«БАМБУКЛИ УМУРТҚА» ЁКИ БЕХТЕРЕВ КАСАЛЛИГИ НИМА?

«БАМБУКЛИ УМУРТҚА» ЁКИ БЕХТЕРЕВ КАСАЛЛИГИ НИМА?

Бехтерев касаллиги (анкилоз спондилит) – бу хроник аутоиммун касаллик бўлиб, умуртқа поғонасининг яллиғланиши, унга қўшни тўқималар ва периферик бўғимларнинг зарарланиши билан кечади. «Аутоиммун касалликлар» деганда организмнинг шундай патологик холатига айтиладики, бунда организмнинг иммун хужайралари ўз организмининг соғлом тўқималарига қарши хужум қилади ва даволаш қийин бўладиган яллиғланиш жараёнларини келтириб чиқаради.

Касаллик патогенези.
Касалликни асосида умуртқа поғонасининг асосан бел-чаноқ қисмидаги умуртқаларни ўзаро битишиб кетиши ётади. Бу патологик жараён ирсий бўлиб, асосан 30 ёшгача бўлган эркак кишиларда (0,1-0,5%) учрайди. Бехтерев касаллигининг энг оғир формаси «бамбукли умуртқа поғонаси» дейилиб, барча умуртқаларнинг ўзаро битишиб кетиши, уларнинг орасидаги тоғайларнинг суякланиши кузатилади.


Касаллик сабаби.
Хозиги кунда касаллик сабаби сифатида фақат ирсий мойиллик аниқланиб, «HLA-B27» генини тутувчи беморлар анкилоз спондилитнинг ривожланиши учун асосий даъвогар хисобланади.

Касаллик белгилари.
Касалик белгилари аста-секин бошланиб, 20-30 ёшга етганда касаллик чўққисига чиқади. Бошланғич шикоятлар белнинг пастки қисми ёки думба сохасидаги ўтмас оғриқлар, уларнинг асосан эрталаб уйғонганда пайдо бўлиши билан намоён бўлади.
Касаллик кучайган сари нафас олишни қийинлашуви (айниқса жисмоний зўриқишда кўкрак қафасини кенгайишига тўғри келганда) пайдо бўлади. Унга параллел равишда яллиғланиш жараёни кучайган сари тана вазнини тушиши, иситма қўшилади. Кейинча оғриқ синдромлари беморнинг тинч холатида хам чидаб бўлмайдиган даражада бўлиб, жисмоний зўриқишда янада кучаяди.   
Артритлар – бўғимларни яллиғланиши бехтерев касаллигида нафақат умуртқа поғонаси ёнида, балки елка ва сон бўғимларида хам кузатилади.


Касалликни диагностикаси.
•    Бехтерев касаллиги аёлларда эркакларга нисбатан 3 марта кам учраб енгил кечади.
•    Яллиғланиш белгилари 18 ёшлар орасида бошланса, организмнинг йирик бўғимлари шиши ва кучли оғриғи (айниқса тизза бўғимида) кузатилади.
•    Касаллик болалик йилларидан бошланса оғриқ ва шиш тўпиқ сохасида жойлашиб, товон суягини ўсиб кетиши (шпораси) кузатилади.

•    Бехтерев касаллиги увеит кўринишида хам кечиб, яллиғланиш кўзнинг олдинги камерасини қизариши, оғриғи ва ёруғликка сезгирликни кучайиши билан намоён бўлади.
Ундан ташқари қуйидаги патологик жараёнларни хам кузатиш мумкин:
•    Простата безини яллиғланиши ва жинсий фаолликдаги муаммолар.
•    Юрак-қон томир патологияси: аортит, аортал клапан етишмовчилиги, блокадалар.
•    Ўпка патологияси: ўпка фибрози.


Касалликни даволаш.
Бехтерев касаллигини даволаш асосан симтоматик бўлиб, оғриқ симптомини йўқотишга қаратилади. Айрим пайтларда крахмални кам тутадиган диета, оқсил ва ўсимлик махсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.
 
Фармакологик даволаш:
1.    Оғриқ қолдирувчилар (ибупрофен, фенилбутазон, диклофенак, индометацин, напроксен);
2.    Яллиғланиш жараёнини тўхтатишга қаратилган препаратлар (сульфасалазин, метатрексат, кортикостероидлар);
3.    Ўсмага қарши химиотерапевтик дорилар (этанерцепт, инфликсимаб, голимумаба и адалимумаб).

Хирургик даволаш:
Хирургик даво умуртқанинг олдга букилиши қийинлашган беморларда ва периферик бўғимлар (сон, тизза) даги битишиш жараёнларини коррекциялашдан иборат.

Жисмоний терапия
•    Зарарланган сохани электромиостимуляция қилиш.
•    Термотерапия.
•    Проприоцептив нейро-мускулли кўмак.
•    Югуриш мумкин эмас (умуртқаларга босим таъсир этиб, касаллик кучайиши мумкин).

© www.gepamed.uz