ОҒИЗ НИМАГА ҚУРИЙДИ ВА УНИНГ ЙЎҚОТИШ УСУЛЛАРИ.

ОҒИЗ НИМАГА ҚУРИЙДИ ВА УНИНГ ЙЎҚОТИШ УСУЛЛАРИ.

Агар оддий чанқоқликдан ёки стрессдан оғзингиз қуримаётган бўлса, демак сизнинг соғлиғингизда муаммо бор.

Нима учун оғиз қуриши ёмон хисобланади?
Оғиз қуриши – тиббиётда КСЕРОСТОМИЯ деб аталиб, сўлак безлари фаолиятини бузилиши натижасида келиб чиқади. Сўлак суюқлигини асосий хусусияти -антибактериал бўлиб, оғиз бўшлиғини турли хил инфекциялардан химоялайди. Оғиз қуриганда эса зарарли микроорганизмлар фаоллиги ортиб бир қатор муаммолар келиб чиқади, яъни:
• Тилнинг ёноқнинг ички юзасига ёки танглайга ёпишиб қолганига ўхшаш ёқимсиз туйғу.
• Лабларнинг ёрилиб, оғиз ва лаблар бурчакларидаги яралар пайдо бўлиши.
• Оғиздан ёқимсиз хид келиши ва унинг тишларни ювганда хам ёрдам бермаслиги.
• Тилнинг қизариши ва таъсирланиши.
• Таъм билишни бузилиши.
• Ютиниш билан боғлиқ муаммолар.
• Овқат ҳазм қилишни қийинлашуви. Сўлак билан яхши ишлов берилмаган овқат қийин ўзлаштирилади.
• Ўткир респираторли инфекциялар ва ЛОР касалликлари хавфи ортиши.
• Овозни хириллаши ва бўғилиши.
• Тишлар билан боғлиқ муаммолар: кариес ва милкларни шамоллаши.

Оғиз қуриши сабаби нима?
Айримлар оғиз қуришини ёшга боғлашади, аммо бу нотўғри.  Унинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан:

1. Сизга сув етишмаяпти
Бу энг кенг тарқалган ҳолат. Агар оғзингиз қуриётган бўлса, эҳтимол сиз етарли миқдорда суюқлик қабул қилмагансиз. Ёки кўп миқдорда сув йўқотдингиз. Масалан: кучли спорт билан шуғулланишда, иссиқда юриш пайтида, ҳазм қилиш муаммолари - диарея ёки қусиш кузатилганда.

2. Сиз чекасиз
Тамаки тутуни шиллиқ пардаларни қуритади ва сўлак ишлаб чиқаришни камайтиради. Бу чекишни ташлашнинг яна бир сабаби.

3. Сизнинг бурнингиз битиб қолган
Шу сабабли сиз оғзингиздан нафас оласиз. Намликнинг етарли эмаслиги шароитида нафас олиш - шиллиқ қаватининг қуришига олиб келади.

4. Сиз тегишли дори-дармонларни қабул қиласиз

Ножўя таъсири сифатида оғзининг қуриши кўрсатилган дорилар рўйхати бирмунча. Бунга қуйидагилар киради:
• антигистаминлар;
• шишга қарши препаратлар;
• юқори қон босими ортган (гипертония) да ичиладиган бир қатор дорилар;
• диареяга қарши дорилар;
• миорелаксантлар;
• антидепрессантлар;
• Паркинсон ва бошқа асаб касалликларини даволаш учун ишлатиладиган баъзи дорилар.
Айтганча, шунинг учун оғиз қуриши ёшларга қараганда кекса ёшдаги одамлар орасида тез-тез учрайди. Негаки улар ҳар хил турдаги дори-дармонларни кўпроқ ичишади.

5. Сиз нур ёки кимёвий терапияни бошдан кечирмоқдасиз
Онкологик касалликларни даволаш билан боғлиқ муолажалар сўлак безларининг ишини бузади.

6. Сизда қандли диабет бор ёки энди  ривожланмоқда

Оғизнинг қуриши қандли диабетнинг асосий аломатидир. Шунингдек. у тез-тез сийиш билан бирга келади.

7. Сизда аутоиммун касаллик ривожланмоқда
Бу ревматоид артрит, қалқонсимон без касалликлари (хусусан, тиреотоксикоз), қизил волчанка ва бошқа касалликлар бўлиб, унда иммун тизими ўз танасининг соғлом ҳужайраларига ҳужум қила бошлайди.

8. Сиз кучли стрессни бошдан кечиряпсиз.
Одам асабийлашганда сўлак безлари тормозланади. Организм бунда «уриш» ёки «қочиш» муаммоларидан бирини танлаш билан банд бўлади. Шу сабабли стресс пайтида оғиз қурийди.


Оғиз қуриши мунтазам кузатилса нима қилиш керак

1. Сўлак безлари нормал ишлаётгнини текшириб кўринг.
Буни стоматолог кўригида аниқлаш мумкин. Агар сўлак безлари «дангаса» эканлиги аниқланса, шифокор уларни қайта тиклаш учун дорилар ёки даволаш усулларини (масалан, тил ва танглайни электр стимуляцияси) буюриши мумкин.

2. Фаолроқ чайнаш.
Овқатни қанчалик яхшилаб чайнасангиз, тегишли сўлак безлари шунча кўп шира ҳосил қилади. Албатта, янги сабзавот ва мевалар ва бошқа қаттиқ овқатлар каби соғлом нарсаларни чайнаш мақсадга мувофиқ. Аммо хеч бўлмаса оддий сақич хам бўлаверади.

3. Бурнингиз билан нафас олишга ҳаракат қилинг

Совуқ туфайли бурун битиб қолганда, бурун тўсиғи қийшайганда, бурун шиллиқ қавати полипларида нафас олиш қийин бўлади. Бу холатларда сиз улардан қутилишни тезлаштиришга ҳаракат қилишингиз керак. ЛОР врачига кўрининг.

4. Кўп суюқлик ичинг
Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти аёллар учун кунига 2,7 литр, эркакларга - 3,7 литр суюқлик истеъмол қилишни тавсия этади. Бу нафақат сув шаклида, балки шарбатлар, шўрвалар ва бошқалар шаклида ҳам бўлаверади. Агар сиз спорт билан шуғуллансангиз ёки жисмоний меҳнат қилсангиз, (айниқса иссиқ хавода) бу миқдорни янада ошириш мумкин.

5. Оғизни мунтазам равишда чайинг
Оддий сув хам бўлаверади. Стоматолог тавсия қиладиган махсус воситалар бўлса унданда яхши.

6. Чекишни ташлаш
Бу нафақат оғиз қуришига балки бутун организм учун фойдали. Хамёнга хам.  

7. Дори воситангизни алмаштиринг
Агар ичаётган дори препаратларининг ножўя таъсири сифатида оғиз қуриётган бўлса, врач билан маслахатлашиб, дорини алмаштиринг.

8. Камроқ асабийлашишга харакат қилинг
Асабни назорат қилишга ўрганинг. Бу нафақат сўлак ажралишига балки хаётингиз сифати учун хам фойдали хисобланади.

www.gepamed.uz