ПРОСТАТИТ – бу простата безининг яллиғланиши хисобланади. Простатит кенг тарқалиб, асосан 20-40 ёшли эркакларда, яъни хар 10 та эркакнинг биттасида учрайди.
ПРОСТАТА БЕЗИ – бу фақатгина эркакларда учрайдиган без хисобланиб, сийдик пуфагини остида сийдик чиқариш найини икки томондан ўраб олиб жойлашган. Простата бези функцияси секрет хосил қилиш ва сперматозоидлар фаоллигини ошириш орқали уруғлантиришда актив иштирок этишдан иборат.
СИНФЛАНИШИ.
Кечишига кўра простатитнинг ўткир ва сурункали турлари, келиб чиқиш сабабларига кўра эса ноинфекцион ва инфекцион турлари фарқланади:
1. Ноинфекцион простатит:
• Совуқ ўтиши (зах жойларда кўп ўтириш, қон айланиши бузилишига сабаб бўлади)
• Умумий организмнинг иммунитетини пасайиши
• Жинсий алоқанинг номунтазамлиги (ортиқча кўп ёки меёридан камлиги).
• Ич қотиши, семизлик.
• Ичкилик, никотин ва бошқа зарарли одатлар.
2. Инфекцион простатит:
• Бактериялар, вируслар, замбуруғлар.
• Буйрак патологиялари.
• Организмдаги бошқа бактерия ўчоқлари (гайморит, тонзиллит).
Простата безини яллиғланишини умумий белгилари:
• Ректал (орқа пешоб) хароратнинг ортиши.
• Белда ва оралиқ сохасида оғриқ бўлиши, тўғри ичак ва моякларга узатилиши, эрекция вақтида оғриқларнинг кучайиши.
• Жинсий майлни камайиши, эрекцияни сустлашиши, эякуляцияни тезлашуви.
• Сийишни бузилиши - равон бўлмаслиги, тез-тез қатнаш, сийганда ачишиш хисси.
• Рухий бузилиш, депрессия, невроз.
• Умумий интоксикация белгилари - умумий бехоллик ва бош оғриши.
ДИАГНОСТИКАСИ.
• Умумий қон ва сийдик тахлили.
• Урофулометрия – суткалик сийдик ритмини мониторлаш.
• Простата бези секретини микроскопик текшириш.
• Простатани ультратовушли текшириш.
АСОРАТЛАРИ.
• Сийдик пуфаги ва буйраклар яллиғланиши (цистит ва пиелонефрит).
• Уруғ пуфакчаларини яллиғланиши (везикулит).
• Уруғдон ва унинг ортиғини яллиғланиши (орзоэпидимит).
• Бепуштлик.
• Эректил дисфункциялар.
• Простата бези ўсмалари (аденома ва рак).
ДАВОЛАШ.
Простатитларни даволашда хар бир бемор учун индивидуал ёндашилиб умумий даво тактикаси қуйидагича.
• Ётоқ режимига риоя қилиш (ўткир простатитда).
• Антибактериал препаратлар қўллаш (инфекцион турида 2-3 хафтага буюрилади).
• Простатада қон микроциркуляциясини яхшиловчи дорилар қўллаш (антикоагулянтлар).
• Оғриқ синдроми олдини олиш: ностероид яллиғланишга қарши дорилар буюрилади.
• Кучли интоксикацияларда – дезинтоксикацион даво (реологик суюқликлар қуйиш-реосорбилакт…).
• Физиотерапия – трансректал микротўлқинли гипертермия, диадинамофорез, лазерли терапия, ультратовушли фонофорез.
• Простата бези массажи (ўткир бўлмаган холатларда, қон айланишини яхшилаш учун).
ПРОСТАТИТНИНГ ЭРКАКЛАР СОҒЛИҒИГА ҚАНДАЙ ТАЪСИРИ БОР?
Простатит – эркакларнинг иккинчи юраги саналиб, нафақат уруғ суюқлигини хосил қилишда, балки эркаклар гормони тестостеронни алмашинувида хам мухим роль ўйнайди. Простатитда патоген микрофлора простата безида яллиғланиш ўчоқларини хосил қилади. Бу ўз навбатида уруғдонларга инфекцияни тарқалиши, уруғ йўлларини чандиқланиши, простата секретини қўйиқлашуви, сперматозоидларнинг ўлиши, эректил фаолиятни бузилиши ва бепуштликка олиб келади.
ПРОСТАТИТНИНГ АЁЛ ОРГАНИЗМИГА ҚАНДАЙ ХАВФЛИ ТАЪСИРИ БОР?
Инфекцион простатит билан оғриётган эркак киши билан яқин алоқада бўлиш, аёл организмига инфекция қўзғатувчилари ва токсинлар тушишига сабаб бўлади. Бу шиллиқ қаватларнинг кислота-ишқор мухитига таъсир этиб, махаллий иммунитетни пасайтиради, бартолинит (қин безлари шамоллаши), эндометрит (бачадон танаси шиллиқ қавати шамоллаши), аднексит (тухумдонлар яллиғланиши) ва бачадон найлари ўтказувчанлигини бузилишига сабаб бўлади.
ПРОСТАТИТДА АЁЛ ХОМИЛАДОР БЎЛИШ МУМКИНМИ?
Айтиб ўтилганидек патоген микрофлора таъсирида сперматозоидлар фаоллигини камайиши, нуқсонли сперматозоидларни пайдо бўлиши, уларнинг харакатчанлигини бузилишига сабаб бўлади. Агар уруғ йўлларида чандиқли тўсиқликлар мавжуд бўлса, эркаклар бепуштлигига олиб келади.
© www.gepamed.uz