ГЕПАТИТ С ВИРУСИ БИЛАН ЗАРАРЛАНГАН ИНСОНЛАР УЧУН

ГЕПАТИТ С ВИРУСИ БИЛАН ЗАРАРЛАНГАН ИНСОНЛАР УЧУН

Бутундунё Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра ер юзининг хар ўн иккинчи инсони гепатит С вируси билан зарарланган.


Гепатит С – нима ўзи? Қонингизда гепатит С вируси аниқланганда нима қилиш керак?, хаёт тарзини қандай ташкил қилиш керак?
Шу ва шу каби саволларга хамма беморлар ўзича жавоб излай бошлайди. Кимларгадир дўсту биродарлари ёрдам берса, кимлардир интернет сахифаларидан жавоб топади, кимлардир тушкунликка тушиб кетса, кимлардир вақтни бой бермасдан туриб дархол мутахассисларга мурожаат қилади.   

Гепатит С вируси билан оғриган беморларда қандай шикоятлар бўлиши мумкин?
С вируси - гепатотроп вирус бўлишига қарамасдан, биринчи ўринда асаб тизимига таъсир этади. Беморлар депрессияга тушади, асабийлик, кайфиятни таранглашуви, хадик ва қўрқув хисси пайдо бўлади. Фикри-хаёли жигари ва С - вируси хақида бўлади. Интернет сахифалари ва форумларга кириб бу касаллик, унинг асоратлари ва даволаш усуллари хақида танишиб юради. Қизиқарли жойи шундаки, бу белгилар бемор ўз қонида С вируси борлигини билганидан кейин кучлироқ ифодаланади.  

Беморда қуйида келтирилган шикоятлар пайдо булганда албатта гепатологга учраш тавсия этилади:       
•    Ўнг қовурға ости сохасида оғирлик ва оғриқ хисси;
•    Тери қопламаларини оқариши ёки пигмент доғларни пайдо бўлиши;
•    Ёноқ сохаси ва елкаларда қон томир юлдузчаларини пайдо бўлиши;
•    Кафт ва товон тери қопламаларини қизариши;
•    Шиллиқ қаватлар ва терини сарғайиши ва қичишиш;
•    Кўп терлаш ва шишлар;
•    Сийдик рангининг тўқариши;
•    Зарда бўлиш ва сабабсиз асабийлашиш;
•    Тез чарчаш ва умумий холсизлик.

Қачон гепатит С вируси билан оғриган бемор хисобланасиз?
Коннинг иммунофермент тахлили (ИФА) хулосасига кўра Гепатит С вируси маркерларини аниқланиши Сизни дархол гепатит С билан оғриган беморлар қаторига қўшилади дегани эмас. Аксинча қон тахлилида гепатит С вируси маркерларини - яъни гепатит С вирусига қарши антителоларни аниқланиши ушбу организмнинг С вируси билан тўқнашганини (контактда бўлганини) билдиради холос.
Гепатит С вирусининг айни пайтда организмда мавжудлигини эса ПЦР тахлили ёрдамида ушбу вируснинг РНК сини аниқлаш орқалигина билиш мумкин. Шу усулда мусбат натижани олгандагина вирусли гепатит С ташхисини куйиш мумкин. Шунда хам қўшимча функционал текшириш усули – ультратовушли текшириш (УЗИ) орқали организмнинг хазм аъзолари (жигар, ўт пуфаги ва талоқ) холати назорат қилинади. УЗИ натижасига кўра ушбу аъзоларда сурункали шамоллаш белгилари аниқлангандагина Сизни гепатит С билан касалланган беморлар қаторига қўшиш мумкин. Акс холда «вирус ташувчи» хисобланасиз. Хар иккала холда хам Сизга гепатолог маслахатини олиш тавсия этилади.   

Гепатолог хузурига боришдан илгари қандай қон тахлилларини топшириш мумкин?

Аслида даволовчи врач қандай қон тахлиллари топшириш кераклигини ўзи белгилайди. Аммо биринчи қабулга ўз қўлингизда гепатит С вируси маркери аниқланган ва жигар синамалари (АлАТ, АсаТ, билирубин) акс эттирилган қон тахлили хулосаларини бўлиши фойдадан холи эмас.

Гепатолог яна қандай қон тахлиллари ва текшириш усулларини тавсия қилиши мумкин?
1. Клиник ташхис қўйиш мақсадида гепатит С вирусини РНК сини аниқлаш учун, шунингдек, вирусга қарши даво чораларини танлаш мақсадида генотипини аниқлаш учун ПЦР сифат тахлили тавсия этилади.
2. Вирусга қарши хар қандай терапия бошлашдан илгари вирус юкламаси – яъни қондаги вируснинг миқдор тахлили ўтказилади. Шунга қараб даво чораларини эффективлиги бахоланади.
3. Жигар, талоқ ва ўт пуфаги холатини миқдорий ва сифат ўзгаришларини аниқлаш мақсадида ультратовушли текшириш усули тавсия этилади.       

© www.gepamed.uz