ХИМИОТЕРАПИЯ НИМА?

ХИМИОТЕРАПИЯ НИМА?

Химиотерапия деганда саратон касаллигини медикаментоз препаратлар билан даволаш тушунилади. Бу препаратларнинг таъсир механизми тез кўпайишга мойил бўлган ўсма хужайраларини ўсишини тўхтатишдан иборат. Оператив йўл орқали инсон танасининг маълум бир қисмида жойлашган саратон ўчоғи олиб ташланса, химиотерапия ёрдамида, организмдаги, шу жумладан бирламчи ўчоқдан узоқроққа тарқалишга улгурган метастатик ўсма хужайраларини ўсишини тўхтатилади ва деструкцияси таъминланади.   

Химиотерапиянинг таъсир принципи қандай?
Химиотерапиянинг икки тури фарқланади:
Неоадьювант терапия – операция ёки нурли терапиядан олдин белгиланиб, ўсма ўлчамларини кичрайтириш ва асоратларини олдини олишга қаратилади.
Адьювант терапия – операция ёки нурли терапиядан кейин буюрилиб, организмда қолиб кетган саратон хужайралари қолдиқларини ўлдиришга қаратилади.
Химиотерапия биологик ва гормонал терапия билан биргаликда қўлланилади. Бунда қўлланиладиган дори препаратлари турли ўсмаларга бўлган таъсир механизми ва захарлилик спектрига қараб фарқланади.

Химиотерапиядан олдин – даволашни режалаштириш.
Химиотерапияни белгилашда саратон касаллигининг тури, жойлашиши, стадияси, ўсманинг ўлчамлари, метастазларнинг бор ёки йўқлиги, беморнинг ёши ва қўшимча касалликларнинг мавжудлигига эътибор қаратилади. Даволаш дастури қўлланиладиган дори препаратлари комбинацияси, дозаси ва давомийлигини хисобга олади. Фактик дозалар беморнинг тана юзаси (бўйи ва вазни) га қараб белгиланади. Даволаш сеанслари химотерапия цикли (курси) деб аталади. Хар бир цикл орасида танаффуслар қилинади. Бутун даво курси давомида бемор хар томонлама назорат остида бўлади: физикал кўрик, қон тахлиллари, УЗИ, МРТ, КТ текширувлари натижалари ва ножўя таъсирлар кузатилиб турилади. Керак пайтларда врачлар гурухи қарорига асосан химиотерапия тўхтатилиши мумкин.

Химиотерапия қандай амалга оширилади?

Химиотерапия дори воситалари организмга турли йўллар билан юборилади:
•    Вена ичига – кенг тарқалган тури;
•    Перорал – оғиз орқали (узоқ вақт ичилади, ремиссия бўлгунга қадар);
•    Инъекция шаклида – бевосита маълум бир аъзога, бўшлиқларга юборилади (масалан, сийдик пуфагига, орқа мия суюқлигига).
 
Химиотерапиянинг ножўя тахсирлари қандай?
Химиотерапевтик препаратлар қўлланилиши давомида нафакат саратон хужайралари, балки соғлом хужайраларни хам, айрим препаратлар эса хатто хаётий мухим аъзолар (юрак, сийдик пуфаги, ўпқа, асаб тизими) ни хам зарарлайди. Ножўя таъсирларнинг ифодаланганлиги препарат тури, дозаси ва организмнинг индивидуал реакциясига боғлиқ.

Ножўя таъсирларга бўшашиш, эритроцитларнинг камайиши (камқонлик), тромбоцитларнинг сонини камайиши, кўнгил айниши, қусиш, иштахасизлик, ич қотиши ёки ўтиши, соч тўкилиши, организм иммунитетини тушиши, оғиз бўшлиғи инфекциялари ривожланиши киради.

Хозирда кўнгил айниши ва қайт қилишни йўқотадиган бир қатор препаратлар мавжуд бўлиб, улар химиотерапия сеанси пайтида бирга юборилади ёки ундан сўнг ичилади. Одатда ножўя таъсирлар узоққа чўзилмайди ва организмда химиотерапия препарати батамом ювилиб кетгандан сўнг йўқолади.

www.gepamed.uz