироз бўртиб чиқиши мумкин. Рангига кўра оқиш, жигар ранг, қизил ёки сиёх ранг турлари фарқланади.

ХОЛЛАРНИ САБАБЛАРИ.

Холлар тери қаватлари хисобланган эпидермис ва дерма оралиғидаги хужайраларда меланин пигментини тўпланиши натижасида пайдо бўлади. Бунинг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:
•    Ирсият.
•    Қон-томир системаси патологияси (капиллярлардаги ўзгаришлар).
•    Балоғат ёшидаги гормонал бузилишлар.
•    Хомиладорлик.
•    Шикастланишлар.
•    Қуёшнинг ультрафиолет нури таъсири.
•    Вирусли инфекциялар.
•    Стресс натижасидаги гормонал ўзгаришлар.
•    Рентген ва радиоактив нурланишлар.



ХОЛЛАРНИ СИНФЛАНИШИ.


1.    Қон томирли холлар – орттирилган бўлиб, қон томирларнинг шиддат билан ўсиши натижасида ривожланади. 30% холда учраб, асосан қизил рангли бўлади.

2.    Пигмент холлар -  ирсий ва туғма бўлиши мумкин. Меланин моддасини кўп ишлаб чиқарилиши натижасида ривожланади. Холнинг ранги қанчалик тўқ кўкимтир булса шунчалик ёмонсифатлига ўтиш имкони юқори бўлади.


3.    Йирик холлар – диаметри 10 см дан катта холлар бўлиб, хам эстетик жихатдан, хам ракка айланиш хавфи юқорилиги жихатидан хавфли хисобланади. Ўртача (2,5-10 см гача) ва кичик (2,5 смдан кичик) холлар муаммолар туғдирмайди.

4.    Оёқчали холлар – ингичка оёқчали осилиб турувчи холлар травма олиши, узилиб кетиши мумкинлиги ва қонаб кетиш хавфини туғдиргани учун уларни олиб ташлаш тавсия этилади.     

5.    Оқиш холлар – улар энг хавфсиз холлар бўлиб, соғлом теридан зўрға ажралиб туради.




ХОЛЛАРНИ ЙЎҚОТИШ УСУЛЛАРИ.


Агар юздаги холлар эстетик жихатидан ноқулайлик туғдирса ёки яллиғланиш қўшилиши натижасида оғриқ синдроми, қонаш хавфи ва тез катталашадиган бўлса уларни оператив усулда олиб ташлаш тавсия этилади. Бунинг бир неча турлари бор.

Лазерли усул – холлар махаллий оғриқсизлантириш остида лазер нури ёрдамида олинади. Чандиқлар қолмайди.

Криодеструкция – бунда холларни суюқ азот ёрдамида куйдирилади. Бироз оғриқли ва соғлом тўқималар зарарланиши мумкин.

Электрокоагуляция – махаллий оғриқсизлантириш орқали электр токи ёрдамида олинади. Енгил чандиқлар қолиши мумкин. Устунлиги инфекция тушиш хавфи йўк.

Хирургик усул – хозирда кам қўлланилиб, скальпель ёрдамида холлар кесиб олинади. Устунликлари: арзон усул, олинган материални гистологик текшириш мумкин, рецидив кузатилмайди, хавфсиз.

© www.gepamed.uz