ВИРУСЛИ ВА БАКТЕРИАЛ ИНФЕКЦИЯЛАРНИ ҚАНДАЙ ФАРҚЛАШ МУМКИН

ВИРУСЛИ ВА БАКТЕРИАЛ ИНФЕКЦИЯЛАРНИ ҚАНДАЙ ФАРҚЛАШ МУМКИН

Ҳар бир юқумли касалликнинг ўзига хос қўзғатувчиси бор - бу вирус, бактерия, замбуруғ, гельминтлар ва хаказо. Биз кўпинча вируслар ёки бактериялар келтириб чиқарадиган инфекцияларга дуч келганимиз сабабли, уларни ўзаро қандай фарқ қилишини тушуниш фойдали бўлади.

Вирус ва бактериялар ўртасидаги фарқ нима?
Вирус ҳужайрали тузилишга эга эмас ва улар фақат ҳужайралар ичида кўпайиши мумкин. Барча вируслар геномга эга - бир ёки иккита занжирли ДНК ёки РНК дан иборат. Вирусга қарши вакциналар кўпинча вируснинг ДНК ёки РНК асосида яратилади.
Бактериялар эса вируслардан фарқли ўлароқ, ҳужайрали ҳаёт шакллари бўлиб, узунлиги бир неча микрометргача бўлган микроорганизмлардир. Шу билан бирга, барча бактериялар зарарли эмас. Масалан, фойдали бактериялар хам бўлиб, овқатни ҳазм қилишда иштирок этади. Патоген бактериялар эса вируслар каби танага кирганда яллиғланишли инфекция чақиради.

Инфекцияларни бир-биридан белгилари билан ажратиш мумкинми?
Ҳар бир юқумли касалликнинг ўз аломатлари бор. Аммо ташхис қўйишда фақат ташқи симптомларга таяниш нотўғри хисобланади. Гап шундаки, касаллик аломатлари кўпинча патогенга боғлиқ эмас, балки айни инфекция тананинг қайси аъзо ёки тизимини зарарлаганига боғлиқ. Бошқача қилиб айтганда, вирусли инфекция билан ҳам, бактериал инфекция билан ҳам аломатлар тўплами ўхшаш бўлиши мумкин. Мисол учун хар иккиси хам ошқозон-ичак трактини зарарланганда беморда деярли бир хил аломатлар: овқат ҳазм қилиш бузилиши, қорин оғриғи, диарея, кўнгил айниши, қусиш ва ҳоказо кузатилади.

Шу билан бирга фарқли белгилар хам кузатилади:
• Вирусли инфекциялар бактериал инфекцияларга қараганда қисқароқ инкубацион даврга эга; вирусда касалликнинг биринчи белгилари тезда (1-7 кун ичида) пайдо бўлади, бактерияларда эса касаллик биринчи белгилари ўртача 7-10, баъзан 14-кунида кузатилади;
• вирусли инфекция кўпинча соғлом одамга юқади, бактериялар инфекция эса иммунитетнинг заифлашиши фонида (масалан, бошқа касалликдан кейин) ривожланади.
• вирусли инфекция кенг кўламли зарарланиш билан намоён бўлса, бактериал инфекция одатда локал бўлади.

Нима учун бактериал ва вирусли инфекцияларни фарқлаш муҳим?
Инфекциянинг ҳар бир тури махсус терапияни талаб қилади - турли хил дори-дармонларни қўллаш, турли дозаларда ва ҳоказо. Терапияни тўғри танлашнинг асоси эса - тўғри ташхис қўйиш, яъни. патогенни аниқлаш.
Нега касалликниг фақат симптомларини даволаш мумкин эмас? Чунки бу оқибатлари билан кураш хисобланади, касаллик сабабини эмас. Агар сиз вирусни ёки бактерияларни ўзини мағлуб қилмасангиз, унда, биринчидан, бу асоратларнинг ривожланишига олиб келади, иккинчидан, яллиғланиш сурункали шаклга ўтиб, у билан доимий курашишга тўғри келади. Шунинг учун шифокор касаллик симптомларини бартараф этиш билан бирга унинг сабабига қарши дори препаратлари хам буюрса, даволаниш самарали бўлади.

Касаллик вирус ёки бактерия хисобига ривожланганини қандай аниқлаш мумкин?
Хар қандай вирус ёки бактериялар организмга киргандан сўнг уларга қарши бизнинг иммунитетимиз ноёб антитаначаларни ишлаб чиқаради. Бу антитаначалар хар бир патоген флора учун ўзига хосдир. Бу реакция иммун жавоб бўлиб, унинг кўриниши бўйича инфекцияни вирус ёки бактерия келтириб чиқарганлигини аниқлаш мумкин.
Бунинг учун қон тахлили ўтказилади, лейкоцитлар турига эътибор қаратилади. Агарда қонда нейтрофиллар миқдори ортса – яллиғланиш – бактериал инфекция хисобига, лимфоцитлар сони ортса – вирус хисобига ривожланганини билиш мумкин.

Инфекциялар қандай даволанади?

Патоген аниқланганда, шифокор дори-дармонларни буюради. Бактериал инфекциялар учун бу антибиотиклар, замбуруғ инфекциялари учун - антимикотиклар ва хаказо.
Вирусли инфекцияни даволаш учун антибиотиклар эмас, балки вирусга қарши препаратлар ва иммунитетни кучайтирувчи воситалар қўлланилади. Вирусли инфекцияда антибиотиклар фақат иккиламчи бактериал инфекция қўшилганда буюрилади. Масалан респиратор инфекцияда бактериал пневмонияга қарши антибиотиклар.

Бактерияларнинг дори-дармонларга чидамлилиги нима?
Бактерияларнинг дори воситаларига чидамлилиги бизнинг давримизнинг энг жиддий тиббий муаммоларидан биридир. Дори воситаларини шифокор билан маслаҳатлашмасдан ва интернетдан олинган «тавсияларга» кўра қабул қилиш микроорганизмларни антибиотикларга сезувчанлигини камайтиради. Тўғри келган антибиотикни танлаш, нотўғри дозаларда қўллаш айни препаратларни кейинги сафар шу инфекцияга дори эффектини камайиши ва хатто йўқолишига олиб келади.
Шунингдек, шубҳали инфекцион (вирус ёки бактериялар) ҳолатларда антибиотикларни «ҳар эхтимолга қарши» ичиш тавсия этилмайди. Бундай дорилар тананинг микрофлорасини бузади, аллақачон заифлашган организмнинг жигари қўшимча зўриқади. Айниқса ёш болаларга антибиотикларни ўз-ўзидан бермаслик муҳимдир - фақат шифокор томонидан кўрсатилгандек, режим ва дозаларга қатъий риоя қилган ҳолда буюрилади.

www.gepamed.uz