ГИПОСПАДИЯ НИМА?

ГИПОСПАДИЯ НИМА?

Гипоспадия - бу эркакларнинг сийдик таносил тизимини ривожланиш нуқсони бўлиб, сийдик чиқарув канали (уретра) ни одатдагидан бошқа жойда очилиши билан характерланади. Гипоспадия учраш даражаси бўйича фимоздан кейинги иккинчи ўринда туради ва жами урологик патологиянинг 14% ини ташкил этади. Амалиётда асосан ўғил болалар гипоспадияси кузатилади.

Гипоспадия белгилари.
Гипоспадия сийдик ажратишнинг бузилиши, олатнинг қийшайиши, оралиқ терисини сийдик таъсирида зарарланиши, психологик дискомфорт ва кейинча жинсий фаолиятнинг бузилиши билан кечади.

Гипоспадия сабаблари.
Гипоспадия хомила ривожланишининг 7-14 хафталарида  эмбриогенезни бузилиши, яъни уретрал ариқчанинг ёпилишини тўлиқ бўлмаслиги натижасида ривожланади. Келтириб чиқарувчи омилларга хомиладорликдаги эндокрин бузилишлар, хомилага алкогол ва дориларни токсик таъсири, хомиладорлик эрта токсикози киради. Текширув натижаларига кўра гипоспадия  ЭКО усулида хомиладор бўлган аёллар фарзандларида ва хромосом касалликлари (Эдварс ва Патау синдромлари) да кўп учрайди.
                                            
Гипоспадия турлари
Сийдик чиқарув каналини ривожланиши даражасини бузилиш жойига кўра турлари:
•    Бошчали тури: уретра олатнинг бошча қисмида очилади (75%).
•    Тана тури: уретра олатнинг тана қисмида очилади
•    Ёрғок тури: уретра ёрғоқ сохасида очилади
•    Оралиқ тури - уретра оралиқда очилади.


Гипоспадия диагностикаси
Гипоспадияни диагностикаси чақалоқни неонатолог томонидан визуал ташқи кўрик орқали туғилган пайтидаёқ текшириб аниқланади. Жинсий аъзолари нуқсонлари билан туғилган чақалоқларга ички жинсий аъзолар, олат ва ёрғоқни ультратовушли текшириш ўтказилади. Гипоспадия бошқа юзлаб ирсий касалликлар билан кечгани учун албатта генетик маслахати олинади. Чақалоқни кейинги хаёти даврида болалар эндокринологи, урологи ва гинекологи назорати таъминланади. Кўрсатмага биноан беморларга уретроскопия, уретрография ва урофлоуметрия текшириш усуллари қўлланилади.

Гипоспадияни даволаш
жаррохлик йўли билан уретропластика қилиш ва косметик дефектни бартараф этишдан иборат. Ташрих вақти иложи борича эртароқ (1-3 ёшга) белгиланади. Хозирда гипоспадиянинг кўплаб бир моментли жаррохлик коррекция усуллари  мавжуд.

Гипоспадияни прогнози.
Жаррохлик усулида 75-95% холларда тўлақонли хам косметик хам функционал натижа олиш мумкин. Гипоспадияни эрта коррекциялаш сийдик ажратишнинг нормаллашуви, болалар ташқи жинсий аъзоларини тўғри ривожланиши ва бола рухиятини шикастланишини олдини олади.

© https://t.me/gepamed_ultra