АНГИНАНИ ОЛДИРИШ ШАРТМИ?

АНГИНАНИ ОЛДИРИШ ШАРТМИ?

Бодомсимон безлар нима?
Бодомсимон безлар – бу оғизнинг орқа қисмидаги иммун тизими хужайралари гурухини тутувчи ўсимталар хисобланади.
Бодомсимон безларнинг анатомик тўғри номи – танглай безлари (миндалиналари) хисобланади.


Бодомсимон безлар нимага керак?
Танглай безлари – бутун организмда мавжуд лимфоид тизимнинг кичик бир қисми бўлиб, у каби безлар буруннинг орқа қисмида, тилнинг орқа қисмида ва ингичка ичакда хам бор. Танглай безлари инфекцияга қарши курашганига қарамасдан бу борада мухим роль ўйнамайди. Яъни уларни олиб ташлагандан кейин хам организмнинг иммун тизими нормал фаолият кўрсатаверади.


Кимларда бодомсимон безларни олиш керак?
Танглай безларини яллиғланиши ангина ёки тонзиллит деб аталади. Номаълум сабабларга кўра айрим инсонлар ангина билан ўта кўп касалланади. Тонзилэктомия – ангинани олиб ташлаш ташрихи ангина билан оғриш частотаси ва оғирлигини камайтиради. Бу ташрих мураккаб, қиммат ва ёқимсиз бўлгани учун уни бир қатор кўрсатмаларга кўра бажарилади, яъни:  
1.    Ангинанинг тез-тез қайталаниши натижасида беморда бўйинтуруқ венаси тромбози, сепсис ва паратонзилляр абсцесс каби жиддий асоратлар кузатилганда;
2.    Ангина доимо бодомсимон безларнинг кучли йиринглаши, томоқдаги кучли оғриқ, юқори иситма билан кечганда ва бунда беморда антибиотикларга аллергик реакциялари мавжуд бўлганда;
3.    Болада PFAPA синдроми кузатилганда, яъни: ангина хар 3-6 хафтада қайталанганда, кучли иситма, бўйин лимфа тугунларини катталашуви ва афтоз стоматитда.
4.    Бемор ангинаси йилига 7 мартадан кўп қайтарилганда, шунингдек, хар бир эпизод, 38 °С дан юқори харорат, бўйин лимфа тугунлари катталашуви ва оғриқлилиги, танглай безларини йиринглаши ва БГСА-инфекциясига тахлили мусбат бўлиши каби симптомларнинг биронтаси кузатилганда;
5.    Болада психоневрологик бузилишлар ривожланиши хавфи пайдо бўлганда;
6.    Танглай безларини катталашуви натижасида боланинг нафас олиши қийинлашганда;
7.    Беморда тонзиллолитлар – танглай безларини йиринглаши натижасида бадбўй хид таратганда.  


Қачон бодомсимон безларни олиш шарт эмас?
Бодомсимон безларни олиб ташлаш жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Ундан ташқари 20-50% беморларда ангина вақти келиб безовта қилмай қўяди. Шу сабабли қуйидаги холларда ангинани олиб ташлаш кечиктирилади:
1.    Сўнгги йилларда болада 7 мартадан кам қўзигагда;
2.    Сўнгги икки йилда ангина 5 мартадан кам қайталанганда;
3.    Сўнгги уч йилда беморда ангина йилига 3 мартадан кам қайталанганда.

Бодомсимон безларни олмасликнинг иложиси борми?
Агар асосий муаммо тез-тез қайталанувчи ва оғир кечувчи ангина бўлса – энг яхши қарор ташрих хисобланади. Симтоматик даво ва антибиотикотерапия ангинанинг айрим зўриқиш даврларини назорат қилсада, йирингли жараённи тўлиқ бартараф эта олмайди. Халқ табобатидан: асал, прополис ва оғизни чайқаш каби муолажалар эса умуман мантиққа тўғри келмайди.  

Операция қандай кечади?
Ташрих ўтказиш учун 1-3 кун касалхонада ётилади. Ташрихдан олдинги давр 1-1,5 соатни, ташрих муолажаси эса 10-15 дақиқани ташкил этади. Ташрих ёш болаларда умумий наркоз остида, катталарда эса махаллий оғриқсизлантириш йўли билан амалга оширилади. Беморларга ташрихнинг кейинги куни уйига жавоб берилсада энг ёқимсиз давр ташрихдан кейинги 7-10 кунлар хисобланади. Бу даврда томоқдаги кучли оғриқлар безовта қилиб, тегишли оғриқсизлантирувчилар олиш ва музқаймоқ ейиш ёрдам беради. Ундан ташқари беморлар кунига 1 литрдан кам суюқлик истеъмол қилмаслиги керак. Бу даврда ейиладиган овқатнинг хам сифати мухим ахамиятга эга: таом юмшоқ, имкон қадар совуқ ёки бироз илиқ бўлиши керак.    


Қандай асоратлар бўлиши мумкин?
Ангинани олдириш нисбатан хавфсиз ташрих хисоблансада, Англиялияда ўтказилган текширишлар натижасига кўра хар 34000 чи ташрих ўлим билан якунланар экан. Ташрихдан кейинги кучли қон кетиш 100 та бемордан 1-5 тасида, бошқа асоратлар (жумладан, остки жағ синиши, кучли куйиш, тишларни зарарланиши) янада камроқ кузатилади. Тушунарсиз сабабларга кўра айрим беморларни ташрихдан кейин бўйин сохосидаги оғриқлар безовта қилади. Ташрихдан кейинги 24 соатдан кейин кучли қон кетиш хавфи кескин камаяди.


© www.gepamed.uz