ҚИЗИЛ ВОЛЧАНКА, САБАБЛАРИ ВА БЕЛГИЛАРИ.

ҚИЗИЛ ВОЛЧАНКА, САБАБЛАРИ ВА БЕЛГИЛАРИ.

ҚИЗИЛ ВОЛЧАНКА – мураккаб тизимли касаллик хисобланиб, иммун тизими томонидан организмни хусусий хужайраларини хужумга учраши билан характерланади. Қизил волчанкада нафақат тери балки бўғимлар, қон хужайралари, ва бошқа аъзолар хам зарарланади. Кўп холларда қизил волчанка тери васкулити, артрит, нефрит, панкардит ва плеврит билан бирга келади.
Касаллик юқумли хисобланмайди ва ўз номини юздаги тошмалар шаклини бўри тишлаганда каби қолган изларга ўхшагани учун олган.

Қизил волчанка билан кўпроқ аёллар оғриб, беморларнинг 90 фоизи туғруқ ёшидаги 20-45 ёшли аёлларни ташкил этади. Касаллик Осиёда, Америкада ва Афроамерикада кенг тарқалган.

Қизил волчанкани 2 та тури мавжуд.

1.    Дискоидли қилил волчанка – терини зарарланиши билан кечувчи хроник касаллик;
2.    Тизимли  қизил волчанка (СКВ) – кўплаб ички аъзоларни зарарланиши билан кечувчи тизимли аутоиммун касаллик.

Қизил волчанка сабаблари.
Олимлар қизил волчанканинг ривожланишида ирсий мойиллик мавжудлигини аниқлашган. Қизил волчанкада иммун тизими фаолиятида бузилиш кузатилиб, у организмнинг «ўз» ва «ёт» хужайраларини ажрата олмай қолади. Натижада организмнинг хусусий хужайралари ДНК сига қарши антитаначалар ривожланади ва бутун организмда яллиғланиш жараёни кетади.

Касалликнинг ривожланиши учун қуйидаги омиллар шароит яратиши мумкин:

•    Турли дори воситаларини ичиш: антибиотиклар, сульфаниламидлар, вакциналар;
•    Организмда гормонал дисбаланс: андроген ва эстрогенлар орасидаги;
•    Қуёш нурида узоқ қолиш;
•    Организмни совуқ қотиши;
•    Эндокрин бузилишлар;
•    Узоқ давом этувчи стресс холатлари;
•    Айрим вирусли инфекцилар

Қизил волчанка белгилари.
Айтиб ўтилганидек дискоидли қизил волчанка асосан терини зарарланиши билан кечса, тизимли қизил волчанка кўплаб ички аъзоларни яллиғланишига олиб келади.
Кўпинча тизимли волчанка беморларда сабабсиз бўшашиш, озиб кетиш, тана хароратини ортиши ва бўғимларни зирқираб оғриши белгилари билан бошланади.  

Америка ревматологлари коллегияси тизимли қизил волчанкани диганостикаси критерийларини ишлаб чиққан бўлиб, беморда қуйидаги 11 симптомдан хеч бўлмаса 4 тасини аниқланиши – қизил волчанка мавжудлигини англатади.
Улар қуйидагилар
1.    Бурун ва ёноқларда капалак шаклида қизил тошмаларни тошиши, (шундай тошмалар декольте зонасида ва қўл кафтининг орқа қисмидаги хам кузатилади);
2.    Юзда, бошнинг сочли қисмида ва кўкракларда диск (лаппак) шаклидаги тангачаларни пайдо бўлиши;
3.    Терини қуёш таъсирига сезгирлигини ортиши;
4.    Оғиз-халқум қисмида ярачаларнинг пайдо бўлиши;
5.    Бўғимларнинг шиши ва оғриқлилиги, харакатларнинг чегараланганлиги;
6.    Юрак, ўпка ва қорин парданинг сероз пардасини зарарланиши
7.    Буйракларнинг зарарланиши;
8.    Марказий асаб тизими фаолиятини бузилиши (талвасалар, тушкунлик холати);
9.    Гематологик ўзгаришлар (камқонлик);
10.    Иммунологик бузилишлар (иккиламчи инфекциялар);
11.    Организмнинг хусусий хужайраларига қарши антитаначаларни пайдо бўлиши;

Айтиб ўтилган белгилардан ташқари беморларда: иситма, соч тўкилиши (каллик), мускулдаги оғриқлар, иштахани пасайиши ёки ортиб кетиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш, диарея кузатилиши мумкин.

Айрим холларда қизил волчанка билан бирга Рейно синдроми ривожланиб, қўл бармоқлари учлари, қулоқ супраси ва бурун учининг оғриши ва увишиши кузатилади.

Қизил волчанка билан оғриган хар ўн бешта беморнинг биттасида Шегрень синдроми кузатилиб, у кўз ва оғиз шиллиқ қаватини (аёлларда қинни) қуриши билан намоён бўлади.
Касалликнинг кейинги ривожланиши қўзиш ва ремиссия даврларини алмашиниши билан кечади.


© www.gepamed.uz