ЎТ ПУФАГИДА ТОШЛАР ҚАЙДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?

ЎТ ПУФАГИДА ТОШЛАР ҚАЙДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?

Ўт пуфагидаги тошлар нима?
Ўт пуфаги – бу жигарнинг остида жойлашган «қопсимон» аъзо хисобланади. Унинг вазифаси жигарда хосил бўладиган ўт суюқлигини ўзида тўплаб туриш, уни қўйилтириб сифатини ошириш (концентрлаш) ва киши овқат тановул қилган пайтида 12 бармоқли ичакка ўт суюқлигини ташлаб беришдан иборат. Ўт суюқлигини айнан шу концентрлаб бериш хусусиятини бузилиши ўт пуфагида турли тошлар хосил бўлишига сабаб бўлади.

Статистик маълумотларга қараганда ўт пуфаги тошлари хар еттинчи одамда (10–15% одамларда) кузатилади. Ўт пуфагидаги хосилалар – ультратовушли текширув (УТТ) да – эхопозитив киритмалар (холецистолитиаз) деб номланиб, уларнинг  ўлчамлари 1 мм дан 3-4 см гача ва ундан хам катта бўлиши мумкин. Замонавий ультратовушли ускуналари ёрдамида ўлчами хатто 1 мм ли эхопозитив киритмаларни аниқлаш имкони мавжуд.   
Тошлар нафақат ўлчами балки сони жихатидан хам турлича бўлади. Битта якка тошдан тортиб, кўплаб майда тошчаларгача учрайди. Айрим холларда кўпгина майда тошлар қумни эслатади. Аммо УТТ да «қум» термини қўлланилмайди. Айнан якка катта тошлардан кўра бир нечта майда ва ўртача тошлар беморларни кўпроқ безовта қилади. Ўт пуфагининг чиқиш қисмини тўсиб қолиш ёки умумий ўт йўлига тиқилиб қолиши эхтимоли майда ўлчамли тошларда юқори бўлади.     

Ўт пуфагидаги тошларни қандай аниқлаш мумкин?
Ўт пуфагида тош мавжудлигини қуйидаги клиник белгилар ёрдамида тахмин қилиш мумкин:
•    Овқат егандан кейин (айниқса ёғли овқатдан сўнг) ўнг қовурға ёйи остида ўтмас, хуружсимон оғриқларни пайдо бўлиши, оғриқнинг бир неча дақиқадан бир неча соатгача чўзилиши;
•    Кўнгил айниши хуружлари ва қусиш;
•    Қоринни дам бўлиши, зарда бўлиш, кекириш, ич ўтиши.
Шу каби шикоятлар Сизда кузатилса, гастроэнтеролог кўригига ёзилинг ва албатта қорин аъзоларини УТ (УЗИ) текширувдан ўтказинг.  

Қачон тез ёрдам чақириш керак?
Тезкор ёрдамга қуйидаги холларда мурожаат қилинади:
•    Қориндаги оғриқ шунчалик кучлики, уни чидаш учун ўзингизга қулай вазият топишнинг имкони йўқ бўлганда.
•    Тери ва шиллиқ қаватларнинг сарғайиши қўшилганда.
•    Оғриқ + тана харораратини ортиши ва жунжикиш кузатилганда.

Ўт тошлари нимаси билан хавфли?
Ўт йўлларининг тўсилиб қолиши натижасида бир қатор нохуш ва хатто ўлим билан якунланувчи асоратлар кузатилади.  Улар қуйидагилар:
•    Ўт пуфагини ўткир яллиғланиши – кучли оғриқ ва иситма билан кечиб, бемор тезкор тиббий ёрдамга мухтож бўлади.
•    Ўт йулларини тиқилиши, уларни инфекцияланиши ва шамоллаши (холангит) га сабаб бўлади.
•    Ошқозон ости бези йўлларини тўсилиши ва панкреатитга сабаб бўлади.
•    Ўт пуфаги саратони ривожланиши хавфи ўтида тоши бор беморларда кўп кузатилади.
•    Қоннинг инфекцияланиши.

Ўт пуфагида тош бўлганда қандай даволаниш керак?
Замонавий тиббиёт ўт тоши хеч қандай симптомларсиз кечганда даволаш шарт эмас деб хисоблайди. Аммо тошнинг холатини назорат қилиб туриш тавсия этилади. Қоринда кучли оғриқлар пайдо бўлганда ва у тобора кучайиб борса гастроэнтерологга учраш керак. Врач қўшимча текширувлар буюриб, керакли давони белгилаб беради.

Даволаш турлари бор йўғи икки хил бўлади:
1.Тошларни эритадиган препаратлар қабул қилиш.
Ўт пуфагидаги тошлар майда (1 см дан кичик) ва кам сонли бўлганда уларни эритиш хусусияти мавжуд препаратлари буюрилади. Аммо бу даволаш жараёни бир неча ойдан бир неча йилгача чўзилиши мумкин, шунингдек, бу даврда ўт тошларнини ўт йўлларига тиқилиш қолиш эхтимоли инкор этилмайди. Врачлар асосан холестеринли (УТТ да сийрак соя берувчи) тошлар аниқланса бу каби препаратларни тавсия этиб, уларнинг камчилик томони даволаш маълум муддатга тўхтатилганда, тошлар яна қайтадан қўшилиб каттайиши мумкин. Тошларни эритувчи препаратлар шунингдек, операциясига қарши кўрсатмаси (кекса ёшдаги ва ёндош касалликлари) мавжуд беморларга тавсия этилади.

2. Холецистэктомия
Ўт пуфагини олиб ташлаш операцияси холецистэктомия деб номланиб, у икки хил амалга оширилади: 1. Лапаротомия - ўнг қовурға ёйи остида ёки ўрта қорин чизиғи бўйлаб катта қилиб кесилади; 2. Эндоскопик лапароскопия – 3 та кичик кесиклар орқали махсус аппарат ёрдамида бажарилиб, косметик жихатидан қулай хисобланади.  
Ўт пуфагини олиб ташлашдан қўрқмаслик керак. Негаки ўт пуфаги унчалик хаётий мухим аъзо эмас. Унинг йўқлиги жигарни зўриқишига олиб келмайди. Аксинча, ўт пуфагида майда тошлар мавжуд бўлганда – айтиб ўтилганидек уларни холедохга тиқилиши ёки ошқозон ости безини зўриқиши натижасида, кейинчалик панкреатит (ва унинг асорати сифатида қандли диабет) ни ривожланишига мойиллик яратади. Ўт пуфаги бўлмаган такдирда хам, жигарда ўт суюқлиги ишлаб чиқариш жараёни давом этаверади ва у хеч қаерда тўпланмасдан доимий равишда 12 бармоқли ичакка тушиб туради.        

Ўт пуфагида тошлар қаердан пайдо бўлади?
Ўт пуфагида тош тўпланишига сабаб бўладиган омиллар қуйидагилар хисобланади:
•    Ўт суюқлигида холестерин миқдорини ортиб кетиши. Нормада жигардан ажралаётган ўт суюқлигида холестерин ва уни парчаловчи кимёвий бирикмалар бўлади. Айнан шу холестеринни эритувчи моддаларни етишмаслиги натижасида холестерин миқдори ортиб, кристал холида чўкмага тушади ва тош пайдо бўлишига замин яратади.
•    Ўт суюқлигида билирубин миқдорини ортиб кетиши. Билирубин – бу эритроцитларни парчаланиши натижасида хосил бўладиган ўт пигменти хисобланади. Айрим патологик холатлар (масалан, гепатит, цирроз, ўт йўллари инфекцияси, қон касалликлари) да билирубин ажралиши кўпайиб кетади ва тош хосил бўлишига олиб келади.
•    Ўт пуфагини тўлиқ бўшамаслиги натижасида. Бу холат ўт пуфагини шаклини ўзгариши (деформацияси) да ва қон босими паст юрадиган инсонларда ўтнинг етарлича қисқармасиги, ортиқча концентрланиши ва тош холида ўтириб қолишига сабаб бўлади.      
•    Жигарнинг хроник вирусли касалликлари. Гепатит В ва С вируси аниқланган беморларнинг ўртача 70 фоизида ўт пуфагида майда ва кўпгина тошларни учратиш мумкин. Бунинг патогенетик келиб чиқиши хали охиригача аниқланмаган.

Айтиб ўтилган сабаблардан ташқари ўт пуфагида тош хосил бўлишига бир қатор омиллар мойиллик яратади. Улар қуйидагилар:
•    аёллар;
•    40 ёш ва ундан юқори ёшди инсонлар;
•    Семизлик ва ортиқча вазн;
•    Кам харакат қилиш;
•    Хомиладорлар;
•    Қандли диабет, айрим қон касалликлари (лейкоз, ўроқ хужайрали анемия) мавжудлиги;
•    Ирсий мойиллик;
•    Бирданига ва кескин озган инсонлар;
•    Гормонал препаратлар ичадиган одамлар (масалан, эстроген, орал контроцептивлар);
•    Ёғли овқатни кўп истеъмол қилиш ва клетчаткани кам истеъмол қилиш.

Ўт пуфагида тошлар пайдо бўлмаслиги учун нима қилиш керак?
Ўтда тош тўпланмаслигини 100% олдини олишни имкони йўқ. Аммо хаёт тарзини ўзгартириш орқали бу жараённи камайтириш мумкин.

1. Овқатланиш навбатини қолдирманг. Мунтазам овқатланиш ўт суюқлигини бир меёрда оқиб туришини ва димланмаслигини  таъминлайди.   

2. Вазн ташламоқчи бўлсангиз, буни тўғри амалга оширинг. Тўғри озиш хафтасига 0,5-1 кг дан ортмаслиги керак?

3. Клетчаткага бой меваларни кўпроқ истеъмол қилинг. Рационингизда албатта қаттиқ мевалар, сабзавотлар ва нон бўлиши керак?

4. Соғлом тана вазнини ушлаб туринг. Пархез ва спорт билан шуғулланиш орқали вазн олмасликка харакат қилинг.

5. Кўпроқ харакатланинг. Кам харакат қилиш ўтда тош хосил бўлишига олиб келади. Шунинг учун имкон қадар сайр қилинг, спортзалга боринг ёки иш давомида чигалёзди машқларини бажаринг.

Www.gepamed.uz 



Ўт пуфагидаги тошлар нима?
Ўт пуфаги – бу жигарнинг остида жойлашган «қопсимон» аъзо хисобланади. Унинг вазифаси жигарда хосил бўладиган ўт суюқлигини ўзида тўплаб туриш, уни қўйилтириб сифатини ошириш (концентрлаш) ва киши овқат тановул қилга...">