БОЛАЛАРДА СИЙДИК ТУТОЛМАСЛИК (ЭНУРЕЗ) САБАБЛАРИ

БОЛАЛАРДА СИЙДИК ТУТОЛМАСЛИК (ЭНУРЕЗ) САБАБЛАРИ

Энурез – бу 5 ёшдан 12 ёшгача болаларнинг 10-15 фоизида учрайдиган муаммо хисобланиб, уйқу пайтида ноихтиёрий равишда сийдик ажратиш билан характерланади.

Кечки пайт ва уйқуда сийиб қўйиш болаларнинг оилада ва болалар жамоасида ижтимоий ва рухий адаптациясини (мослашувини) қийинлаштиради. Ўсмирларда тундаги тез-тез қайталанувчи турғун сийдик ажратиш эса мураккаб  тиббий-социал конфликтларга сабаб бўлади.

Ўз-ўзини идора қилиш ёши
3 ёшгача бўлган болаларда кечки сийдик ажратишни назорат қила олмаслиги унда энурез ривожланганини билдирмайди. Текширишларнинг кўрсатишича кечки пайт сийдикни тутиб туриш 3 ёшгача болаларда – 70%, 4 ёшгача болаларда -  75%, 5 ёшгача болаларда – 80%  ва бор йўғи 8-9 ёшга келиб – 90% болаларда кузатилади. Шу сабабли болада энурез мавжудлиги хақида 5 ёшга келиб гапириш мумкин.

Энурез турлари
Энурезнинг бирламчи ва иккиламчи турлари фарқланади. Бирламчи энурез сийдик тутолмасликнинг кечки пайт, уйқу вақтида сийдик пуфаги тўлиб кетганда уйғонмаслиги натижасида кузатилади. Иккиламчи энурез эса бирор бир туғма ёки орттирилган касаллик натижасида ривожланиб, кундузи хам кечқурун хам, уйғоқ ёки уйқу пайтида хам кузатилиши мумкин.

Энурез асосий сабаблари
Энурез муаммосини хал қилиш ва эффектив даво чораларини белгилашдан олдин унинг нима сабабдан ривожланганлигини билиш мухим хисобланади. Улар асосан қуйидагилар бўлиши мумкин:
•    Марказий асаб тизими ва сийдик пуфагини ноетуклиги. Яъни бош мияга сийдик пуфагини тўлгани хақида хабар берувчи ва уйғонишга мажбур қилувчи бўғини (звено) ни етарли ишламаслиги.
•    Асаб тизимини ривожланишини секинлашуви, унинг психоневрологик бузилишлар (хулқ бузилиши, гиперактивлик, эътибор танқислиги синдроми) кўринишида намоён бўлиши.
•    Психологик омиллар ва стресс таъсири, масалан, мухитни алмашинуви, янги шахсларнинг пайдо бўлиши, боланинг онасидан ажралиши, оиладаги можаролар.
•    Ирсият. Боланинг ота ёки онасида ёшлигида энурез белгилари кузатилган бўлса фарзандида хам шу холат учрайди. Хар иккала ота-онада энурез кузатилса – боласида 77% холатда, иккисидан бирида кузатилса – боласида 44% холатда энурез кузатилади.  
•    Антидиуретик гормон секрециясини ритмини бузилиши. Бу гормон ажралаётган сийдик миқдорини бошқариб, қонда гормон қанча кўп бўлса – шунча кам сийдик ажралади ва хаказо. Нормада бу гормон миқдори кечаси кўтарилиб, камроқ сийдик ажралиши ва сийишни камайишига олиб келади. Энурезда эса бу холат аксинча бўлади.
•    Сийдик ажратиш тизимини касалликлари: қизларда сийдик ажратув каналини торайиши, ўғил болаларда фимоз холати, сийдик пуфаги сиғимини кичиклиги ва бошқалар.
•    Сийдик йўллари инфекциялари.

Энурезга сабаб бўладиган кам учрайдиган холатлар.
•    Кечки эпилептик талвасалар натижасида;
•    Юқори нафас йўлларини қисман обструкцияси ёки кечки апноэ хуружлари натижасида;
•    Эндокрин касалликларда: қандли ва қандсиз диабет, гипотиреоз ва гипертиреоз.
•    Дори воситалари таъсирида, масалан: тиоридазин (сонапакс) ёки вальпроатлар қабул қилганда.


© www.gepamed.uz