ХАЙЗ ОЛДИ СИНДРОМИ, САБАБЛАРИ ВА БЕЛГИЛАРИ

ХАЙЗ ОЛДИ СИНДРОМИ, САБАБЛАРИ ВА БЕЛГИЛАРИ

Хайз олди синдроми – бу циклик такрорланувчи хайз циклининг иккинчи ярмида (хайзга 3-12 кун қолганда) намоён бўлувчи симптомлар йиғиндиси бўлиб, хар бир аёлда индивидуал кечади. Хайз олди синдроми бош оғриши ва йиғлоқилик, кескин таъсирланувчанлик ва депрессия, кўнгил айниши ва қусиш, тери қичишиши ва шиши, қорин оғриғи ва метеоризм, юрак сохасидаги оғриқлар ва юрак ўйнаши билан кечади. Бу даврда аёлларда вегетатив-қон томирлар, нейропсихик ва эндокрин алмашинув бузилишлари кетиб, оғир холларда невроз шаклланади.


Хайз олди синдроми 30 ёшгача аёлларда 20% холда, 30 ёшдан ўтгач эса 0-80 фоиз холларда учрайди. Хайз олди синдроми эмоционал нотурғун, озғин, ақлий мехнат билан кўпроқ шуғулланувчи ва астеник тана тузилишига эга бўлган аёлларда кузатилади.

Хайз олди синдроми сабаблари.
Хайз олди синдромини келиб чиқиши сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:
•    Илгари бошдан кечирилган стресс холатлари;
•    Нейроинфекциялар, абортлар;
•    Травмалар ва ташрихлар;
•    Гинекологик ва умумсоматик касалликлар.


1. Хайз олди синдромини келиб чиқишида гормонал назария мухим ўрин тутади. У аёлларда гормонал фонни издан чиқиши, хайз циклини иккинчи ярмида прогестерон ва эстрогенлар нисбатини ўзгариши билан намоён бўлади. Яъни эстрогенларнинг ишлаб чиқишини кўпайиши организмда ортиқча суюқликни ушланиб қолиши, шишлар, кўкрак безларини таранглашуви, юрак-қон томир тизимидаги бузилишларга олиб келади. Эстрогенларнинг бош мия структурасига таъсири депрессия ва агрессия, тез таъсирланувчанлик ва йиғлоқиликка сабаб бўлади.
2. Яна бир гормонал назарияга кўра пролактин гормони гиперсекрецияси организмда сув ва натрийни ушланиб қолиши, кўкрак безидаги ўзгаришларни келтириб чиқаради.
3. Хайз олди синдромини ривожланишида простагландинлар, яъни организмдаги физиологик жараёнларни бошқарувчи    гормонга ўхшаш моддаларнинг ўрни катта. Простагландинларнинг ортиқчалиги мигрень каби бош оғриши, хазм тизимидаги бузилишлар, вегетатив-қон томир реакциялари билан намоён бўлади.
4. Бир қатор текширувчилар хулосасига кўра хайз олди синдромини ривожланишида витаминлар (витамин А, В6) ва микроэлементлар (кальций, магний, рух) танқислиги, шунингдек ирсий омиллар мухим ўрин тутади.

Хайз олди синдроми белгилари.
Хайз олди синдромида қайси белгиларнинг устун туришига қараб: нейропсихик, цефалгик, шишли, хуружли ва атипик турлари фарқланади.
1. Нейропсихик шаклда – уйқусизлик, бўшашиш, кайфиятнинг нотурғунлиги, таъсирланувчанлик, йиғлоқилик, агрессия, сабабсиз ғам-ғусса, тушкунлик, қўрқув хисси, жинсий бузилишлар, эшитув ва хид билишни бузилиши, бош айланиши ва хатто суицидал хаёллар каби эмоционал сферадаги шикоятлар пайдо бўлади. Шунингдек, иштаха пасайиши, метеоризм, кўкрак безларини дағаллашуви ва оғриқлилиги бирга келади.
2. Цефалгик шаклининг клиник манзараси вегетатив қон-томир ва неврологик симптомлар билан кечади: мигренсимон бош оғриғи, понос, юрак ўйнаши ва оғриши, хид ва товушларга ўта сезгирлик, невроз холат ва уйқусизлик кузатилади. Бош оғриғи чакка сохасининг пульсациясимон оғриғи, қовоқлар шиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш билан характерланади.     
3. Шишли шакли – организмда тўқима ичи суюқлигини ушланиб қолиши белгилари билан намоён бўлади. Улар юз ва оёқ-қўлларни шиши, тана вазнининг ортиши, сийишни камайиши, чанқаш, кўкрак безларини дағаллашуви, тери қичишиши, бош ва бўғимлар оғриши, метеоризм, запор ёки понос бўлиши мумкин.  
4. Хуружли шакли – қон босимини ортиб тушиши, тахикардия, юрак санчиқлари, паник хуружлар ва уларнинг су юрак санчиқлари, паник хуружлар ва уларнинг сўнгида кўп миқдорда сийиш билан характерланади. Хуружли шакли 40 ёшдан ортган - юрак, буйрак ва хазм тизимида муаммолари мавжуд аёлларда кўп учрайди.  
5. Хайз олди синдромини атипик шакли тана хароратини 37,5 °С гача ортиши, уйқучанлик, офтальмоплегик мигрень, аллергик реакциялар (ярали стоматит ва гингивит, астмоид синдром, Квинке шиши) билан кечади.


Хайз олди синдромини оғирлик даражаси шикоятларнинг сонига қараб бахоланади.
Енгил даражаси – 3-4 та характерли белгиларни хайздан 2-10 кун илгари бошланиши билан характерланади.
Оғир даражасида – шикоятлар сони 5-12 та бўлиб, улар хайздан 3-14  кун илгари бошланади. Оғир даражасида барча белгилар яққол намоён бўлиши хам мумкин ва аёлнинг иш фаолиятини кескин пасайиши кузатилади.    

Хайз олди синдромини учта босқичи фарқланади:
1.    Компенсация босқичи – белгилар хайз циклини иккинчи ярмида пайдо бўлиб, хайз келиши билан йўқолади. Йиллар давомида шикоятлар кучаймайди.
2.    Субкомпенсация босқичи – шикоятлар сони ортиб боради, оғирлик даражаси кучаяди, хайз олди синдроми белгилари бутун хайз кўриш давомида сақланади, ёш ўтган сари холат кучайиб боради.
3.    Декомпенсация босқичи – хайз олди синдроми белгилари эрта бошланиб, кеч тугайди, айрим пайтларда «ёруғ кунларни» кузатиш мумкин. Синдром белгилари оғир кечади.



© www.gepamed.uz