КЎЗ ОСТИДАГИ КЎКАРИШЛАРДАН ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ҚУТУЛИШ МУМКИН?

КЎЗ ОСТИДАГИ КЎКАРИШЛАРДАН ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ҚУТУЛИШ МУМКИН?

Кўз ости кўкаришларини сабаби қуйидагилар:

1. Чарчоқ ва уйқунинг етишмаслиги
Инсонда куч қуввати қолмаганда организмдаги жараёнлар секинлашиб, тикланиш учун уйқуни талаб қилади. Қон секинроқ айланади, димланади ва қон томирлар кенгаяди. Кўз остидаги капиллярлар терига жуда яқин жойлашган бўлиб, уларнинг тонусини тушиши ва кенгайиши хисобига тери остидан кўкариб сезила бошлайди. Кўз остидаги терининг қалинлиги бор йўғи 0,5 мм бўлиб, бу соханинг кўкаришига ва шишинқирашига, шунингдек, лимфа оқимининг секинлашуви хам сабаб бўлади.

2. Кўзларнинг толиқиши
Компьютер ортида узоқ ишлаш, кўп китоб ўқиш ва шу каби машғулотлар кўз ва унинг остидаги қон томирларни зўриқишига, кенгайишига ва тери остидан сезилиб кўкаришига олиб келади.

3. Темиртанқис анемия
Анемия – бу қондаги кислородни ўпкадан орган ва тўқималарга етказиб берувчи оқсил хисобланади. Кислород билан бирикканда гемоглобин ёрқин қизил тусга кириб, артериал қонга ўзига хос ранг беради. Кислородни тўқималарда қолдиргач эса гемоглобин яна тўқаради ва ўз навбатида қоннинг ранги хам ўзгаради. Мисол учун қўлингиздаги веналарга эътибор қаратсангиз уларда кислород озлиги учун кўк рангдалигини кўрасиз. Гемоглобиннинг нормал хосил бўлиши учун темир моддаси керак бўлади. Унинг етишмаслиги гемоглобин камайишига ва ўз навбатида қонда кислород камайиши ва қон томирларини кўкаришига сабаб бўлади.  

4. Сувсизланиш
Терини сувсизланиши унинг қуриши ва юпқаланишига олиб келади. Кўз остидаги терини юпқалиги хисобга олсак эса унинг остидаги кўкарган қон томирларни бемалол сезиш мумкин.

5. Аллергик реакциялар
Аллергия кўзларни қичишиши ва ёшланишига олиб келади. Аллергенга жавобан ажраладиган гистамин моддаси эса қон томирларини кенгайишига олиб келади. Кўзларни қашлаш эса у ердаги нозик қон томирларини зарарланиши ва майда қон талашлар пайдо бўлишига ва ўз навбатида кўкаришларга олиб келади.

6. Ёш
Ёш ўтган сайин тери қуруқшаб, намлигини йўқотади ва янада юпқалашади. Бу эса кўз остидаги кўкарган қон томирларни яққолроқ сезилишига олиб келади.

7. Ирсий мойиллик
Айрим инсонларнинг кўз остидаги териси туғилганидан юпқа бўлиб, кўз остидаги кўкаришларини болалигиданоқ кўриш мумкин. Айрим инсонларда эса эпидермис ёш ўтган сайин ортиқча тезлик билан юпқалашади. Кўз ости доимий  қорайиши кузатилган инсонлар ўз авлодига шу нуқсонни  узатиш хусусиятига эга.

8. Чекиш, алкогол истеъмол қилиш
Зарарли одатдар терини юпқалашиши ва қон томир капиллярларини осон синувчан қилиб қўяди. Ёрилган майда капиллярлар хужайралари тери остида тўпланиб, оксидланади, қораяди ва кўз остидан сезила бошлайди.

9. Ошқозон ичак муаммолари, захарланиш
Қайт қилиш ва ич кетиши натижасида организм кўп суюқлик йўқотади. Сувсизланиш эса айтиб ўтганимиз каби кўз ости кўкаришига сабаб бўлади.

10. Юрак қон томир касалликлари
Қон томирлар муаммолари қоннинг уларда димланишига олиб келади. Кўз остидаги нозик томирчалар эса бу ўзгаришларга энг тез сезувчан хисобланади.

Кўз остидаги кўкаришларни уй шароитида қандай йўқотиш мумкин?
Бу муаммонинг ечими уни келтириб чиқарган сабабига боғлиқ. Агар кўз ости кўкариши сизнинг иш фаолияти ва дам олишингизга, овқатланиш характери ва суюқлик истеъмолига боғлиқ бўлмаган холда тез-тез қайталаниб турса – унда албатта терапевтга мурожаат қилишингиз керак. Чунки кўз остидаги кўкаришлар камқонлик ва юрак муаммоларини биринчи белгиси булиши мумкин.

Агар кўкаришлар гох-гохида пайдо бўлса, бироз хаёт тарзини меёрлаштириш ва қуйидаги усуллардан фойдаланиш кифоя қилади:

1. Тўйиб ухланг
Катта ёшдаги одамлар учун нормал уйку вақти суткасига 7-8 соатда кам бўлмаслиги керак. Айнан шу вақт организмни ва шу жумладан қон томир тизимини тикланиши учун етарли хисобланади. Агар Сизни шунингдек, қовоқлар шиши хам безовта қилса, унда баландроқ болиш (ёстиқ)да ётишни тавсия этамиз. Бу лимфа оқимини осонлаштиради.

2. Етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилинг
Кунига 8 стакан сув ичиш шарт эмас, албатта. Иқлим ва фасл шароитидан келиб чиқкан холда имкон қадар ташна бўлмасликка харакат қилинг. Чанқадингизми, мархамат қилиб, чой, шарбат, морс ёки сув ичинг. Албатта сийдик рангига хам эътибор қаратиб туринг. Унинг шаффофлиги ва оқиш сариқ рангдалиги ичимлик ичиш режимида муаммолар йўқлигини англатади.

3. Тўлақонли овқатланинг
Сизнинг вазифангиз – соғлом гемоглобин миқдорини таъминлашдан иборат. Овқат рационингизга қуйидаги махсулотлар киришини назорат қилинг:
•    темир (масалан, гўшт, балик, жигар, исмалоқ, товуқ тухуми);
•    фолиев кислотаси (ошкўклар, донли ва ёрма махсулотлари);
•    витамин С (цитрус мевалар, қулупнай, малина, қора смородина);
•    витамин А (жигар гўшти, ошқовоқ, исмалоқ).

4. Терини намлаб туринг
Кўз остидаги юпқа тери ташқи мухит таъсири (иссиқ-совуқ) га биринчи навбатда реакция билдиради. Шунинг учун хеч бўлмаса ётиш олдидан кўз остига енгил харакатлар билан намловчи крем суртинг. Бу нозик массаж қон ва лимфа оқимини яхшилайди. Шунингдек, куннинг асосий вақтини ўтказадиган ва ухлайдиган хонангизни намлигини (айниқса қиш кунлари) назорат қилиб туринг.    

5. Кўз остига совуқ компресс қўйинг
Кўз остига 3-5 дақиқага совуқ сувда намланган пахтали диск ёки масалан, ош қошикни кўйинг. Совуқ таъсирида қон томирлар торайиб, тери остидан камроқ сезилади.

6. Кўз остига бодринг бўлакчалари ёки дамлаб ишлатилган чой пакетчаларини қўйинг
Бодринг – хам совуқ компресс вазифасини ўтайди, хам кўп намлик тутади ва кўз ости терисини етарлича намлайди.  Унинг ўрнига ишлатилган чой пакетчаларини қўйиш хам мумкин – улардаги кофеин қон харакатини яхшилайди.


Кўз остидаги кўкаришларни профессионал тарзда йўқотиш:

Агар кўз ости қорайишларини сабаби ёшга ва ирсиятга боғлиқ бўлса, «момолардан қолган усуллар» ёрдам бермайди. Бу холда косметолог ёки дерматолога учраш керак. Муаммони сабабини аниқлагач, улар қуйидаги ечимларни тавсия этиши мумкин:
•    Оқартирувчи крем – кўкаришлардан махсус кремлар ёрдамида қутулиш мумкин (азелаин, гликол кислотали ёки гидрохинонли кремлар);
•    Химик пилинг - бу муолажалар кўз ости териси пигментациясини камайтиради;
•    Лазерли терапия – тери пигментациясини камайтириш ва тери тикланишини тезлатишнинг яна бир усули.
•    Таркибида қон плазмаси ёки гиалурон кислотаси тутувчи «филлерлар» ни юпқа игна ёрдамида тери остига юборилади. Натижада улар қалинлашиб, кўз ости кўкаришии камаяди.
•    Блефаропластика – нафақат кўз ости кўкариши, балки қовоклар осилишида хам қўлланилади.
Қайси вариантда тўхташни врач билан маслахатлашгандан сўнг хал килинади.



Www.gepamed.uz