АУТОИММУН КАСАЛЛИКЛАР НИМА ВА УЛАР ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

АУТОИММУН КАСАЛЛИКЛАР НИМА ВА УЛАР ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

Аутоиммун касалликлар нима?
Бу иммун тизимининг сурункали патологияларининг катта гуруҳи бўлиб, бунда иммунитет ҳужайралар ёки антитаначалар ёрдамида соғлом тўқималар ва органларга ҳужум қилади. Натижада улар яллиғланади ва шикастланади.

Аутоиммун касалликлар қаердан келиб чиқади?
Кўпинча унинг сабаби номаълум: улар ҳамма одамда пайдо бўлиши мумкин. Бироқ, олимлар қуйидаги омилларни хавф гурухига киритади:
•    Аёллар, айниқса туғиш ёшидаги аёллар. Баъзи аутоиммун касалликлар, масалан, қизил волчанка, ёш аёлларда эркакларга қараганда 10 марта кўп учрайди.
•    Генетик ўзгаришлар. Айрим аутоиммун касалликлар бир оила аъзоларида генларнинг тўсатдан мутацияси туфайли пайдо бўлади ёки ирсият орқали узатилади.
•    Ташқи омилларнинг таъсири. Қуёш нурлари, кимёвий моддалар, вируслар ва бактериялар аутоиммун жараённинг ривожланишига мойиллик яратади.

Аутоиммун касалликларга қайси патологиялар киради?

Уларнинг тури кўп бўлиб, 100 тадан ортади. Қуйида уларнинг энг кўп учрайдиганлари келтирилади:
1.    Қандли диабетнинг 2 тури. Бу ошқозон ости бези ҳужайралари иммунитет тизими томонидан ишғол қилинганда пайдо бўлади, шунинг учун улар инсулин гормонини камроқ ёки кўпроқ ишлаб чиқаради. Натижада, глюкоза тананинг ҳужайралари томонидан сўрилмайди ва тўқималарга, биринчи навбатда, қон томирлари ва нервларга зарар етказади.
2.    Тизимли қизил волчанка. Ушбу касалликда антитаначалар буйраклар, тери, ўпка, юрак, мия ва асаб тизимига ҳужум қилади.
3.    Ревматоид артрит. Антитаначалар бўғимларнинг яллиғланишига олиб келади, бу эса қизариш, оғриқ ва бўғимлар ҳаракатчанликнинг бузилишига ва охир-оқибат деформациясига олиб келади.
4.    Тарқоқ склероз. Бу мия ва орқа мия касаллиги бўлиб, унда антитаначалар асаб толалари қобиғига ҳужум қилади. Уларнинг қисман зарарланишида, сигналларнинг бош мияга етиб бориши бузилади. Оқибатда тананинг турли қисмлари уюшиш, заифлик ва оқибатда фалажлик ривожланади.
5.    Псориаз. Бунда иммун ҳужайралари тери қопламаларига зарар етказади. Бу эса қичишиш, қизариш ва оғриқли сохаларни ривожланишига олиб келади. Псориазда кўпинча тирсаклар, тиззалар, бош териси, кафтлар ва оёқлар зарарланади.
6.    Склеродермия. Фибробласт ҳужайралари ва Т-лимфоцитларнинг фаоллашиши туфайли терида бириктирувчи тўқималарнинг анормал ўсиши содир бўлади, бунинг натижасида тери қалинлашади ва зичлашади. Бу эса бўғимлар ва мушакларда шиш ёки оғриқни келтириб чиқаради.
7.    Васкулит. Қон томирларининг аутоиммун яллиғланиши бўлиб, уларнинг торайиши ва қон оқимининг бузилишига олиб келади.
8.    Целиакия. Таркибида глютен моддаси (клейковина) тутувчи махсулотлар (арпа, буғдой, жавдар) ни истеъмол қилиш натижасида ривожланади. Натижада, ичак шиллиқ қавати яллиғланади, диарея ва қорин дамлиги пайдо бўлади, озуқа моддаларининг сўрилиши бузилади.
9.    Шегрен синдроми. Бунда иммун тизими сўлак ва кўз ёши безларига ҳужум қилади, шунинг учун оғиз ва кўзларда қуруқшашлик пайдо бўлади. Баъзида Т-лимфоцитлар бўғимларга, овқат ҳазм қилиш тизимига ва нервларга хам таъсир қилади.
10.    Ярали колит. Йўғон ичак тўқималарида жуда кўп иммун ҳужайралари тўпланади ва антитаначаларни ажратиб чиқаради. Натижада ичак шиллиқ қавати яллиғланади, яралар пайдо бўлади.
11.    Гломерулонефрит. Бунда буйракларнинг томирлари шикастланади. Бу нейтрофилларларга қарши антитаначаларнинг ишлаб чиқарилиши натижасида уларнинг халок бўлиши ва буйрак учун хавфли бўлган ферментларнинг ажралиши билан изохланади. Натижада, буйрак коптокчаларининг одатдагидек сийдик ишлаб чиқариши бузилади, сийдикда оқсил кўпайиб кетади, беморда шиш пайдо бўлиб, қонида токсик моддалар тўпланади.


Аутоиммун касалликларнинг қандай белгилари бор?
Уларнинг белгилари жуда хилма-хил бўлиб, ўзига касаллик тури ва унинг оғирлик даражасига боғлиқ. Мисол учун, қандли диабетда одам доимо чанқайди, тез-тез ҳожатхонага боради ва вазн йўқотади. Тизимли қизил волчанкада терида тошма пайдо бўлади ва псориаз касаллигида эса терида қизил ва кепакланувчи доғлар ривожланади.

Аутоиммун касаллик билан қандай яшаш керак?

Бу касалликлар сурункали бўлиб, улардан қутулиш мумкин эмас. Аммо шифокорлар симптомларни енгиллаштирадиган ёки касаллик қайталаниши хавфини камайтириши учун даво чораларини белгилаб беради. Одатда, беморлар умр бўйи дори-дармонларни қабул қилиши керак. Кўпинча бу препаратлар кортикостероидлар гуруҳидаги гормонлар, иммуносупрессантлар ва диабет учун инсулин инъекциялари хисобланади.


Аутоиммун касалликларнинг кучайишини олдини олиш учун шифокорлар қуйидаги қоидаларга риоя қилишни тавсия қиладилар:
1.    Овқатланиш режимига риоя қилинг. Кўп миқдорда холестерин, транс ёғлари, тўйинган ёғлар тутувчи озиқ-овқатларни чеклашингиз керак. Бундан ташқари, тузни камроқ истеъмол қилинг. Овқат рационига кўпроқ сабзавот ва мевалар, сут ва дон маҳсулотлари, ёғсиз гўштни киритинг.
2.    Мунтазам равишда спорт билан шуғулланинг. Ўртача жисмоний фаоллик мушаклар ва бўғимларнинг оғриғини камайтиради.
3.    Етарлича дам олинг. Кунига камида 7-9 соат ухлаш керак.
4.    Стрессни назорат қилинг. Медитация, сокин мусиқа ва психолог билан машғулотлар ёрдам беради.

www.gepamed.uz