ОДАМ ПАПИЛЛОМА ВИРУСИ НИМА ВА У НИМАСИ БИЛАН ХАВФЛИ?

ОДАМ ПАПИЛЛОМА ВИРУСИ НИМА ВА У НИМАСИ БИЛАН ХАВФЛИ?

Кўпинча одам папиллома вируси ўзини намоён қилмайди, лекин у охир-оқибат саратон касаллигига олиб келиши мумкин. Бу вирус ҳақидаги асосий саволларга жавоб берамиз.

Бу қандай вирус?
Аслида, одам папиллома вируси тери ва шиллиқ қаватларга таъсир қиладиган вирусларнинг бир гуруҳидир. Улар тери орқали контактда бўлиш орқали ва асосан жинсий алоқа пайтида юқади. Жинсий йул оркали юқиш 80% холатда кузатилиб, юқтириб олган одамда хам клиник белгилар кузатилмасдан туриб маълум вақт давомида бошқаларга юқтириб юриши мумкин.

Саратоннинг бунга нима алоқаси бор?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда одам папилломаси вирусининг 200 дан ортиқ тури маълум. Улардан баъзилари инсон танасида йил давомида мудраб ётиши мумкин. Айримлари эса тери ўсмалари билан ўзларини намоён қилади. Масалан, жинсий аъоларда кузатиладиган папиллома ва кондилома (гулкарамни эслатувчи ўсмалар) вируснинг 6-чи ва 11-чи типи томонидан чақирилади. Одам папилломаси вирусининг 14 та тури онкоген хисобланиб, саратон келтириб чиқариши мумкин. Бу борада папиллома вирусининг 16-чи ва 18-чи типлари аёлларда 70% холатда бачадон бўйинчаси саратонини чақириши билан хавфли хисобланади. Ривожланаётган мамлакатларда, 2018 йилда папиллома вируси келтириб чикарган бачадон саратони холати 570000 аёлда аниқланган бўлса, улардан 311000 таси ушбу касалликдан вафот этган. Эркаклар хам хавф гурухига кириб, вируснинг юқори онкоген типлари бурун-халқум, жинсий аъзолар ва орқа пешоб саратонини келтириб чиқариши мумкин.


Барьер контрацепция усуллари папиллома вирусидан химоялай оладими?
Презервативдан фойдаланиш инфекция хавфини сезиларли камайтирсада 100 фоиз химоялай олмайди. Бу эса презервативдан воз кечиш керак дегани эмас. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тўсиқли контрацептивлардан  фойдаланиш зарур деб хисоблайди. Биринчидан улар маълум фоизга папиллома вирусидан химояласа, иккинчидан захм, гонорея ёки хламидий каби бошқа жинсий йўл билан юқадиган инфекцияларни хам олдини олади.

Вирус борлигини қандай аниқлаш мумкин?

Одам папиллома вируси ташувчиси бўлиши ва буни билмаслиги мумкин. Хамма нарса қайси вирусни юқтириб олганлигига боғлиқ. Масалан, вируснинг 6-чи ва 11-чи типлари билан зарарланганда фақат тери ва шиллиқ қаватларда бирданига ўсмасимон хосилалар пайдо бўлиб, дерматолог, уролог ёки гинекологга боришни талаб этади. Вируснинг хавфли турлари билан касалланганини эса одам ўзида саратон олди белгилари кузатилганда сезади. Бу ўзгаришларни қанчалик тез аникланса, даво чораларини шунчалик муваффақиятли кечиши таъминланади. Масалан, бачадон бўйни саратонида касалликни аниқлаш ва саратон олди ўзгаришларига қарши курашиш мунтазам равишда ВПЧ-тестлаш ёрдамида амалга оширилиши мумкин. 30 ёшдан ўтган барча аёлларга ушбу тестдан ўтиш тавсия этилади. ЖССТ ушбу тестларни бачадон бўйнидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни даволаш учун энг аниқ ва ишончли усули деб хисоблайди.


Одам папилломаси вируси қандай даволанади?
Папиллома вирусига қарши самарали даво воситаси халигача топилмаган. Даво терапияси асосан зарарланишнинг асоратларини олдини олишга қаратилади. Агар Сизни папиллома вируси зарарлаган бўлса врач тегишли даво чорасини белгилайди ва одатда ўсмаларни физик йўқотиш билан чегараланади. Текширув вақтида бачадон бўйинчасида хавфли ўзгаришлар аниқланса шу зарарланган сохани олиб ташланиб, касаллик кейинча ривожланиши мумкинлигини назорат қилинади. Айрим холларда инфекция бир-икки йилда изсиз йўқолади. Аммо бу бепарво қолиш учун сабаб бўлмайди. Негаки айрим тадқиқотлар хатто нормал иммун тизимига эга аёлларда зарарлангандан кейин 15-20 йил ўтгач хам, бачадон бўйни саратони ривожланганини кўрсатади.
 
Вирусдан ҳимояланишни бирон-бир йўли борми?
Ўз вақтида эмлаш одам папилломаси вирусини олдини олишнинг ишончли усулларидан бири ҳисобланади. Одатда эмлаш ўсмир қизларда жинсий ҳаёт бошланишидан олдин олиб борилади. ЖССТ тавсияси буйича папиллома вирусига қарши эмлаш 9 ёшдан 14 ёшгача мактаб ва поликлиникаларда бепул амалга оширилиши керак. 14 ёшдан кейинги эмлашлар икки дозада 6 ой оралатиб олиб борилади. Умуман олганда аёлларда 45 ёшгача, эркакларда 26 ёшгача эмлаш масаласини ёпиш керак. Вирусдан химояланишнинг бошқа усуллари - чекишни ташлаш ва хавфсиз жинсий хаёт кечириш хисобланади.
 
Вакцина фарзанд кўриш қобилиятига таъсир қилмайдими?
Олимларни таъкидлашича эмлаш инсон репродуктив тизими учун хавфли эмас. Шунингдек, вакцинанинг аутоиммун касалликларни чақириш эҳтимоли ҳам йўқ.


www.gepamed.uz