ТАЛОҚ НИМАГА КЕРАК ВА УСИЗ ЯШАШ МУМКИНМИ?

ТАЛОҚ НИМАГА КЕРАК ВА УСИЗ ЯШАШ МУМКИНМИ?

Талоқ нима ва у қаерда жойлашган?
Талоқ ярим ой шаклидаги ўртача катталикаги аъзо бўлиб, қорин бўшлиғининг чап қовурға ёйи ости қисмида жойлашган. Талоқ чап буйрак, чамбар ичакнинг чап бурмаси, ошқозон ва ошқозон ости безининг дум қисми билан бевосита чегараланиб туради. Талоқнинг ўлчамлари инсоннинг ёшига, жинсига ва бўйи ўлчамларига боғлиқ бўлиб, узунлиги ўртача 80-110 мм ни йўғонлиги 35-40 мм ни ташкил этади.  

Талоқ организмда нима вазифа бажаради?
Талоқ асосан инфекцияга қарши курашади, шунингдек, қуйидаги вазифаларни бажаради:
•    Қон яратиш. Хомиладорлик пайтида хомила талоғи қоннинг барча шаклли элементларини хосил қилади. Туғилгач эса талоқ фақат лимфоцитлар ишлаб чиқаради. Агар одамда қон касаллигининг бирор ёмон сифатли тури (масалан, миелолейкоз) бўлса ёки суяк кўмигининг парчаланиши кузатилса, талоқнинг яна қон яратиш хусусияти тўлиқ тикланади.  
•    Эритроцитларни сақлаш. Бу аъзода қизил қон таначаларининг 8 фоизи сақланади.
•    Фагоцитоз. Махсус хужайралар (фагоцитлар) томонидан қариган ёки парчаланган хужайраларни, шунингдек, ёт микроорганизм ва оқсил-антитаначаларни ютилиши – фагоцитоз дейилади.
•    Иммун реакциялар. Бу антиген хужайраларни ютгандан кейин талоқда қоннинг химоя хужайралари – лимфоцитлар хосил бўлиши кучаяди.

Талоқни нима сабабдан олиб ташланади?
Ташрих орқали талоқни олиб ташлаш сабаблари бир нечта бўлиши мумкин:
•    Қон саратони касаллигининг айрим турлари. Бу хожкин ва нохожкин лимфомаси, хроник лимфолейкоз, тукли хужайрали лейкоз ёки хар қандай бошқа аъзолар ўсма касалликларининг талоққа метастази бўлиши мумкин.
•    Қоннинг бошқа касалликлари. Уларга тромбоцитопеник пурпура (қонда тромбоцитларнинг камайиб кетиши) ва  аутоиммун гемолитик анемия (эритроцитлар парчаланишини кучайиб кетиши) кириб, медикаментоз даво ёрдам бермаганда талоқ олиб ташланади.
•    Гиперспленизм. Бу холат талоқ фаолиятининг кучайиб кетиши натижасида тромбоцитлар ва қоннинг бошқа хужайраларини ортиқча кўп парчаланиши билан кечади.
•    Спленомегалия. Бунда талоқ ўлчамлари хаддан зиёд катталашиб кетиб, оғриқ чақириши, ошқозонни эзиб қўйиши хисобига ўзига хос шикоятлар келтириб чиқариши мумкин (масалан тез тўйиб қолиш хисси). Шу каби шикоятларни камайтириш ва сабабларини аниқлаш учун талоқ олиб ташланади.
•    Оғир травмалар. Талоқни шикастланиши кучли ва кўп қон йўқотиш билан кечган пайтда, қон тўхтатишни имкони бўлмаганда – талоқ олиб ташланади.
•    Инфекция. Бу холат кам учраб, талоқ тўқимасида йирингли ўчоқлар ва эхинококк кисталари аниқланганда талоқнинг бирор қисми ёки бутунлай олиб ташланади.  

Талоқсиз қандай яшаш мумкин?
Мухим вазифаларни бажаришига қарамасдан талоқсиз яшаш мумкин. Унинг эритроцитларни сақлаш вазифасини суяк кўмиги ўз бўйнига олади. Асосий ишни жигар бажаради. Яъни инфекцион касалликлардан химоялаш ва ўлган хужайраларни парчалаш вазифаларини. Иммун тизимнинг бошқа аъзолари: лимфа тугунлари, лимфоид тўқималар, тўқима макрофаг хужайралари фаолияти эса кучайиб, инфекцияга қарши интенсивроқ кураша бошлайди. Аммо хар қандай холда хам инсоннинг иммунитети пасайиб, зарарланиш хавфи юқорилигича қолаверади.
Талоғи олиб ташланган инсонлар учун махсус пархез, иш режими ёки алохида хаёт тарзи талаб этилмайди.


Www.gepamed.uz 



Талоқ нима ва у қаерда жойлашган?
Талоқ ярим ой шаклидаги ўртача катталикаги аъзо бўлиб, қорин бўшлиғининг чап қовурға ёйи ости қисмида жойлашган. Талоқ чап буйрак, чамбар ичакнинг чап бурмаси, ошқозон ва ошқозон ости безин...">