ЭПИЛЕПСИЯ ВА ИСТЕРИЯНИ ФАРҚИ НИМАДА?

ЭПИЛЕПСИЯ ВА ИСТЕРИЯНИ ФАРҚИ НИМАДА?

Эпилепсия – бу кенг тарқалган психоневрологик касаллик бўлиб, хроник ва латент кечади. Касаллик учун эпилептик хуружларнинг бирданига бошланиши хос бўлиб, бош миянинг айрим қисмларида кўплаб қўзғалиш ўчоқларини пайдо бўлиши натижасида ривожланади.

Клиник жихатидан эпилепсия хуружлари боланинг сезги, харакат, фикр юритиш ва вегетатив фаолиятларини бузилиши билан намоён бўлади. Эпилептик хуружларнинг кетма-кет такрорланиши эпилептик статус деб аталади. Бу хуружлар орасида бемор онги тикланмайди. Бир қатор холатларда ўлим билан тугаши мумкин. Шу сабабли эпилептик статус иложи борича эртароқ даволаниши лозим. Кўпинча эпилептик статус эпилепсия касаллиги бўйича дори воситаларини ичиб юрувчиларда маълум муддатга дориларни ичмай қўйганда кузатилади.

Эпилептик статус илк марта метаболик бузилишларда, онкологик касалликларда, абстинент синдромида, бош мия травмаларида, ўткир ош мия қон айланиши бузиишларида ёки инфекцион касалликларида ривожланади.
 
Эпилептик статус асоратлари қуйидагилар: Нафас бузилишлари (нафас тўхташи, нейроген характердаги ўпка шиши, аспирацион пневмония); Юрак-қон томир бузилишлари (артериал гипертензия, аритмиялар, юрак фаолияти тўхташи); Гипертермия; Қусиш; Метаболик бузилишлар.

Эпилепсия касаллигида хуружлар икки хил усулда хосил бўлади:
1.    Учоқли хуружлар – электрик разряд бош мия пўстлоғининг маълум бир қисмида хосил бўлиб, хуружлар тананинг айрим бир қисмини (юз, қўл, оёқлар) уюшиши билан кечади. Шунингдек ўчокли хуружлар қисқа вақтли кўрув, эшитув, хид билиш ва таъм билиш галлюцинациялари кўринишида ўтиб кетиши мумкин.
2.    Умумий (генерал) хуружларда разряд бирданига хар иккала ярим шарларда пайдо бўлади. Генерал хуружларнинг талвасали ва талвасасиз турлари фарқланали.

Талвасали генерал хуружлар – атрофдагилар учун кўрқинчлироқ хисобланиб, хуруж боши (тоник фаза) да барча мускулларнинг зўриқиши, нафас олишнинг қисқа муддатли тўхташи, кучли чинқириқ, тилининг тишлаб олиши кузатилади. 10-20 сония ўтгач (клоник фазада) мускулларнинг аста-секин бўшашиши кузатилади. Клоник фаза ноихтиёрий равишда сийдик тута олмаслик билан якунланади. Бу талвасалар одатда 2-5 дақиқа давом этиб, хуруждан кейинги даврда уйқучанлик, онгни бузилиши, бош оғриши ва ухлаб қолиш кузатилади.
Талвасасиз генерал хуружлар – абсанслар деб аталиб, асосан чақалоқ ва ёш болаларда учрайди. Бунда болаларнинг бирданига қотиб қолиши, битта нуқтага узоқ тикилиб қолиши, кўз, қовоқларини титраши, бошини орқага ташлаши, қилаётган машғулотини тўхтаб қолиши, ўйнаётган ўйинчоғини қўлдан тушириб юбориши  кузатилади. Бундай хуружлар давомийлиги 1-5 сония бўлиб, кўп холларда эътиборсиз қолинади.
     
Эпилепсия касаллиги ва талваса синдромини фарқлаш лозим. Эпилепсия бу мустақил хроник неврологик касаллик бўлса, талваса синдроми турли касалликларнинг белгиси сифатида организм мускулларини тоник ва клоник қисқариши хуружлари хисобланади. Талваса синдроми ташқи омил (масалан иситма кўтарилиши) хисобига ривожланади.

Эпилепсия касаллиги билан истерик (асабий) тутқаноқни адаштирмаслик керак. Истерияда талвасалар асосан бирор-бир эмоционал зўриқиш, асабийлик ёки қўрқиб кетиш холатларидан кейин пайдо бўлади. Истерик талвасалар ривожланиши учун албатта «аудитория», яъни «беморнинг» ёнида кимдир (қариндошлари, танишлари) бўлиши шарт. Истерик талвасаларда одам йиқилса хам ўзига шикаст етказмасликка харакат қилади, унинг онги сақланади. Истерик талвасалар 15-20 дақиқагача, айрим вақтларда бир неча соатгача чўзилади. Бундай беморларда ўзларига келгач (эпилепсия хуружи каби) уйқучанлик ва карлик холати кузатилмайди.  
 
Кўплаб тарихий шахслар хам эпилепсия касаллиги билан оғриганлиги хақида маълумотлар бор. Масалан: Александр Македонский, Юлий Цезарь, Наполенон, Байрон, Достоевский, Нобель.  

© https://t.me/gepamed_ultra