МЕНИНГИТ ХАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ.

МЕНИНГИТ ХАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ.

МЕНИНГИТ– бош ва орқа мия пардаларини яллиғланиши билан кечувчи касаллик хисобланиб, у мустақил ривожланиши хам мумкин, бошқа касалликнинг асорати сифатида намоён бўлиши хам мумкин.

Менингитнинг энг кўп учрайдиган белгилари: бош оғриши, бўйинни тортишиши (ригидлиги) ва иситма, онгни бузилиши ва товушга ёки ёруғликка сезгирликни ортиши хисобланади. Айрим пайтларда, айниқса болаларда уйқучанлик ва тез таъсирланувчанлик ривожланиши мумкин.
 
Менингитни диагностикаси мақсадида люмбал пункция қилинади. Бунинг учун умуртқа поғонасининг орқа мия каналидан шприц ёрдамида орқа мия суюқлиги олиниб, қўзғатувчи мавжудлигига текширилади. Менингитни даволаш антибиотиклар, вирусга ва замбуруғга қарши препаратлар ёрдамида амалга оширилиб, айрим пайтларда асоратларни олдини олиш ва кучли яллиғланишларда стероид препаратлари қўлланилади.   

Эпидемиологияси
Менингит асосан менингококк инфекцияси томонидан чақирилиб, кам холларда пневмококк, гемофил таёқча, стафилококк, стрептокок, сальмонелла, клебсиелла ва кўк йиринг таёқча табиатли турлари кузатилади.
Менингококк инфекцияси манбаси фақат зарарланган инсон хисобланади. Юқиш йўли хаво-томчи усулида. Касаллик қиш-бахор фаслида айниқса кўп учрайди.
 
Менингококкли менингит
Менингококк билан зарарланган беморларнинг аксариятида клиник белгилар кузатилмайди. 1/10 та одамда назофарингит симптомлари кузатилса, 100-20 000 та бактерия ташувчилардан биттасидагина менингитнинг генераллашган шакли ривожланади. Қўзғатувчи организмда қон орқали тарқалади.
Бактериемия натижасида организм захарланиб, токсемия ривожланади. Бу ўз навбатида токсик-аллергик реакциялар, қон томирларни зарарланиши ва ўз навбатида: бош мия, буйраклар, буйрак усти бези, шунингдек, жигарни зарарланишига олиб келади. Қон томирлар тонусини пасайиб, миокард қисқарувчанлиги камаяди, геморрагик тошмалар кузатилади.   

Клиник куриниши

Менингококкли менингит бирданига бошланиб, тана хароратини кескин ортиши, кўп марталик қайт қилиш, бош ичи босимини ортиши хисобига бош оғриши кузатилади. Бемор характерли холатни олади: энса мускуллари тарангашади, боши орқага ташланади, қорни тортилиб, оёқлари букилиб, қорнига йиғиштирилади.
Бир қатор беморларда касалликнинг биринчи куниданоқ полиморф эритематоз (қизил) тошмалар тошиб, 1-2 соатдаёк йўқолиб кетади.
Касалликнинг оғир-енгил кечишига қараб, онгни хиралашуви, йўқолиши, оёқ-қўллар талвасалари ва оғир холатларда кома, кўз ва юз мускуллари параличи ривожланади.  Касаллик енгил кечганда иситма тушиб, беморнинг иштахаси очилади ва тузалади. Касаллик ўртача 2-6 хафта давом этади.
Менингококкли инфекцияда тери қон томирларида яллиғланиш ва тромбоз хисобига тери некрози кузатилади. Кейинча некрозли тери ва тери ости ёғ тўқимаси кўчиб, чуқур (келоид) чандиқлар қолади.
Ғилайлик - кўз олмалари мускулларини зарарланиши хисобига ва яллиғланишнинг ички қулокқа ўтганда - эшитишни бузилиши (карлик) кузатилади.

Даволаш
Этиотроп терапия – касалликни келтириб чиқарувчи агентга қарши курашдан иборат. Врач нима қилиши мумкин:
- Касалхонага ётқизади;
- Орқа миясини пункция қилади;
- Керакли антибиотикларни буюради.
Менингитни ўз вақтида даволамаслик жиддий асоратларга: карлик, эпилепсия, гидроцефалия ва болаларда ақлий заифликка олиб келиши, айрим пайтларгача ўлим холатлари хам учраши мумкин.

Профилактика.
Менигитнинг айрим шаклларини (менингококкли, гемофил таёқчали, пневмококли, паротит вирусли) эмлашлар орқали олдини олиш мумкин. Вакцинация 80% холларда эффектив бўлиб, 3 йилгача таъсир этади. Эмлаш 18 ойгача болаларни химоялай олмайди.

© Www.gepamed.uz