ТРОМБОЗ НИМА ВА ҚАНДАЙ УНИ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН?

ТРОМБОЗ НИМА ВА ҚАНДАЙ УНИ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН?

Тромбоз нима?
Тромбоз - бу тананинг бир ёки бир нечта томирларида қон қуйқаси (тромб) пайдо бўлиши. Улар кўпинча оёқ, сон чаноқ қон томирларида, баъзида тананинг бошқа қисмларидаги қон томирларда хам пайдо бўлади. Тромблар томирлардаги қон оқимини қисман ёки тўлиқ тўсиб қўяди, бу вақт ўтиши билан бир қатор касалликларга, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.
Агар тромб узилиб, қон оқимидан бўйлаб бориб, ўпка артериясига тиқилиб қолса, ўпка тромбоэмболияси (ТЭЛА) ривожланади ва бу кўпинча ўлим билан якунланади. Шунинг учун тромбоз аниқлангандан сўнг уни даволаш керак.
Оёқларда тромбоз туфайли посттромбофлебит синдроми ҳам ривожланиши мумкин. Бунда бемор оёғида қаттиқ шиш, зичлашиш, яллиғланиш ва кейинча яралар пайдо бўлиши кузатилади

Тромбоз ривожланиши хавфи кимда юқори?
Ҳаракатсиз турмуш тарзини олиб борадиган ҳар бир кишида тромбоз ривожланиши хавфи юқори бўлади.
Қуйида айтиб ўтиладиган омилларнинг бир нечтаси мавжуд бўлганда бу хавф янада ортади:
•  Суяклар синиши, мушакларнинг шикастланиши ёки жарроҳлик натижасида қон-томирларининг зарарланиши.
•  Кам харакат қилиш натижасида қон оқимини секинлашуви.
• Қонда эстроген миқдори ортиши. Масалан, хомиладорликка қарши таблеткалар ичиш, гормон терапияси ёки ҳомиладорлик туфайли.
• Муайян тиббий ҳолатлар: юрак ёки ўпка касалликлари, Крон касаллиги, ярали колит, саратон касаллиги ва уни даволаш даври.
•  Ирсий мойиллик: оилада кимдир тромбоз билан касалланган.
•  Ёши - одамнинг ёши қанча катта бўлса, тромбоз хавфи шунчалик юқори бўлади.
•  Семизлик. Ортиқча вазн чаноқ аъзолари веналарида ва оёқ томирларида қон босимини оширади.
•  Қон ивишини бузилиши билан кечувчи ирсий касалликлар.
• Чекиш. Бу қон айланишига ёмон таъсир қилади.
Тромбоз хавфи у билан илгари оғриган беморларда сақланиб қолади. У яна қайталаниши мумкин.

Сизда тромбоз борлигини қандай билиш мумкин?
Кўпинча, одамлар қон-томирларида тромблар пайдо бўлганини билишмайди. Аммо баъзида қон томирларининг тромб натижасида тиқилиб қолишини ташқи белгилар билан аниқланиши мумкин.
Қуйида энг кенг тарқалган аломатлар келтирилади:
•  шиш;
•  зарарланган сохада кучли оғриқ;
•  тромб ҳосил бўлган жойда терини қизариши ва қизиши;
•  томирларнинг терида одатдагидан кўра яққолроқ кўриниши;
•  агар бу оёқ томирлари тромбози бўлса, унда тиззани букаётганда оғриқ кучайиши.


Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?
Агар юқоридаги келтирилган аломатлар пайдо бўлса, иложи борича тезроқ шифокорингизга мурожаат қилинг. Агар даволовчи врачингиз тромбозга шубҳа қилса, у сизни флеболог ёки қон томир жарроҳига юборади.
Агар айтилган симптомлардан ташқари, нафас қисилиши, кўкрак қафасидаги оғриқ ёки безовталик, йўтал, кўп терлаш, бош айланиши ёки ҳушидан кетиш кузатилса ёки лабларингиз ва тирноқларингиз кўкарса, тез ёрдам чақиринг. Бу ўпка эмболияси белгиларидир.

Тромбозни қандай даволаш мумкин?   
Ташхис қўйиш учун шифокор сизни текширади, қон тахлилига, МРТга, компьютер томографиясига ёки флебографияга, шунингдек томирларни ультратовуш текширувига юборади. Бу тромбларни аниқлашга ва улар ҳаракат қиладими ёки йўқми аниклашга ёрдам беради.
Шундан кейин шифокор қонни суюлтирувчи воситаларни буюради. Бундан қўшимча компрессион пайпоқ кийишингиз керак бўлиши мумкин. Улар томирлар ичидаги босимни пасайтиради ва шиш пайдо бўлишининг олдини олишга ёрдам беради.
Баъзи ҳолларда томирга тромблар ҳаракатини тўсиш учун махсус фильтр ҳам қўйилиши мумкин. Ва айниқса қийин вазиятларда тромбни олиб ташлаш – тромбэктомия ташрихи бажарилади.

 Агар сизда тромбоз кузатилса, уй шароитида нима қилиш керак?
Шифокор буюрган дори-дармонларни қабул қилишдан ташқари, сиз турмуш тарзингизни ўзгартиришингиз керак. Бу сизнинг танангизга касалликни енгишга ёрдам беради. Бунинг учун:
• Кўпроқ ҳаракатланинг. Юриш зарарланган томирларда қон айланишини яхшилайди. Бу бошқа тромблар пайдо бўлиш хавфини камайтиради.
• Ётганингизда оғриётган оёғингизни баландроқ тутинг. Бу болдир томирларида веноз босимни пасайтиради ва қон оқимини яхшилайди. Агар сиз диванда ётган бўлсангиз, оёғингиз остига ёстиқча қўйинг. Кресло ёки стулда ўтирган бўлсангиз оёғингиз остига бирон бир кўтариб турувчи мосламани қўйиб олинг.
• Тўғри овқатланинг. Организмни зарур витаминлар ва минераллар билан таъминлаш учун кўпроқ мева, сабзавот ва донли донларни истеъмол қилинг. Витамин К ни кўп тутувчи озиқ-овқатларни ортиқча истеъмол қилманг: у дори дармонларни қонни суюлтиришига халақит беради. Рационни шифокор тайинлаши керак. Масалан, жигар, исмалоқ, брокколи ва бошқа турдаги карам, пиёз каби махсулотлар енг.
• Агар бирон бир витамин биоқўшимчасини истеъмол қилмоқчи бўлсангиз, шифокорингиз билан маслахатлашинг. Улар сиз қабул қилаётган дорилар билан мос келмаслиги мумкин.

Тромбозни қандай олдини олиш мумкин?
Профилактик чоралар унчалик кўп эмас. Узоқ вақт давомида битта ҳолатда ўтирмасликка ҳаракат қилинг, кўпроқ юринг, ҳеч бўлмаганда енгил жисмоний машқларни бажаринг.
Агар сиз узоқ вақт ўтирган бўлсангиз ва чигал ёзди машқларини бажаришни имконияти бўлмаса (масалан, машинада саёҳат пайтида), оёқларингиз билан оддий ҳаракатлар қилинг - товонингизни кўтаринг ва туширинг.
Шунингдек, мутахассислар ортиқча вазнли одамларга озишни, чекувчилар эса ёмон одатдан воз кечишни тавсия қиладилар.

www.gepamed.uz