СОЧЛАР НИМАГА ОҚАРАДИ?

СОЧЛАР НИМАГА ОҚАРАДИ?

Ёш ўтган сайин инсонларнинг сочлари аввал кул рангига киради, кейин оқара бошлайди. Бу жараён сочларни оқариши деб аталади. Сочларнинг кул рангига кириши оптик алдов хисобланиб, оқарган пигментсиз соч толаларининг қора соч толалари орасида аралаш ўсиши хисобига кузатилади.

Инсоннинг сочлари ва териси махсус хужайралар – меланоцитлар томонидан синтезланувчи моддалар – меланин билан бўялган бўлади. Инсон қариган сари соч фолликулаларидаги меланоцитлар парчаланади ва ўсаётган сочлардаги кератин камроқ пигмент олади. Шу сабабли сочлар кул ранг тусга киради. Аста-секин хужайралар фаолияти бутунлай тўхтаб, сочлар умуман пигмент олмай қўяди ва оқаради. Ёш ўтган сайин терининг хам офтобда пигментланиш хусусияти йўқолади. Аммо бу жараён камроқ ифодаланади.   

Меланоцитларнинг йўқолиши ёшга хос ўзгаришлардан ташқари инсоннинг ирсий мойиллиги, овқатланишдаги ўзгаришлар, В12 витамини етишмовчилиги, бир қатор касалликлар, зарарли одатлар, чарчаш, шунингдек, стресс холатлари таъсирида хам ривожланади. Шунинг учун соч оқаришини ўрта ёшдаги инсонларда (хатто 25 ёшгача хам) хам кузатиш мумкин. Агар бу овқатланиш рациони ва кундалик режимни бузилиши, ёки касаллик таъсирида ривожланса соч оқариши қайтар жараён хисобланади.      

www.gepamed.uz