ҚАЙСИ ГОРМОНЛАР БИЗГА ТАЪСИР ЭТАДИ: ПРОЛАКТИН

ҚАЙСИ ГОРМОНЛАР БИЗГА ТАЪСИР ЭТАДИ: ПРОЛАКТИН

Пролактин – асосий аёл гормонларидан бири. Хаммага маълум унинг асосий вазифаси ёш оналарда лактация, яъни кўкрак сути ажралишини таъминлаш. Шу сабабли уни баъзан «лактация» гормони деб аташади.

Пролактин асосан гипофизда ажралсада оз миқдорда уни бачадоннинг ички қавати – эндометрий хам ишлаб чиқаради. Қонда пролактин 3 та шаклда учрайди: мономер (ўртача 80%), димер ва тетрамер пролактин.

Хомиладорликнинг 8 хафтасидан бошлаб пролактин миқдори бўлажак онанинг қонида аста-секин ўсиб боради ва 3 триместрга бориб максимум кўрсаткичга етади. Туғруқдан олдин унинг даражаси пасайиб, эмизиш даврида яна ортади.

Пролактиннинг лактациядан бошқа вазифалари хам бор. Хомиладор бўлиш учун, хомилани нормал ривожланиши учун, соғлом болани туғилиши учун хам пролактин гормони зарур хисобланади. Айтиб ўтилган вазифаларни пролактин яна бир гормон – прогестерон билан биргаликда амалга оширади.
     
Пролактиннинг яна бир вазифаси туғруқ пайтида оғриқсизлантирувчи ролини ўйнаши. Қонда пролактин миқдори қанча кўп бўлса туғаётган аёл оғриқни шунча камроқ хис қилади. Ундан ташқари пролактин янги туғилган бола учун хам мухим – у чақалоқнинг ўпкаларини хаво билан тўлишига тайёрлайди. Пролактин таъсирида альвеолалар девори биринчи нафас олишда очилади ва қайта пучаймайди.   

Пролактиннинг яна бир таъсири туғилган болани эмизиш даврида онани қайта хомиладор бўлишини олдини олиш хисобланади. Яъни пролактин табиий контрацептив каби таъсир этади.
 
Пролактин нафақат хомиладор ва туққан аёллар учун керакли. У шунингдек, ўсмир қизларда сут безларини шаклланиши ва ўсишини таъминлайди. Шунингдек, пролактин электролитлар алмашинувини бошқариб, организмда натрий, калий, магний балансини ушлаб туради.
 
Пролактин етишмовчилиги – гипопролактинемия – аёлларда жиддий ўзгаришлар келтириб чиқаради. Биринчи ўринда бу – репродуктив сохадаги бузилишлар: хайз циклини бузилиши ва бепуштлик. Аёл киши хомиладор бўла олган тақдрида хам хомилани етказа олмаслик, эрта ва кеч бола тушиши, тана ва юзда тукларни тез ўсиши. Туғруқдан кейинги даврда гипопролактинемия кўкрак сутини кам ишлаб чиқарилиши ёки умуман йўқлиги билан кечади.

Пролактин танқислиги асаб тизими ва рухиятга хам таъсир этади. Бу мигрень, турли хил вегетатив-қон томир бузилишлари, фобиялар (кўрқув), жинсий майлни сусайиши, депрессия бўлиши мумкин. Пролактин камлиги танадаги шишлар, кўрув, хид билиш ва эшитишни бузилишига хам олиб келиши мумкин. Аммо гипопролактинемия кам учраб, асосан гипофизнинг турли патологияларида: бош мия ўсмалари, қон куйилишлари, шикастланишлари, шунингдек, туғруқ қийин ва кўп қон йўқотиш билан кечганда кузатилади.

Аёлларда кўпроқ гиперпролактиемия – пролактинни ортиқчалиги нисбатан кўпроқ учрайди ва бу хомиладор бўлишни қийинлашиши – бепуштлик билан намоён бўлади.

Бепуштлик сабаби қонда пролактин гормони ортиб кетиши натижасида овуляцияга маъсул  бўлган фолликул стиммулловчи ва лютеинловчи гормонлар ишлаб чиқарилиши пасайиб кетиши деб кўрсатилади. Айнан шу болани кўкрак сути билан эмизиш даврида пролактиннинг контрацептив хусусиятини таъминлайди.

Бепуштликдан ташқари қонда пролактин миқдори кўплиги хайз циклини бузилишидан, то бутунлай тўхтаб қолишигача, туғмаган аёллар кўкрагидан сут келишига, мастопатия, буқоқ бези билан боғлиқ муаммолар, остеопороз, иштахани ортиши оқибатида ортиқча вазн пайдо бўлишидан то семизликкача олиб келади.

Асаб тизими ва рухиятдаги бузилишлар: хотирани сусайиши, уйқусизлик, аёлларни ўта таъсирланувчанлиги, кайфиятини бузилиши, истерия ва депрессив холатлар билан намоён бўлади.  

Кўриниб турганидек, пролактин гормони ортиши агар у физиологик сабаблар (хомиладорлик, эмизиш, ўсмир қизларда кўкракларни шаклланиши, стресс ёки оргазм) таъсирида чақирилмаган бўлса, пролактин етишмовчилигидаги холатдан хеч хам қолишмайди.     

Эркаклар хақида хам бир оғиз сўз.

Пролактин аёллар гормони саналса хам, эркаклар қонида хам оз-кўп миқдорда учрайди. Эркакларда у сперматозоидлар хосил бўлиши ва ривожланишига жавоб беради. Пролактин пастлиги эркакларда тестостерон камайиши натижасида жинсий фаолиятни бузилишига олиб келади. Эркак кишилар тана вазни ёғ хисобига ортиб, мускул массаси камаяди. Шунингдек, эркакларда уйқусизлик, хавотир ва депрессия кузатилади.
Гиперпролактинемия хам эркакларнинг жинсий сохасига таъсир этади: потенцияни сусайиши, эрекцияни бузилиши, бепуштлик, остеопороз, бош оғриқлари ва кўкрак безларини катталашиши шулар қаторига киради.   
 
www.gepamed.uz