ПРОСТАТА АДЕНОМАСИНИ ТРАНСУРЕТРАЛ РЕЗЕКЦИЯСИ ёки ТУР нима?

ПРОСТАТА АДЕНОМАСИНИ ТРАНСУРЕТРАЛ РЕЗЕКЦИЯСИ ёки ТУР нима?

Эндоскопик трансуретрал резекция (ТУР) - простата аденомасини даволашнинг «олтин» стандарти бўлиб, простата безидан ўсиб чиққан ва эркин сийдик чиқаришга халақит берадиган патологик тўқималарни олиб ташлашнинг энг самарали минимал инвазив жарроҳлик усули ҳисобланади.

Простата аденомаси – простата безининг тугунли гиперплазияси деб хам аталади. Касалликнинг ривожланиши простата безида яхши сифатли ўсма тўқималарнинг ўсиб кетиши билан характерланади. Одатда, бу жараёнлар ёшга оид гормонал ўзгаришлар билан боғлиқ. Шунингдек, у стресс, зарарли одатлар, чаноқ аъзоларидаги яллиғланиш, ортиқча семириб кетиш, ирсият, кам ҳаракатли турмуш тарзи, юқори қон босими, нотўғри овқатланиш хисобига хам ривожланиши мумкин.

ТУР ташрихи ўтказилганда терини кесишни талаб қилмайди, чунки муолажа сийдик чиқариш канали орқали амалга оширилади. Трансуретрал резекция одатда простата безининг яхши гиперплазияси ва простата саратони билан касалланган беморлар учун тавсия этилади. Операция юқори малака, жарроҳнинг махорати ва клиникада махсус жиҳозларнинг мавжудлигини талаб қилади.

ТУР афзалликлари
ТУРнинг стандарт очиқ жарроҳлик (трансвезикал аденомектомия) га нисбатан жуда кўп афзалликлари мавжуд. Улар:
•    Ташрих вақтининг қисқалиги (ўртача бир соат);
•    Тери бутунлигини сақланиши (кам инвазив);
•    Оғриқ синдромини камлиги;
•    Тикланиш даврини қисқалиги;
•    Операциядан кейинги асоратлар ривожланиши хавфини камлиги;
•    Тез реабилитация даври.

Трансуретрал резекциянинг турлари:

Олинадиган тўқиманинг хажмига кўра турлари:
•    Псевдо-ТУР. Беморда жиддий касалликлар бўлса, гиперплазияга учраган простатанинг кичик қисми (10-15 граммгача) олиб ташланади;
•    Парциал. Гиперпластик тўқималар 30 дан 80% гача ҳажмда олиб ташланади, сийдик канали конус шаклига келтирилади, простата тўқимаси фақат периферияда қолдирилади;
•    Тотал. Патологик ўсимта 100% олиб ташланади (очиқ операцияда бажарилгани каби);
•    Радикал. Простата бутунлай капуласи билан қўшиб олиб ташланади. Асосан простатанинг ёмон сифатли ўсма (рак) ни бошланғич босқичларида бажарилади.

Ташрихда қўлланиладиган электрон пичоқни турига кўра турлари:
•    Монополяр - юқори травматик бўлиб, тикланиш даврида асоратлар ривожланиши хавфи юқори бўлади. Бунда стандарт бир қутбли электрпичоқ қўлланиб, электр разряд пичоқ ва инсон танаси орасида хосил қилинади.
•    Биполяр – барча турдаги аденома тугунлари олиб ташланиб, сув интоксикацияси (ювиш учун ишлатиладиган сувни қонга ўтиши) хавфи йўқ бўлади. Бунда электр разряд пичоқнинг икки қутби орасида хосил бўлиб, патологик тўқимани кесиш ва коагуляция қилиш (гемостаз) параллел олиб борилади.
•    Плазмакинетик – қон томирлар коагуляцияси юқори бўлиб, сийдик пуфаги сфинктерига минимал жарохат етади.


ТУР қандай амалга оширилади?
Операция спинал оғриқсизлантириш (умуртқа орқали анестизия) остида амалга оширилади.
Биринчи босқичда жарроҳ эндоскоп ёрдамида ўсмалар ёки тошлар мавжудлигини текширади, аденоманинг хажми ва чегараларини аниқлайди.
Кейинги навбатда сийдик йўли орқали простата безига махсус асбоб – резектоскоп киргизилади. У диаметри тахминан 1 см ли, электрик ҳалқа, ёруғлик манбаи ва суюқлик учун идишдан иборат видеоқурилма хисобланади.
Назорат остида электр ҳалқа ёрдамида простата безининг ўсиб чиққан тўқимаси аста секин қириб олинади.
Жарроҳлик манипуляцияси юқори аниқлик билан амалга оширилиши учун жарроҳлик соҳасида яхши кўриниш талаб қилинади. Бунга операция қилинган зонани мунтазам ювиш йўли билан эришилади - резектоскоп каналлари орқали суюқлик (изотоник сорбисол эритмаси ёки физиологик эритма) ичкарига юборилади ва шу билан ҳудудни ювишнинг зарур даражасини таъминлайди.
Аденомани олиб ташлангандан сўнг, сийдик пуфаги якуний «тозаланади» - резекция қилинган простата тўқимасидан тозаланади, жарохатдан қон кетмаётганлигига ишонч хосил қилинади.
Операция тугагач, сийдик пуфагига Фолей катетери махсус баллон билан киритилади, у сийдик пуфагида шиширилиб, катетер тушиб кетишининг олдини олади. Катетер сийдикни олиб ташлаш, шунингдек, қон лахталарини шаклланишига йўл қўймаслик учун сийдик пуфагини ювиш учун бир неча кунга қолдирилади. Бундан ташқари, сийдикнинг доимий чиқиши сийдик пуфагини бўшашган ҳолатини таъминлайди, бу операция қилинган ҳудудга фойдали таъсир кўрсатади.
Катетер чиқарилгандан сўнг, бир мунча вақт сийиш пайтида баъзи ноқулайликлар сезилади, аммо вақт ўтиши билан бу  нормал ҳолатга қайтади. Сийдик пуфаги деворини ҳаддан ташқари чўзилмаслиги ва операция жойини таъсирламаслик учун сийдик пуфагини ортиқча тўлдириб юбормаслик тавсия этилади.


Тикланиш даври
Катетерни олиб ташлангандан кейин беморга уйга жавоб берилади (одатда операциядан 2-4 кун ўтгач). Антибиотик терапияси ва яллиғланишга қарши дориларнинг мажбурий курси белгиланади. Асоратларни ривожланишининг олдини олиш учун қуйидаги тиббий тавсияларга амал қилиш керак:
•    Жисмоний фаолликдан сақланинг;
•    Совуқ тушманг ва спиртли ичимликлар ичманг;
•    6 ҳафтага жинсий фаолликни чекланг.

Ташрихдан кейинги даврни кузатиб боринг ва агар иситма пайдо бўлса, оғриқ синдроми кучайса ва сийиш қийин бўлса, операция қилувчи жарроҳ билан боғланинг.


Манба: https://www.klinikasoyuz.ru/urologiya/miniinvazivnye-metodiki/transuretralnaya-rezektsiya-adenomy-prostaty/ 



Эндоскопик трансуретрал резекция (ТУР) - простата аденомасини даволашнинг «олтин» стандарти бўлиб, простата безидан ўсиб чиққан ва эркин сийдик чиқаришга халақит берадиган патологик тўқималарни олиб ташлашнинг энг сама...">