ЎРВИ НИМА ВА УНИНГ ҚАНДАЙ ТУРЛАРИ БОР?

ЎРВИ НИМА ВА УНИНГ ҚАНДАЙ ТУРЛАРИ БОР?

ЎРВИ (ОРВИ) қисқартмаси «ўткир респиратор вирусли инфекциялар» деган маънони англатади.  Ўткир нафас инфекцияларини кўплаб вируслар, шу жумладан грипп вируси чақиради. Қуйида уларнинг асосийлари хақида сўз юритилади.  

1. РИНОВИРУСЛИ ИНФЕКЦИЯ
ЎРВИ орасида энг кенг тарқалган бўлиб, дунёдаги ҳар иккинчи шамоллаш сабабининг биттаси хисобланади.
Қандай белгилари бор?
Номидан англаш мумкин бўлганидек бу инфекцияда асосан бурун билан боғлиқ муаммолар кузатилади: кучли бурун оқиши, бурун катакларини қичишиши, акса уриш, бурун битиши ва хаказо. Риновируслар совуқ хавода, айниқса 33-35 °С гача «музлатилган» бурун ҳароратида тез кўпайиш хусусиятига эга. Бошқача айтганда кучли совқотишдан кейин ўзингизда бурун оқиши ва юқоридаги айтилган бошқа белгиларни топсангиз, бу риновирус инфекцияси хисобланади. Кейинча патоген микроблар пастга йўналиши мумкин ва бунда томоқ оғриғи ва иситма каби симптомлар қўшилади.
Нимаси билан хавфли?
Риновирусли инфекцияларни ўнлаб йиллар давомида кузатиш натижасида уларнинг қўшимча бактериал инфекцияларни ривожланиш хавфини кескин ошириши аниқланган. Масалан, ўрта отит, ангина, синусит, бронхит, зотилжам. Бу қандай содир бўлиши ҳали тўлиқ аниқ маълум бўлмасада риновируснинг мавжудлиги  Streptococcus pneumoniae ни нафас йўлларининг эпителия ҳужайраларига яхшироқ ёпишишига ёрдам бериши аниқланган.
Бундан ташқари, риновирус инфекцияси мавжуд астма ва сурункали ўпка касалликларини кучайтиради. Айниқча риновирус ёш болалар, кексалар ва иммунитети заиф бўлган катталар учун хавфлидир.

2. АДЕНОВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ

Агар риновируслар бурун йўлларида, айниқса совуқда кўпайишни афзал кўрсалар, аденовируслар учун ҳарорат роль ўйнамайди. Улар хар қандай шароитда нафас олиш йўллари, кўзлар ва ошқозон-ичак трактининг шиллиқ пардаларини зарарлайдилар. Бу дегани аденовирус инфекцияси нафақат бурун орқали, балки контакт йўллари орқали хам осонгина юқади. Мисол учун, сиз аденовирус юқтирган одам билан бир сочиққа қўл артганингизда, ёки эндигина жамоат транспортида инфекцияланган тутқичдан ушлаб турган бармоқларингиз билан кўзингизни ёки бурнингизни ишқалаганингизда хам бу инфекцияга чалинишиингиз мумкин. Шунингдек, аденовирусли инфекцияни қўлда ёки дезинфекцияланмаган ҳовузда сузиш пайтида юқтириш мумкин.
Қандай белгилари бор?
Бугунги кунга қадар аденовирусли инфекциянинг 7 та тури маълум бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга бўлган касалликни келтириб чиқаради. Барчаси учун умумий белгилар қуйидагилардан иборат:  
•    Гриппга ўхшаш аломатлар, хусусан, иситма (ҳарорат 38 °C дан юқори) ва умумий холсизлик;
•    Томоқ оғриши;
•    Тўш суяги ортида оғриқ - вирус бронхга тушганда;
•    Шамоллаш фонида конъюнктивит - агар вирус кўзнинг шиллиқ қаватига таъсир қилса;
•    Қорин оғриғи, кўнгил айниши, диарея - аденовирус ичак шиллиқ қаватига ҳужум қилганда;
Нимаси билан хавфли?
Катта ёшдагилар ва болаларда аденовирусли инфекция асоратларсиз кечади ва унинг белгилари бир неча кун ичида йўқолади. Аммо чақалоқларда (бир ёшгача), қарияларда ва иммунитети заиф одамларда у пневмония, сийдик пуфаги инфекциялари, ҳатто менингоэнцефалит каби мия ва орқа мия шикастланиши билан асоратланиши мумкин.

3. ПАРАГРИПП
Парагрипп вируслари риновирус ва аденовирус инфекциялари каби кенг тарқалган эмас. Бироқ клиник аломатларнинг оғир кечиши билан беморларни бир неча кунга мехнатга лаёқатсиз қилиб кўяди. Парагрипп билан ёшликда деярли хамма тўқнаш келади ва унга қарши иммун жавоб хосил қилади. Шу сабабли катта ёшга бориб у билан қайта касалланган одамларда у жуда енгил кечади.  
Қандай белгилари бор?
Парагрипп инфекцияси белгилари қуйидагилар:  иситма, тумов, йўтал,  томоқ оғриши, иштаҳанинг йўқолиши, асабийлашиш, вақти-вақти билан қулоқларда оғриқ.
Нимаси билан хавфли?
Хавфлилик даражаси парагрипп вируси турига боғлиқ.
1-типдаги парагрипп вируси -  ҳалқум ва трахеянинг ўткир шиши натижасида ўпкага ҳаво киришини қийинлашиши билан кечади. Бу айниқса ёш болалар учун хавфли хисобланади.
2-типдаги парагрипп вируси  - халқум ва трахея шишини енгилроқ кечиши билан характерланади.
3-типдаги парагрипп - пневмония, бронхит ва бронхиолитнинг ривожланиши билан кечади.
4-типдаги парагрипп - анча кам учрайди, лекин у ўпка ва бронхларнинг оғир зарарланиши билан кечади.

4. КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ
Машхур коронавируснинг КОВИД-19 чақирувчи - SARS CoV 2 вируси, атипик пневмония чақирувчи - SARS CoV 1 вируси ва яқин шарқ респиратор синдромини чақирувчи МERS CoV вирусидан ташқари тўртта кенг тарқалган аммо нисбатан зарарсиз турлари бор.
Қандай белгилари бор?
Касалликнинг дастлабки босқичида барча турдаги коронавируслар ўхшаш белгилар билан намоён бўлади:
•    ҳароратнинг кўтарилиши;
•    йўтал;
•    холсизлик;
•    бош ва мушаклардаги оғриқлар.
•    Хид ва таъм билишни бузилиши (серологик турига қараб)
Нимаси билан хавфли?
Коронавируслар ҳам асоратлари билан хавфлидир. Хусусан, ўткир респиратор дистресс синдроми ривожланади – яъни вирус ўпканинг катта қисмини зарарласа нафас олиш муаммолари ривожланади. Кўкрак қафасидаги сиқилиш ёки оғриқ, онгни хиралашуви, ва тери-шиллиқ қаватлар рангини оқариши – буларнинг бари организмда кислород камлигини кўрсатади ва шошилинч тиббий ёрдам талаб қилади.

5. РЕСПИРАТОР СИНЦИТИАЛ ВИРУСЛИ ИНФЕКЦИЯ
Икки ёшгача бўлган чақалоқларнинг деярли барчасида учрайдиган вирусли инфекция хисобланади.
Қандай белгилари бор?
Енгил шамоллаш белгилари билан кечади. Жумладан, тумов, иштаҳанинг йўқолиши, йўтал, аксириш, кўкрак қафасидаги хириллашлар, тана ҳароратини ортиши, асабийлашиш ва нафас олишни бироз қийинлашиши.
Касалликнинг белгилари аста-секин пайо бўлади ва аста-секин (бир икки хафтада) йўқолади.
Нимаси билан хавфли?
Катта ёшдаги ва 1 ёшдан ошган болалар бу инфекцияни одатда енгил ўтказади. Аммо чақалоқлар ва иммунитети заиф одамларда респиратор синцитиал вирусли инфекция бронхиолит ва пневмонияга айланиши мумкин.


Www.gepamed.uz