Сперматоцеле ёки эркакларда хам киста бўладими?

Сперматоцеле ёки эркакларда хам киста бўладими?


Сперматоцеле – эркаклар уруғдони ортиғи кистасининг тиббий номи бўлиб, суюқлик тутувчи зич фиброз капсулали хосиланинг пайдо бўлиши билан характерланади. Бу суюқлик таркибида сперматозоидлар бўлиши мумкин. Киста уруғ тизимчасида жойлашганда фуникулоцеле деб аталади.



Уруғдон ортиғи кистаси сабаблари

•    Ёрғоқ ва уруғдонларни травмалари (шикастланиши);
•    Ёрғоқдаги яллиғланиш касалликлари (эпидидимит, орхит, орхоэпидидимит);
•    Тез-тез совуқ қотиш;
•    Уруғдон ва уруғ йўлларини туғма касалликлари;
•    Жинсий йўл орқали юқувчи касалликлар (хламидиоз, токсоплазмоз, уреаплазмоз, гонорея).

Бу барча омиллар уруғ суюқлигини димланиши ва уруғдон ортиғида локал йиғилиши ва кистасимон хосилаларни ривожланиши билан кечади. Кисталар ўнг, чап уруғдон ориғида ёки икки томонлама бўлади. Касалликнинг оғир кечишида бепуштлик ва потенция билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Белгилари
•    Ёрғоқ сохасидаги дискомфорт ва оғриқ, унинг чов сохасига узатилиши.
•    Пайпаслаганда уруғдон ёнида зичлашган шишни хис қилиш. Унинг ўлчамлари 2 мм дан 3 см гача бўлиши мумкин.
Бу икки белги врачга зудлик билан учраш кераклигини англатади.



Текшириш усуллари
Сперматоцеле одатда ультратовушли текшируви орқали аникқланиб, кам холатларда диафаноскопия усули орқали тасдиқланади.



Даволаш
Уруғдон ортиғи кистасини даволаш касалликнинг кечиши ва ривожланишига қараб бир неча босқичда олиб борилади. Бошланғич босқичларда турли физиотерапия муолажалари қўлланилади:
•    электрофорез;
•    УВЧ;
•    даволовчи парафин;
•    озокеритли аппликациялар.

Агар кисталарнинг ўлчами катта бўлса оператив йўл танланиб, киста олиб ташланади. Хирургик усул эркакларнинг репродуктив фаолияти ва потенциясига хеч қандай салбий таъсир этмайди.

© www.gepamed.uz