Расторопша (қушқўнмас унинг иккинчи номи) аслида бегона ўт ҳисобланади. Аммо жуда фойдали. Унинг уруғлари «силимарин» деб номланадиган бирикмаларни ўз ичига олади. Силимарин кучли яллиғланишга қарши ва антиоксидант хусусиятларга эга бўлган флавоноидларнинг бирикмасидир.
Расторопша нимаси билан фойдали?
Флавоноидларнинг эркин радикаллар ва яллиғланишларга қарши туриш қобилиятини ҳисобга олсак, расторопша мўъжизавий махсулот хисобланади. Назарий жиҳатдан у кексайиш, юқумли касалликлар, сурункали яллиғланишлар, юрак-қон томир касалликлари, деменция ва ҳатто саратон касаллигига қарши курашиши мумкин. Амалда эса бу ҳақда гапириш ҳали эрта: хозирда силимариннинг якунига етган клиник тадқиқотлари унчалик кўп эмас. Қуйида расторопшанинг илмий жиҳатдан тасдиқланган хусусиятларининг бир қисми айтиб ўтилади.
1. Жигарни ҳимоя қилади ва тиклайди.
Расторопша кучли ўсимлик гепатопротектори сифатида танилган бўлиб, касалликлар ва токсинлар натижасида жигар тўқимасини шикастланишини камайтириши мумкин. Расторопша уруғидан тайёрланган биоқўшимчалар қуйидаги касалликларда тавсия этилади: вирусли гепатитлар, алкоголли гепатит, алкоголсиз ёғли жигар дистрофияси, жигар циррози, саратон. Олимлар расторопша антиоксидант хусусияти орқали жигар яллиғланишини камайтиради деб хисоблайди. Аммо расторопшанинг гепатопротектив хусусияти хамма тадқиқотларда хам тасдиғини топмаган.
2. Миянинг қаришини секинлаштиради.
Расторопша инсониятга қадимдан таниш бўлиб, 2000 йилдан бери турли хил асаб касалликларини, шу жумладан Альцгеймер ва Паркинсон касалликларини даволаш учун ишлатилиб келади. Силимарин мияни стресс ва қаришдан ҳимоя қилади. Бу хайвонларда ўтказилган тадқиқотларда исботини топган. Силимарин воситаси ёшга боғлиқ ақлий пасайишни секинлаштириши ва Альцгеймер касаллигини ривожланишини секинлаштириши каламушларда ва лаборатория сичқонларида тасдиқланган бўлсада бу каби текширувлар одамларда хали ўтказилмаган. Деменцияни олдини олиш учун расторопшани қанча миқдорда истеъмол қилиш кераклиги аниқ эмас.
3. Қандли диабетнинг 2-турида қонда қанд миқдорини нормаллаштиради
Расторопшанинг ўсимлик бирикмалари диабет касаллигига қарши таъсир кўрсатиб, тўқималарнинг инсулинга сезгирликни яхшилайди ва қонда қанд миқдорини камайтиради. Бундан ташқари, силимариннинг антиоксидант ва яллиғланишга қарши хусусиятлари диабетнинг буйракка хос асоратларини ривожланиш хавфини камайтиради. Шуларга қарамай қандли диабетнинг 2- тури учун расторопшани қўллашни қатъий тавсия этилмаган. Аммо тадқиқотлар давом этмоқда.
4. Суякларни мустаҳкамлайди
Хайвонларда ўтказилган экспериментал тадқиқотлар шуни кўрсатдики, силимарин суякларнинг минераллашишини стимуллайди. Бу остеопороз билан оғриган одамлар учун фойдали бўлиши мумкин.
5. Она сути ишлаб чиқаришни кўпайтириши мумкин
Халқ табобатида расторопша чойи эмизикли аёлларга она сути ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ёрдам берадиган восита сифатида тавсия этилади. Тасодифий назорат остида ўтказилган текширувлардан бири шуни кўрсатдики, 63 кун давомида кунига 420 мг силимарин қабул қилган ёш оналарда назорат гурухидаги оналарга нисбатан 64% кўпроқ сут ишлаб чиқарган.
Афсуски, ушбу тадқиқот ягона. Расторопшанинг самарадорлигини аниқ тасдиқлаш учун қўшимча далиллар керак.
6. Акне билан курашишда ёрдам беради
Хуснбузарлар ҳосил бўлишида етакчи роллардан бири эркин радикаллар томонидан тери ҳужайраларининг зарарланиши деган тахмин мавжуд. Расторопшанинг кучли антиоксидант хусусиятлари борлиги сабабли, назарий жиҳатдан уни истеъмол қилиш ҳуснбузарларни енгиллаштириши мумкин. Назария амалиёт билан тасдиқланган. Масалан, битта тадқиқот шуни кўрсатдики, 8 ҳафта давомида кунига 210 мг силимарин қабул қилган одамларда ҳуснбузар 53% камайган.
Расторопша инсонга зарар етказиши мумкинми?
Расторопшани кунига 420 мг дан кўп бўлмаган холда ичиш хавфсиздир. Катта миқдордаги дозалари хали синовдан ўтказилмаган. Бироқ, баъзи одамларда расторопшага нисбатан индивидуал реакциялар кузатилиши мумкин: Улар қуйидагилар: қоринни дам бўлиши, кўнгил айниши, ич кетиши ёки ич қотиши; терининг қичиши; бош оғриғи.
Баъзан унданда жиддий асоратлар кузатилиши мумкин. Шифокорлар қуйидаги икки тоифадаги одамларга расторопшани қабул қилмасликни тавсия этади:
• Композитлар оиласининг исталган ўсимликларига аллергия мавжуд инсонларга (масалан, ромашка, мариголд, хризантема). Бундай одамларда расторопша анафилактик шокгача сабаб бўлиши мумкин.
• Эндометриоз, бачадон миомаси, кўкрак бези, бачадон ёки тухумдон саратонига чалинган аёллар. Расторопша таъсирида эстроген миқдори кўпаяди, бу касалликнинг ривожланишини тезлаштириши мумкин деган тахминлар мавжуд.
Қандли диабет билан касалланган одамлар ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Расторопша қондаги шакар даражасини кескин пасайтириши ва гипогликемияга олиб келиши мумкин.
Расторопшани дори сифатида қабул қилишга арзийдими ва буни қандай амалга оширилади.
Ҳа, агар сизда юқорида кўрсатилган ножўя таъсирлар кузатилмаган бўлса ва сизнинг шифокорингиз бунга қарши бўлмаса.
Расторопша уруғини таблеткалар ёки капсулалар, суюқ экстракт, қуритилган ва янчилган кукун шаклида сотиб олишингиз мумкин. Ҳар бир қадоқлаш тури ўзига хос силимарин миқдорига эга, у одатда пакетда кўрсатилади. Тузалиш эффектини олиш учун кунига ўртача 200-400 мг миқдорида силимарин ичиш керак. Мавжуд клиник тадқиқотларнинг кўпчилигида айнан шу дозалар кўрсатиб ўтилган.