ТАБЛЕТКАЛАРНИНГ НОЖЎЯ ТАЪСИРЛАРИ-1

ТАБЛЕТКАЛАРНИНГ НОЖЎЯ ТАЪСИРЛАРИ-1

Инсоният «дорилар дунёсида» яшамоқда. Ишлаб чиқарувчилар кундан кунга дори бозорига янгидан янги препаратларни киритмоқда. Шу сабабли хам кўплаб «давосиз» касалликлар хам ўз давосини топмоқда.  Аммо хар қандай медалнинг хам орқа томони мавжуд.

Бир қарашда дори воситаларини «сехрли ўққа» қиёслаш мумкин – улар танлаб, аниқ бир оғриган жойга таъсир этади ва соғлом тўқималарга зиён етказмайди. Аслида эса кўплаб дори воситалари «сочма ўққа» ўхшайди ва ўз таъсири билан катта майдонларни қамраб олади.

Олдиндан аниқланган зарар.
Дори воситаларини организмда тўпланиб, зарарли таъсир этиши хозирда «дориларни ножўя таъсири» деган умумий номни олган.
Одатда дориларни ножўя таъсири олдиндан маълум бўлиб, бу хақида уларнинг йўриқномасида айтиб ўтилади. Кўп холатларда дориларнинг салбий таъсири кам ифодаланади ва дори воситасини ичишни тўхтатганда ёки дозасини камайтирганда йўқолади. Айрим дори воситалари эса организмга сезиларли даражада зиён етказади.  Дориларнинг ножўя таъсири икки хил бўлади:
1.    Бевосита ножўя таъсирлар: масалан ошқозон ичакнинг шиллиқ қаватларини зарарлайди;
2.    Билвосита ножўя таъсирлар: масалан антибиотик таъсирида ичаклардаги табиий микрофлора зарарланиб витаминлар етишмовчилигига олиб келади.

Нишон органлари
Дори воситалари оғиз орқали қабул қилинганда биринчи ўринда ошқозон-ичак йўллари таъсирланади. Бу холатда ножўя таъсирлар тишлар эмалини зарарланиши, стоматит, ошқозон ичак эрозиялари, кўнгил айниши, қоринни дам бўлиши, иштахасизлик, хазм қилишни бузилиши, ич ўтиши ёки қотиши билан намоён бўлади.
Айрим препаратлар ошқозонда хлорид кислота ажралишини кучайтириши, шиллиқ пардаларни химоя қатламини тикланишини секинлаштириши ва натижада эрозия ва яралар хосил бўлишига сабаб бўлади. Уларга кортикостероидлар, анальгетиклар, ностероид яллиғланишга қарши препаратлар, кофеин ва бошқалар киради.   

Кўп холларда дорилар таъсирида жигар зарарланади. Айнан жигар ўзига биринчи зарбани қабул қилади ва айнан жигарда кўплаб препаратлар биотрансформацияга учрайди. Бу айниқса антибиотиклар, қўрғошин ва симоб препаратлари қўлланилганда кузатилади.

Буйраклар хам навбатдаги ўринда дори воситаларининг номаъқул таъсирига учрайди. Буйраклар орқали организмдан кўплаб дори воситалари ўзгармаган ёки бир қатор трансформациялардан сўнг чиқариб юборилади. Жумладан антибиотиклар, сульфаниламидлар ва томир торайтирувчи препаратлар буйракда тўпланиб токсик таъсир этади.

Дори воситаларининг ножўя таъсири асаб тизимини айрим функцияларини бузилиши билан хам намоён бўлади. Нерв хужайралари айниқса химик моддалар таъсирига сезувчан хисобланади. Бу бош оғриши, бош айланиши, тормозланиш ва иш фаолиятини бузилиши билан намоён бўлади. Айрим препаратлар (масалан, нейролептик ва транквилизаторлар) ни узоқ вақт ичиш марказий нерв тизимини тормозлайди, депрессия ва паркинсонизм ривожланишига, уйқусизлик ва харакат координациясини бузилишига сабаб бўлади.

© www.gepamed.uz